Россияликлар муҳожирларни ёқтиришмайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria Novosti

Россияда турли давлатлардан келган муҳожирлар бир неча йиллар давомида меҳнат қилишаётганига қарамай , маҳаллий аҳоли вакилларининг уларга кўника олишмаётгани, "келгиндилар" ҳақидаги тушунчалари ижобий томонга ўзгармаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

" Риа новости"нинг хабарига кўра, "Жамоатчилик фикри" фонди "Левада центр" билан ҳамкорликда ўтказган сўровларда иштирок этган россияликларнинг 75 фоизи ўз шаҳар ва қишлоқларида чет эл фуқороларининг истиқомат қилишаётганидан ташвишланишларини билдиришган.

Уларнинг аксарияти ўзлари яшаётган минтақаларда бегона миллат вакиллари билан турли хил келишмовчиликлар юзага келиб туриши ҳақида маълум қилишган, ҳамда муҳожирларга нисбатан чекловлар қўйилиши шарт дея фикр билдиришган.

Ишсизлик ва муҳтожлик сабабидан Россияга йўл олаётган муҳожирлар, шу жумладан марказий осиёликларнинг турли хил қийинчиликларга дуч келишаётгани, ўз ҳуқуқларининг етарли даражада ҳимоя қилинмаслиги оқибатида аянчли ҳолатларга тушиб қолишаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез кўзга ташланади.

Россияда инсон ҳуқуқларининг топталиши ҳолатлари ҳамда ирқчилик ва ксенофобия муаммоларини ўрганадиган "Сова" ахборот-таҳлилий марказининг 2016 йил июл ойидаги хулосаларига кўра, жорий йил бошидан буён Россиянинг турли минтақаларида ксенофоблар ҳужуми оқибатида 32 нафар фуқоролар тан жароҳати олишган ва 1 киши ҳалок бўлган.

"Тожик меҳнат муҳожирлари" ҳаракатининг фаоллари эса, Россияда ксенофоблар ва радикал миллатчилар ҳужумидан ҳар йили 20-30 нафар тожикистонлик муҳожирлар вафот этишлари тўғрисида маълумот беришган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари кўп ҳолларда жабрдийда муҳожирларнинг ўзларини айбдор деб топишади.

Ижтимоий тармоқларда ҳам муҳожирларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани, кўп ҳолларда айнан марказий осиёлик мардикорларнинг радикал қарашли кишилар томонидан жабрланаётгани тўғрисида баҳслар юритилади.

Баҳсларда иштирок этаётган кишиларнинг аксарияти эса бундай ҳолатларга муҳожирларнинг ўзлари сабабчи бўлишаётгани, улар ўзларининг ножўя ҳатти-ҳаракатлари билан маҳаллий аҳолининг нафратини қўзғатишаётгани ҳақида фикр билдиришади. Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёлик муҳожирларнинг айримлари билан ҳам айни мавзуда суҳбатлашдик.

2003 йилдан буён Санкт-Петербург ва Якутск каби шаҳарларда муҳожирликда бўлган ўзбекистонлик Аброр аканинг айтишича, содир бўлаётган нохуш воқеаларда дарҳақиқат муҳожирларнинг ҳам айби бор.

" Ўзимизникилар, айниқса ёшлар орасида бегона юртда ўзини қандай тутишни билмайдиганлари кўп. Мусофир итнинг думи қисиқ дейдилар. Ён-атрофига бундоқ қараб, русларга қайси ҳаракатим ёқади, қайси бири ёқмайди деб ўйлашса бўларди. Ахир ўз қишлоғингда юрганинг йўқ. Мен Питерда ишлаган пайтларим, кўп ёш-яланглар кечалари маст-аласт кўчада юргани учун калтак ейишгани, мелисага тушиб, жарима тўлаб базўр қутулиб чиқишганига гувоҳ бўлганман. Бир-икки марта панд еб ҳам тавба қилмайдиганлари, топган пулини сауна ва барларда йўқ қиладиганлари ҳам бор.

Кейин кўчада озода кийиниб, уёқ-буёғига қараб юришни билишмайди кўплар. Ўсиб кетган соч-соқоллари, кир кийим-бошлари билан автобусларга чиқишади. Албатта, кўрганлар улардан ҳазар қилади-да. Ана шунинг учун бизни "маданиятсиз халқ" дейишади, бундан хафа бўлишга ўрин йўқ",-дейди Аброр ака.

Ростов шаҳрининг Первомайск туманида ўз оиласи билан истиқомат қилаётган тожикистонлик Наргиза эса кўп рус миллатига мансуб кишилар муҳожирларнинг айбдор ёки айбсизлигига қарамай, кези келганда ёппасига ҳақоратлайвериш одатлари борлигини айтади.

"Дам олиш кунлари икки ўғлимни ҳовлидаги болалар майдончасига ўйнатгани олиб тушишга юрагим йўқ,-дейди Наргиза. Уч-тўрт ўрис кампирлар скамейкага ўтирволиб доим бизникилардан нолишади. Бола-чақаларимиз билан келиб уларнинг ерига жойлашиб олаётган эмишмиз.

Ўғилларим бирортанинг боласига қаттиқ тегиб қўймасин деб жоним ҳалак бўлади. Сал баҳона топилса, ўрис аёллар баробарига бақир-чақир қилишади. Давлатимиз камбағал, иш йўқ дейишадию болаларни қатор-қатор туғишга бало борми деб жаврашади.

Анави Москвадаги энага қизчани ўлдиргандан кейин бир ҳафта шу гапни гапиришди. Бизга у аёлнинг нима алоқаси бор дейишимизга парво қилмай, ҳаммамизга шу воқеани таъна қилишди.

Гапларига яраша жавоб берай десам, рус тилини яхши билмайман".

2008 йил Самара шаҳрида, ҳозир эса Ростовда меҳнат қилаётган Фаррух ҳам Наргизанинг фикрларини тасдиқлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio