"Ўзбек-Қирғиз чегарасида вазият барқарор"

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги пост

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги баҳсли ҳудудларда юз берган томонлар бир-бирини айблаган сўнгги ҳодисалар ортидан вазият барқарор қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани қўриқлаш хизматлари расмийлари 22 август куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ақсу туманидаги Мамай деган жойда учрашганлар.

Хабарларга кўра, Қирғизистон тарафи нега Ўзбекистон баҳсли ҳудудга қуролли Ички ишлар вазирлиги ходимларини жойлаштиргани сабабини сўраганлар.

Ўзбекистон расмийлари эса бундан олдин Қирғизистон томонидан қўлга олинган милиция ходимини бўшатишни талаб қилган.

Маълум бўлишича, 13 август куни Ўзбекистон Косонсой сув омбори деб биладиган, Қирғизистон эса ўзининг Орто-Токой сув омбори деб айтадиган сув ҳавзасини қўриқлаётган Косонсой туман милиция ходими Қирғиз расмийлари томонидан қўлга олинган.

Қирғиз тарафи косонсойлик милиционерни ноқонуний чегарадан ўтишда айблаган.

Сув омбори атрофида Қирғизистон полиция постларини ташкил этган.

22 август куни Қирғизистон телеминораси жойлашган, Ўзбекистон Унгартепа деб атайдиган, Қирғизистон эса Унгар-Тоо деб биладиган баҳсли ҳудудга тикучарда 7 нафар қуролли Ўзбекистон милиционер жойлаштирилган.

Шундан сўнг икки томон музокараларни бошлаганлар.

Икки мамлакат чегара хизматлари раҳбарлари телефон орқали мулоқотда вазиятни муҳокама этганлари хабар қилинган.

Ўзбек-Қирғиз чегарачилари учрашувидан кейин 13 августда қўлга олинган ўзбекистонлик милиция ходими қўйиб юборилган.

Қирғиз расмийларига кўра, милиционер устидан маҳкама бўлиб ўтган, маҳкама уни айбдор деб топиб жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан кейин у Ўзбекистон тарафига топширилган.

Айни пайтда Ўзбекистон мустақиллик байрами арафасида Қирғизистон билан чегараларини ёпгани хабар қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.