45 мингта жангари минтақа учун нимани англатади?

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Фото муаллифлик ҳуқуқи VIDEO

Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, жорий пайтда қўшни Афғонистонда 45 мингдан ортиқ жангари жанг қилмоқда.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Халқаро ташкилотга кўра, улардан ярмига яқини хорижий жангарилардан иборатдир.

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши ихтиёрига ҳавола этилган бу рақамлар Афғонистондаги вазият жиддий издан чиқиб улгурган бир пайтга тўғри келмоқда.

Агар, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари Бош қўмондони генерал Жон Николсоннинг яқинда қилган чиқишига ишонилса, ҳозир бу қўшни мамлакат ҳудудининг 10 фоиздан ортиқроғи Толибон назорати остида. Чорак фоиз қисми эса, жанглар ичида.

Халқаро ҳарбий экспертларга кўра, бунақаси Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён кузатилмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботида эътироф этилишича ҳам, толиблар кучайиш баробарида ўзининг азалий энг яқин иттифоқчиси - "ал-Қоида" тармоғи билан алоқаларини яна мустаҳкамлашга муваффақ бўлишган.

Худди шу манзарада Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам огоҳлик билан чиққан, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзлаб, мамлакат шимолига 10 мингга яқин жангарисини сиздириш ниятида эканини айтган.

Шу йил бошида Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабулов ҳам ИШИД шундоққина биқинларида ўз жангари фаолиятини кенгайтираётганига оид баёнот билан чиққан, гуруҳ бу мамлакатда 10 мингтача тарафдорига эга эканини тахмин этганди.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари эса, афғон можаросига якун ясолмай, 2014 йилда ўзларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирликларига якун ясашган.

Уларнинг оммавий сафарбарлиги ортидан кечган қисқа вақтнинг ичида Афғонистонда вужудга келган бу каби вазият эса, Россия ва қудратли Хитой дохил аксарият минтақа давлатларининг бирдек ошкора ва жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Бу мамлакатлар мавжуд беқарорликлар биргина Афғонистон билан чегараланмай, бутун минтақадаги вазиятни издан чиқариб юбориши мумкинлигидан ташвишдалар.

Шундай экан, яқинда Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши ихтиёрига ҳавола этилган янги рақамлар амалда нимани англатади? Айнан хавфсизлик билан боғлиқ вазият назарда тутилганда, минтақани олдинда нималар кутмоқда?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай саволлар билан қатор халқаро ва минтақавий етакчи экспертларга мурожаат қилди:

Пол Рожерс, Мудофаа масалалари бўйича эксперт, Лондон:

Фото муаллифлик ҳуқуқи VIDEO

-Минтақа давлатлари учун янги ҳисоботда янграган рақамларнинг муаммоли жиҳатларидан бири - хорижий жангарилар билан боғлиқ. Чунки бу жангарилардан аксарияти уларнинг ўз фуқаролари. Худди шу давлатларнинг ўзидан чиқишган. Устига устак, ўта мутаассиб қарашда эканликлари эҳтимоли юқори бўлган бу одамлар ҳозир Афғонистондан хавфсиз бошпана топишган. Бу - уларнинг бугун бўлмаса, эртага ўз мамлакатлари учун бошоғриққа айланишлари мумкинлигини англатади. Шу сабабдан ҳам, бу нафақат Афғонистон, балки бутун минтақа хавфсизлиги назарда тутилганда ҳам, масаланинг хавотирга лойиқ жиҳатларидан бири бўлади.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай, минтақадаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан ёритиб борувчи етакчи журналист, Покистон:

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

-Агар, Афғонистондаги жангариларнинг сони, айтилганидек, 45 мингдан ортиқ бўлса, бу - унча ҳам катта рақам эмас. Яъни, ҳануз вазиятни назорат остида тутиб туриш мумкин бўлади. Аммо мен янги ҳисоботда келтирилган рақамлар борасида шубҳадаман. Менимча, Афғонистондаги жангариларнинг сони тилга олинганидан анча юқори. Бу ерда бошқа бир масала бор. Сонлари айтилгандек бўлган тақдирда ҳам, бу жангарилар сўнгги томчи қонлари қолгунча курашиш аҳдида қатъий бўлган одамлардир. Шу нуқтаи-назардан улар Афғонистондаги хорижий қўшинлар, афғон ҳукумати ва ҳатто, бир-бирлари учун ҳам ростмана таҳдидлар. Бунча сондаги жангарининг ҳозирлиги - Афғонистондаги жангларнинг бу яқин-орада тинмаслигига далолат қилади. Ҳали кўп қонлар тўкилади, назаримда. "Ал-Қоида", ИШИД ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати сафларида туриб жанг қилаётган хорижий жангариларнинг якуний мақсадлари эса, биргина Афғонистоннинг чегаралари билан чекланмайди. Буларнинг барчаси Афғонистондан келувчи таҳдид даражасининг ҳануз юқори эканини англатади. Ҳозирга келиб, Америка ва унинг иттифоқчилари ҳам бу урушда қўллари баланд келмаслигини тушуниб етишди. Шунинг учун ҳам ҳозир ҳамма масъулиятни афғон ҳарбийлари зиммасига юклашга тушиб қолишган. Сулҳу мадорасиз, менимча, афғон можаросининг ечими йўқ.

