Генерал Дўстум яна бир бор ИШИД хавфидан огоҳлантирди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Генерал Дўстум яна бир бор ИШИД хавфидан огоҳлантирди

Қўшни Афғонистон биринчи вице-президентининг баён қилишича, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи мамлакат шимолига камида 7 минг жангарисини сафарбар этмоқчи.

Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятлари эса, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош саналади.

Генерал Абдулрашид Дўстум бу ҳақда кеча – жума куни Афғонистон шимолидаги янги ҳарбий амалиётлари арафасида Туркманистонга қўшни Фарёб вилоятидан туриб баён қилган.

Унга кўра, ИШИД аксарияти Сурия, Ироқ, Ливан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Чеченистон фуқаролари бўлган хорижий жангариларини йўллаш ҳаракатида.

Афғонистон биринчи вице-президентига кўра, афғон хавфсизлик кучлари ИШИД тарафдорларига жанг олиб бора олишлари учун дастлаб мамлакат шимолида толиблар мавҳ этилмоғи лозим.

Толибон сўнгги икки ҳафта ичида аввал Тожикистонга қўшни Қундузга қайта ҳужум қилган, бунинг ортидан яна бир бор Фарёбнинг Ғўрмочини босиб олишнинг уддасидан чиққан.

Мавжуд вазият эса, генерал Абдулрашид Дўстумнинг навбатдаги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиш учун шу йил ҳисобидан учинчи бор Афғонистон шимолига жўнаб кетишига сабаб бўлганди.

Шимол

Афғонистон биринчи вице-президенти 11 октябр куни Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон вилоятига етиб борган, орадан кун ўтиб, вилоят маркази Шибирғонда уч шимолий вилоят раҳбарлари ва масъуллари иштирокидаги йирик хавфсизлик йиғинига бошчилик қилган.

Бугун – 15 октябр куни эса, ўзининг Афғонистон шимолидаги янги ҳарбий амалиётларини Фарёб вилоятининг иккита энг беқарор туманидан биттаси бўлган Қайсордан бошлаган.

Бу гал шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний буйруғи асосида амалга оширилаётган ҳарбий амалиётлар чоғида Фарёбнинг энг беқарор туманлари, бунинг ортидан эса, Қундузнинг толиблардан тозаланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, бу – ўтган яқин йиллар ичида генерал Абдулрашид Дўстумнинг илк бор Қундуздаги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиши бўлади.

Афғонистоннинг шимоли-шарқий Қундуз вилояти эса, икки йилдан буён Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланаётган вилоят бўлади.

Толибон ҳаракати ва улар хорижий иттифоқчиларининг 2001 йилдан буён Афғонистонда қўлга киритган энг йирик ютуқлари ҳам айнан Қундуз ҳиссасига тўғри келади.

Толиблар ўтган йили аксарияти марказий осиёлик ва маҳаллий масъуллар айнан ИШИД аъзоларига нисбат берган жангарилар бошчилиги остида Қундуз шаҳрини босиб олишган, уч кун ўз қўлларидан тутиб туришган, уларни даф этиш учун афғон ва хорижий қўшинларга камида уч ҳафта лозим бўлганди.

Сўнгги йилларда Қундуздан ташқари Афғонистоннинг шимолий Фарёб, Сарипул ва шимолий-шарқий Бадахшон вилоятларида ҳам хорижий жангариларнинг фаоллашганликлари кузатилади.

Хорижий жангарилар

Агар, афғонистонлик масъулларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, ҳозирги кунда Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хорижий жангариларнинг сони 2 мингдан ортади.

Уларнинг орасида марказий осиёликларидан ташқари, чечен, араб ва уйғурларнинг ҳам борликлари айтилади.

Бу – Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг ИШИД жангарилари хавфидан илк бор огоҳлантириши эмас.

Генерал Дўстум ўтган йили Афғонистон шимолида олиб борган илк ҳарбий амалиётлари чоғида ҳам ўзларига қарши ИШИД жангарилари жанг қилишаётганини айтган, уларнинг аксариятини марказий осиёликларга нисбат берганди.

Яқинда эса, Туркманистонга бевосита чегарадош ва Афғонистон биринчи вице-президентининг она вилояти бўлган Жаузжонда ИШИД ҳокимининг қўлга олинганига оид хабарлар ҳам олинганди.

ИШИД сафларидаги бу хорижий жангарилар аксарияти эса, 2014 йилда уларга тўлиғича байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат берилади.

Ҳаракат бундан икки йил аввал ўзининг Афғонистонга қайтганини расман баён қилган.

Албатта, яқинда Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафлари парчалангани ва улар орасида Толибларга мойил, ИШИДга қарши гуруҳ ажралиб чиққани ҳақида хабарлар ҳам чиққан.

ИШИД

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи шу йил бошида Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош шарқий минтақаларида ўзининг янги исломий вилоятига асос солганини даъво қилган.

Афғонистондаги янги вилоятини Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, деб эълон қилганди.

ИШИДнинг бу баёноти айнан Покистонда ўзининг Жанубий Осиёдаги янги тармоғига асос солишидан йил ўтиб янграган.

Ўтган икки йилнинг ўзида эса, Афғонистоннинг асосан шарқий Нангархор вилояти ИШИД Хуросон бўлимининг асосий истеҳкомига айланиб улгурган.

ИШИД гуруҳининг Афғонистонда расман масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан илк қонли ҳужуми ҳам Нангархор вилояти маркази Жалолобод шаҳрига тўғри келганди.

Аммо сўнгги ойларда афғон ҳукумат кучлари Америка ҳарбийлари билан Нангархор вилоятида ИШИД жангариларига қарши устма-уст ҳарбий амалиётларга қўл уришган, қисқа вақтнинг ичида уларнинг юзлаб жангарилари ва қатор лидерлари, жумладан, минтақадаги тармоғи раҳбари Ҳофиз Сайид Хонни ҳам ўлдирганликларини иддао қилиб чиқишган.

Уларнинг бу даъволарига ИШИД гуруҳи ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган, янги лидер тайин этганига оид ҳам бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Қундузлик масъуллар эса, сўнгги жангларда ҳам хорижий жангариларнинг толиблар билан бир сафда жанг қилганликларини айтишган, уларни Ўзбекистон, Тожикистон ва Чеченистон фуқароларига нисбат беришган, аммо қай бир гуруҳга мансуб эканликларини очиқлашмаганди.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум билан Қайсордан уюштирган суҳбатида батафсилроқ тингланг.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг