Қирғизистонда конституция мухолифатни бирлаштирмоқда

"Ҳокимиятни узурпациялашга йўл йўқ" ҳаракати йиғилиши

Қирғизистонда конституцияни ўзгартиришга қаршилик мақсадида тузилган "Ҳокимиятни узурпациялашга йўл йўқ" ҳаракати навбатдаги йиғин ўтказиб, кузда умумреспублика қурултойини ўтказишга қарор қилган.

"Ҳокимиятни узурпациялашга йўл йўқ" деб ном берилган ҳаракат таркибига фақат мухолиф сиёсатчиларгина эмас, ҳокимиятдаги расмийлар, фуқаровий жамият вакиллари қўшилиб, бош қомусни ўзгартириш ташаббусига қарши қатъий туришга қарор қилганлар.

"Ота Макон" фракцияси раҳбари Омурбек Текебаевнинг сўзларига кўра, янги конституция қабул қилинса, Қирғизистон 2008 йилдан ҳам ёмон аҳволга тушади. Буни бошқа сиёсатчилар сезганлиги боис ҳам бирлашишга тўғри келди, деган Текебаев. У бу учрашувни тарихий йиғин, дея атади.

"Бу ерда шахсий муносабатлари ҳам, фикрлари ҳам келишмайдиган инсонлар йиғилишган. Барчамизни сиёсий вазиятга, бўлаётган воқеаларга бераётган баҳоларимиз турлича. Бироқ, биз асосий давлат якдиллигини, барқарор ривожланишини аниқлаб олмасак, келажагимиз ёмон бўлишини сезиб, тарих бизни бу ерга йиғиб турибди", деб айтган Омурбек Текебаев.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги конституция Жўғўрқу Кенгаш депутатларига "Референдум ўтказиш ҳақида"ги қонунни қабул қилиш имконини бермайди. Натижада парламентнинг референдум ўтказиш ташаббуси қонунга зид бўлиб қолади.

Яна бир депутат Чўлпўн Жақуповага кўра, бундай ҳуқуқ президентда ҳам йўқ. Шу сабабдан парламент куздаги сайлов ортидан халқни ҳам алдаяпти, дейди у.

"Булар 2010 йилдаги референдум тактикасини қўлламоқдалар. Унда ҳам янги конституцияга референдум ўтказиб, уни ичига Рўза Ўтунбаевани президент қилиб сайлаш масаласини киргизган эди. Бу сафар ҳам референдум ҳақида қонун қабул қилиб, уни ичига янги конституция лойиҳасини бириктиришмоқчи. Содда халқ буни билмай қолаверади, бироқ қудрат президент қўлида жамланиб қолиш эҳтимоли бор" - дея хавотир билдиради депутат Чўлпўн Жақупова.

Қонунга мувофиқ, 300 минг одам имзоси тўпланиши ортидангина референдум ўтказилиши мумкин. Бироқ бу жараён узоқ вақт давом этишини билган ҳокимият қонунни бузиш йўлини танлаган, дейди Жўғўрқу Кенгашнинг собиқ раҳбари, юрист Зайнидин Қурманов.

"Конституция палатаси нимага президент билан парламент орқали қарор қабул қилаяпти? Гапнинг барчаси тушунарли бўлиб турибди-ку. Сабаби эртага палатага кўп мурожаатлар бўлади. Ўшанда конституциявий суд қандайдир бир қарорни чиқариб қўймасин, бизни ваколат, ҳуқуқларимизни чеклаб қўймасин деб эҳтиёт чорасини кўришмоқда" - дея изоҳлайди собиқ парламент раиси.

Бу орада собиқ президент Рўза Ўтунбаева раҳбарлигидаги муваққат ҳукумат аъзолари яқин кунларда бош қомус атрофидаги вазият юзасидан баёнот билан чиқиб, Президент Атамбоевга мурожат қилишмоқчи. Муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров мурожаатга саккиз аъзо имзо чекканини маълум қилди.

Конституцияни ўзгартиришга қарши чиққан сиёсий кучлар сафи кенгайиб бораётгани сабабидан ҳокимият бу ҳаракатидан қайтиши мумкин, деган фикрлар ҳам айтилмоқда.

Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Табилди Акеров, ҳокимият ҳам вақтдан ва ҳам қонун тарафидан ютқазаётганлиги сабабли, лойиҳани ортга қайтариб сиёсий вазиятни йўлга солса бўлади, дейди.

"Ҳозир эътибор берсангиз, сиёсий вазият қалтис бўлиб бораяпти. Конституция ўзини атрофидаги тортишувларни барчасини бартараф этиб, бир йўлга солиши керак эди. Бироқ бизда жамият иккига бўлиниб қолди. Парламентдаги беш фракциядан бошқа барча сиёсий ташкилот, жамоат фаоллари, сиёсатчилар, партияларнинг барчаси қарши туриб олишди. Бунга қўшимча ҳокимият вақтдан ҳам ютқазмоқда. Сабаби, ҳозиргача референдумга масалани қандай олиб чиқиш тарафи ҳал этилмаган. Шунинг учун ҳокимият булар билан ҳисоблашиши керак. Шу сабабдан, бир марта ортга қайтариб олгандай, бу сафар ҳам лойиҳани тўхтатиб қўйиши ҳақиқатга яқин бўлиб турибди" - дея фикр билдиради таҳлилчи.

Конституцияни ўзгартиришга қарши мухолифат кузда республика қурултойини ўтказиш мақсадида эканини маълум қилди. "Ҳокимиятни узурпациялашга йўл йўқ" ҳаракати йиғинида қурултой орқали улар ўзларининг вазнини ҳокимиятга кўрсатиш эканликларини яширгани йўқ.

Қирғизистоннинг мустақиллик йилларида конституция саккиз марта ўзгарган. Ҳар доим бош қомус ўзгарган сари юқори ҳокимият ваколатлари кенгайиб, мустаҳкамланиб келган. 2010 йилги апрел инқилоби ортидан қабул қилинган конституцияда аввалгиларидан фарқли ўлароқ, парламентга кўпроқ ҳуқуқлар берилган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.