Ўзбекистон: Тошкентдаги ҳайкаллар биттага кўпаядими? (архив - 2016 йилги мақола)

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz Facebook
Image caption Аввалгиларга ўхшамас...

Тошкентда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклифи борасида фикрлар иккига бўлинганини кузатиш мумкин.

Бу фикрларни фоизларга солсак, табиийки, ўртада фарқ бор, аммо бир томонлама шаклда ҳамма ҳам Ислом Каримов ҳайкали Ўзбекистон пойтахтини безаши шарт деган фикрда эмас.

Айни хабар остида, айниқса Facebookда фикр билдирганларнинг бир қисми ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирган бўлса, бошқа томон ушбу ташаббусни сўроқ остига олган.

Каримов вафотидан қарийб уч ой ўтган бўлса-да, унинг номини абадийлаштириш бўйича берилган ваъдалар ҳозирча ҳаётга татбиқ этилгани йўқ.

Каримов ўлими муносабати билан тузилган комиссия бир ойнинг ичида "Ўзбекистон биринчи президентини" номини абадийлаштириш бўйича таклифлар ўртага ташлаши керак эди. Аммо ушбу таклифлар борасида матбуотга бирор хабар берилмаган.

Мирзиёевнинг Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашувда пойтахтда Каримов номида майдон барпо қилиб, унга биринчи президентнинг ҳайкалини ўрнатиш таклифи эса ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Каримов ҳам "ўтди-кетди"ми?

Image caption "Ўтмишдан эртаклар"

Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклифи ҳақидаги хабар остида қолдирилган фикрларга қараб халқ орасида биринчи президентни бир маънода "унитилаётганини" кузатиш мумкин.

Gazeta.uz нашрининг рус тилидаги саҳифасида чиққан хабардаги айни нуқтага фикр қолдирганларнинг бирортаси ҳам Каримовга ўрнатиладиган ҳайкал борасида ўз муносабатини билдирмаган.

Уларнинг эътиборини Тошкент шаҳридаги муаммолар ва уларни ечишда Шавкат Мирзиёевнинг бераётган ваъдалари муҳокама бош мавзуси бўлган.

Twitter ижтимоий тармоғида ҳам Каримовга ёдгорлик ўрнатилиши умуман муҳокама мавзуси бўлмаган.

Бошқа нашрлар томонидан ёзилган хабарлар остидаги фикрлар эса иккига бўлинган.

"Хотирамизда абадий сақланиб қолади. Лекин пойтахтга кўплаб кўплаб меҳмонлар келади ва улар албатта, ҳурматли президентимиз Ислом Каримовнинг ёдгорлиги остига гуллар қўяди. Бизнинг оила бу ташаббусни қўллайди", дейди Соня Агишева.

Бироқ иккинчи томоннинг фикрига кўра, Каримов шахси ўта зиддиятли бўлгани боис ҳам унга ҳайкал қўйиш арзимайди.

"Нимага турли боши берк кўчаларни йўлбошчиларнинг номи билан аташмайди? Каримов боши берк кўчаси... Жарангдор", - дея киноя қилади Михаил исмли фойдаланувчи.

Facebook даги яна бир иштирокчи Каримов даврида миллионлаб ўзбекистонликнинг меҳнат муҳожири ва мардикорларга айланганига шаъма қилиб, унинг ҳайкалини мардикор бозор қаршисига ўрнатиш керак дейди.

"Ушбу ҳайкал учун жойни Қўйлиқдаги мардикор бозорининг қоқ ўртасидан беришсин, катта қилиб ИАКнинг ҳайкалини қўйишсин. Ислом Каримов даврида эришилган "буюк ютуқлар" сиймоси сифатида", - деб ёзади Салоҳиддин Усмонов.

Актам Аҳмедов эса Каримов даврида пайдо бўлган ва асосан диний-сиёсий маҳбуслар сақланиши билан номи чиққан "Жаслиқ" қамоқхонасига Каримов номинини бериш керак дейди.

""Жаслиқ"қа ИАКнинг номини бериш керак ва у ерга барча тузум жинояткорларини тўплаш зарур. Маддоҳларга ҳам уч-тўрт йил ИАК санаторийсида "дам" олишларига имкон бериш зарур",- дейди Актам Аҳмедов.

Каримов вафотидан илк кунларида тириклиги вақтида бўлгани каби Каримов шахсига ҳурмат бажо келтириш бот-бот кузатилганди.

Унинг Самарқанд шаҳридаги қабри зиёратчилар билан тўлиб тошди ва Ўзбекистонда ўзига хос мозор сайёҳлари ривожланишига сабаб бўлди.

"Каримов ўзи яратган муаммоларини орқалаб кетмади..."

Каримов вафотидан 3 ойга яқин вақт ўтаркан ижтимоий тармоқларда йиғилиб қолган муаммоларга айнан Каримов айбдор эканлиги ёзила бошланди.

Фикр билдирувчилар айнан Ислом Каримовнинг воқеликдан узилиб, саройига қамалиб олиши муаммоларнинг катталашиб кетганига сабаб бўлганини айтишди.

Олдин бу каби гаплар бошқалар томонидан бўғишга ҳаракатлар бўлган бўлса, энди бу каби қаршиликларни кузатмайсиз.

Каримов даврида сукут сақлаган зиёлилар орасида эса яккам дуккам бўлса ҳам "уйғониш" аломатларини кўриш мумкин.

Журналист ва адиб Шукур Жаббор "Маддоҳизм синдроми" номли блогпости ўқувчилар томонидан ана шундай куртаклардан бири дея қабул қилинган.

"Ҳой, маддоҳлар! Аввал сайлансин..."

Адиб маддоҳлик иллатидан ўзбек жамияти азият чекаётгани ҳақида куйиниб ёзади. Уни бир касалликка тенглаштириб, у билан оғрийдиган маддоҳларни беморлар дея атайди.

"Агар шундай "бемор"нинг онасини қози хафа қилиб қўйса, қани энди ўша қози яна онамни хафа қилсайди, деб орзу қилади. "Бемор"нинг агар онаси йиғласа бир шоир айтганидек "онасининг кўз ёшини шабнам деб ўйлайди", - деб ёзади Шукур Жаббор.

Журналист бундан 20 йил олдин "Ўзбекистон овози" газетасида ишлаб юрган вақтида рўзномага Каримов шахсини улуғлаб ёзилган мактублардаги шеърлар ҳақида айтган.

Ҳатто бир муштарий шунчалик кўп мадҳ қилганидан ручка бўёғи тугаб қолгани ва уни бир неча марта алмаштиришга мажбур бўлгани кўриниб турган ҳолатлар ҳам бўлган.

"Номини айтмайман, яна бир газетда ишлаганимда бирор танқидий мақола ёзсам Бош муҳаррир шуни чоп этмайлик, Отанинг кўзи тушиб қолса яхши бўлмайди, деб заҳартанг қилиб қолгандай оёғини қайга қўйишни билмай типирчилаб турарди. Мен эса "Қўрқманг Отангиз ўқимайди, мабодо ўқисаям ҳеч нарса демайди, мен жавоб бераман, бу эл-юрт учун фойдали" десам ҳам чоп этмайлик, деб йиғлагудек бўлиб ялинарди", - дейди у.

Журналист шу хато ҳозир яна такрорланаётганини ва энди маддоҳ шоирлар Шавкат Мирзиёевни алқаб шеър ёзишга тушиб кетганидан нолийди.

"Кейинги пайтда хали президентликка сайланиб улгурмаган Мирзиёев шаънига ёзилган шеърларга кўзим тушиб қоляпти. Ҳой, маддоҳлар! Аввал сайлансин, эл-юрт учун меҳнати билан ўзини кўрсатсин! Кейин ёзарсан шеърларингни", - дейди Шукур Жаббор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.