‘Генерал Дўстум яраланмаган’

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ҳам Афғонистон биринчи вице-президенти, идораси ва ҳам толибларга қарши янги ҳарбий амалиётлар кечаётган Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилояти масъуллари худди ана шундай баёнот билан чиқишган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Кеча душанба куни Афғонистон ижроий раиси ва Афғонистон Толибон ҳаракати генерал Абдулрашид Дўстумнинг Қайсордаги жангларда яраланганини иддао этишган.

Ҳаракат эса, ўзининг расмий веб саҳифасидаги баёнотида Афғонистон биринчи вице-президенти хитойликларнинг Туркманистон билан бевосита чегарадош Дуоби туманидаги касалхонасида эканини даъво қилишгача борган.

Афғонистон Ижроий раиси доктор Абдулло Абдуллонинг иддаоси эса, мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг душанба кунги йиғини чоғида янграган.

"Биз Афғонистон биринчи вице-президенти бошига тушгани дохил яқинда юз берган кўргўликларнинг тезроқ унут бўлишини сўраб, дуо қилиб қоламиз. Яхшиямки, унинг жароҳати хавотирли эмас", - деб айтган доктор Абдулло.

Афғонистон биринчи вице-президенти идораси бунга жавобан кескин раддия билан чиққан, "ижроий раисдек бир одамнинг генерал Дўстум ҳақида айтган бу каби ноўрин ва номақбул сўзларидан чуқур таассуфда эканликлари"ни баён қилган. Бунинг фақат рақиб томонга қўл келишини таъкидлаган.

Хабарлардан аён бўлишича, бунинг ортидан, доктор Абдуллонинг ўзи ҳам баёнотидан ортга қайтган, телефон орқали Афғонистон биринчи вице-президенти билан сўзлашгани, унинг соғ-омон эканига шахсан ўзи амин бўлганини билдирган. Генерал Дўстумнинг соғ-омонлиги ҳақида бу каби янглиш хабарлар тарқатилганидан афсусда эканликларини изҳор этган.

Қисқача тафсилот ўрнида

Фарёбдаги жанг жабҳасида бўлган журналист Ҳабиб Раҳмон Қуёшнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, якшанба куни карвони Толибон ўрнатган минага тўқнаш келганига қарамай, генерал Абдулрашид Дўстум бўлган танкка деярли зиён етмаган.

Унга кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти соғ-омон ва ҳозир ҳарбийлари билан бирга Қайсорнинг Ғўрмочдан бир неча чақиримча узоқликдаги Обгармак қишлоғида.

Журналистнинг айтишича, толиблар йўлда ўрнатган миналар сабаб, ўзларидан узилиб қолган ҳарбийлар Обгармакка етиб келишлари билан амалиётлар Қайсордан Ғўрмочга кўчади. Аммо тумандаги жангларнинг ўзи ҳамон тинмаган.

Биринчи вице-президент бошчилигидаги Афғонистон шимолидаги янги ҳарбий амалиётлар 15 октябр куни Фарёб вилоятининг Қайсор туманидан бошланган.

Генерал Дўстум аввалига Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб вилояти, бунинг ортидан, Тожикистонга шундоққина қўшни Қундузни толиблардан тозаламоқчи.

Журналист Ҳабиб Раҳмон Қуёшнинг айтишича, ўтган уч кун давомида 60 дан ортиқ толиб ўлдирилган. Катта сондагисига тан жароҳати етказилган.

Унга кўра, афғон ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётган толиблар орасида ўзбекистонлик ўзбеклар, чеченлар ва уйғурлар ҳам бор.

Журналистнинг сўзларидан аён бўлишича, Афғонистон хавфсизлик кучлари ҳам сўнгги жангларда ўндан ортиқ аскарларини бой беришган.

Янги ҳарбий амалиётлар

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бу - шу йил ҳисобидан Афғонистон шимолида генерал Абдулрашид Дўстум бошчилиги остида ўтказилаётган учинчи ҳарбий амалиётлар бўлади.

Янги ҳарбий амалиётларга қарийб уч минг аскар ва Афғонистон Мудофаа вазирлигини катта сондаги тикучарлари ҳам сафарбар этилган.

Афғонистондаги Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари эса, уларга маслаҳатчи вазифасини бажармоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ғарб бошчилигидаги катта сондаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистоннинг айнан аксарияти Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош шимоли-шарқий минтақаларидаги вазият жиддий издан чиққан.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, Қайсордан бошлаган янги ҳарбий амалиётлари арафасида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Афғонистон шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканини айтган, аммо бунга изн бермасликларини ҳам баён қилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.