Қирғизистонда конституцияга ўзгартиришлар бўйича референдум ўтади

Image caption Қирғизистонда конституцияга ўзгартиришлар бўйича референдум ўтади

Қирғизистон ўз конституциясига ўзгартиришлар бўйича референдумга ҳозирланмоқда.

11 декабр куни ўтадиган референдумда қирғизистонликларнинг кўпчилиги "ҳа" деб овоз беришса, унда мамлакатда Бош вазирнинг қудрати кучаяди, маълум маънода президент ваколатлари ҳам кенгаяди.

Аммо мутахассисларга кўра, конституцияга ўзгартиришлар парламент ва адлия тизимини бир қадар кучсизлантиришни кўзда тутади.

Конституциянинг бу усулда таҳрир қилиниши алал-оқибат Бош вазир идора этадиган янги система тузилишини англатади.

Айни ўзгаришлар ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро гуруҳларнинг танқидига сабаб бўлган.

Мухолифат "йўқ" деб овоз беришга чақирмоқда.

Унга кўра, айни ўзгаришлар аслида ноқонуний ва ҳозирги президент Алмазбек Атамбаев келаси йил агар Бош вазирликни эгаллайдиган бўлса, унинг қудратини кучайтиришга қаратилган.

Марказий Осиёнинг анчайин камбағал давлатларидан саналган Қирғизистонда шу куни маҳаллий ҳокимиятга ҳам сайлов ўтади.

Бундан мақсад сайлов жараёнининг қимматга тушмаслигини кафолатлашдир.

________________________________________

Референдум натижасида нима ўзгаради?

Бош вазир ва президентнинг қудрати сезиларли даражада кучаяди.

89 модданинг янги 7 бобида Бош вазирга маҳаллий ҳокимият раҳбарларини тайинлаш ва уларни ишдан олиш ваколати берилади.

Бунда Бош вазир маҳаллий кенгашларнинг розилигини олиши шарт эмас.

72 моддага ўзгартиришлар шунингдек, агар Бош вазир ўз лавозимидан кетса ҳам парламент аъзолигини тарк этмаслик ҳуқуқини беради.

95 моддага ўзгартиришга биноан маҳаллий ҳакамларни алмаштириш ваколати Ҳакамларни Танлаш Кенгашидан президентга кўчиши назарда тутилган.

Агар 6 модда ўзгарса, унда "халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича келишувлар бошқа халқаро келишувлардан устун"деган жумла олиб ташланади.

41 модданинг таҳрир қилиниши эса, бирор бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилгани халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан тан олинса, унда Қирғизистон республикаси ана шу ҳақсизликни бартараф этиш мажбуриятини ўз зиммасидан соқит этишини англатади.

36 моддага киритилажак ўзгартиришлар эса "оила" тушунчасининг "икки шахснинг иттифоқи" деган таърифни бекор қилиниши, ўрнига "эркак ва аёлнинг иттифоқи" дея алмаштирилишини англатади.

________________________________________

Нима учун таклиф қилинаётган ўзгартиришлар баҳсларга сабаб бўлмоқда?

Мухолифатга кўра, айни ўзгартиришлар собиқ авторитар тизимни қайта тиклайди, Атамбаевга 2017 йилда президентликни топшириб, Бош вазирликка ўтишга имкон яратади.

6 ва 41 моддалардаги маълум жумлаларнинг олиб ташланиши эса, Қирғизистон ортиқ халқаро инсон ҳуқуқлари келишувларига бўйсунмаслигини англатади.

Жабрдийда шахслар агар ўз ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган бўлса ҳам, ортиқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ёрдамида ўз шаънларини ҳимоя қилишолмайди.

36 моддалаги "оила" тушунчасининг таҳрир этилиши билан фақат эркак ва аёл ўртасида турмуш қуриш тан олинади, холос. Бу эса айримларга кўра, бирга яшаётган, бир жинсли, аммо турмуш қурмаган жуфтликларнинг ҳуқуқларини поймол қилади, уларга қарши дискриминацияни авж олдиради.

________________________________________

Ҳозирги конституция қанчалар муҳим?

Қирғизистоннинг ҳозирги конституцияси 1991 йилда қабул қилинган.

2010 йилда Қурманбек Бакиевнинг қудратдан ағдарилиши ортидан ислоҳ этилган.

Айни конституция президент ваколатларини сезиларли даражада чеклайди. Бош қомусда 2020 йилга қадар ҳар қандай ўзгариш қилиш тақиқлаб қўйилган.

Аммо 2016 йилнинг июн ойида президент Атамбаевнинг қудратдаги Социал-демократик партиясидан тўрт нафар парламент аъзоси 30 га яқин ўзгартиришлар лойиҳасини тақдим қилди. Уларга кўра, 2010 йилги конституция "шошма-шошарлик билан қабул қилинган ва ўзгаришлар муфассал кўриб чиқилмаган".

Атамбаев парламент аъзоларининг ташаббусини дастаклаган эди.

________________________________________

Халқаро муносабатлар

Венеция комиссияси, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўз хавотирларини изҳор этишди.

Уларнинг айтишича, "тақдим қилинаётган ўзгаришлар мамлакат раҳбарлари ваколатларини кучайтиради, ҳукуматдаги кучлар мувозанатига салбий таъсир қилади, парламент ва айниқса, суд тизимини ожизлантиради".

ОХҲТ референдумга кузатувчилар юбормасликка қарор қилган.

________________________________________

Нима кутилмоқда?

Агар камида 50 фоиз сайловчилар овоз беришса ва уларнинг аксарияти "ҳа" дейишса, унда ўзгартиришлар қабул қилинган ҳисобланади.

Мухолифлар эса сайловчиларни конституцияга ўзгартиришларга қарши чиқишга чақирмоқда.

Улар овоз бериш натижалари қандай бўлишидан қатъий назар, референдумни ноқонуний, деб қабул қилишларини урғулашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар