Ким ҳақ: генерал Дўстумми ёки президент Ғаний?

Афғонистон раҳбарияти Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний ва унинг биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўртасидаги зиддият буткул барҳам топмаган.

Бундай раддия билан жаноб Абдулрашид Дўстумнинг матбуот котиби чиққан.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Матбуот котиби Башир Аҳмад Таянчнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, президент Ғанийга илгари сурган талабларининг, ҳатто, 10 фоизи ҳам бажарилмаган.

Аён бўлишича, президент Ғанийнинг матбуот котиби Хорун Чахансурий ўтган якшанба куни пойтахт Кобулда берган матбуот анжумани чоғида худди ана шундай баёнот билан чиққан.

Октябр ойи ўрталарида янги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиш учун Афғонистон шимолига борган генерал Абдулрашид Дўстум орадан икки ҳафта ўтиб, президент Ғаний ва ижроий раис доктор Абдулла Абдуллаларга қарши кескин танқид билан чиққан.

Шибирғондан туриб, икковлонни миллатчиликда, президент Ғанийни эса, яна қудратни ўз қўлига жамлаганликда ҳам айблаган.

Бунга жавобан, жаноб Ғаний генерал Дўстум танқидларининг лозим идоралар томонидан текширилиши кераклигини айтган.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президенти такроран баёнот билан чиқиб, агар, талаблари президент томонидан жиддий олинмаса, пойтахт Кобулга қайтмаслиги билан огоҳлантирган.

Ўтган ҳафта ўрталарида ўртадаги мавжуд зиддиятнинг юмшагани нишоналари пайдо бўлган, президент Ғаний Шибирғонга сим қоққан, генерал Дўстум билан телефон мулоқоти чоғида унинг норозилигини жоиз ва талабларини ҳақли, деб билишини айтгани маълум бўлганди.

Президент билан ўзаро мулоқотдан қониқиш ҳосил қилгани, аммо ўз сўзларидан ортга қайтмаслиги ва бу суҳбатларнинг ҳали яна давом этишини билдирган Афғонистон биринчи вице-президентининг орадан кун ўтиб, Ўзбекистонга норасмий ташриф билан жўнаб кетгани маълум бўлган.

Унинг Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат этиб, унга гул қўйиш режасида экани айтилган.

Биринчи вице-президентга яқин манба бу сафарнинг президент Ғаний билан мавжуд зиддиятга бирор бир алоқаси йўқлигини билдирганди.

Минтақадан олинган сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистонга сафарини якунланган жаноб Дўстум ҳозир норасмий ташриф билан Туркияда, аммо унинг кун тартиби тафсилотлари маълум эмас.

◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook - BBC UZBEK

◾Google+BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - uzbekbbclondon

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.