Камолиддин Раббимов, асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, Франция:

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

-Биласизми, менимча, буни қиёсий таҳлил қилиш қийин. Гап шундаки, олдинги йиллардаги вазиятга оид бизга бирор бир рақамлар имконли эмас. Лекин Афғонистондаги толибларнинг сони 45 минг эмас, бундан анча юқори эканига оид умумий тасаввурлар бор эди. Лекин Толибоннинг асосий манбаси - афғон жамиятининг этник пуштун қатлами, анъанадор ҳудудлар, худди шундай қарашдаги шахслар ва норозилиги юқори бўлган ижтимоий табақа бўлиб қолиши бу - ҳар доим бир қонуният. Чунки Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари ёки расмий Кобул бирор бир жиддий хато қиладиган бўлса, жамоатчиликда норозиликка сабаб бўладиган бирор бир амалиётга қўл урадиган бўлса, жамият норозилигини ифода қилишнинг энг ёрқин, радикал бир мисоли - Толибон сафларига ўтиш, толиблар билан ҳамкорлик қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўлиб келган. Ва мана шу ҳолат ўзгармай қолаверади. Энди, қаранг, 45 минг, менинг назаримда, шундай бир рақамки, бир томондан, у - Афғонистондаги вазиятни тўлақонли издан чиқара олмайди. Лекин, айни пайтда, Афғонистонга тинчлик имкониятини ҳам бермайди. Чунки шу 45 мингтадан ярмига яқини хорижий жангарилар дейилаётган бўлса, бу рақам мен тахмин қилганимдан кўра кўп. Аммо, шунда ҳам, бу Марказий Осиё минтақаси, яъники Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга жиддий бир таҳдид эмас. Чунки чегаралар жиддий қўриқланади. Тўғри, уларнинг Афғонистонда эмин-эркин ҳаракат қилиши учун маълум бир ижтимоий замин бор, дейишимиз мумкин. Аммо Афғонистондаги хорижий жангарилар Марказий Осиёга вазиятни издан чиқара оладиган даражада таҳдид бўла олмайди. Лекин беқарорлик омили сафтида сақланиб қолаверади. Агар, 45 мингта жангари ҳаммасини оладиган бўлсак, бу сон, бир томондан катта кўринса-да, улар марказлашган, жипслашган бир куч эмас. Шу сабабдан, уларни ҳам Марказий Осиёга жиддий, катта, вазиятни издан чиқарадиган таҳдид, деб айтиб бўлмайди. Чунки толибларнинг асосий мақсади бу - Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаш. У ердаги жангарилар маълум бир қисмининг мақсади Марказий Осиёдаги вазиятни издан чиқариш бўлганда ҳам, бунга толиблар рози бўлмайди. Чунки толиблар ҳокимиятга келиши биланоқ улар вазиятни консервация қилишдан манфаатдор бўлади.

Аркадий Дубнов, сиёсатшунос, МДҲ давлатлари бўйича эксперт:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

-Афғонистондаги 45 мингдан ортиқ жангарининг Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги учун амалда нимани англатиши саволига жавоб бериш учун, энг аввало, толибларни ўзагини келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган жангарилардан ажратиш лозим бўлади. Чунки афғон жангариларининг ўзлари ўз бошларича Марказий Осиё учун таҳдид бўла олишмайди. Минтақа учун айни шу минтақадан чиққан жангариларгина потенциал хавф бўла олиши мумкин. Дейлик, ИШИДга байъат келтирмасларидан аввал Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати, деб юритиб келинганига ўхшаш гуруҳларнинг аъзолари...Шунинг учун ҳам бу каби манзарада қўйилган саволга, таъбир жоиз, аниқ, "Мана шу", деб жавоб бериш имконсиз бўлади. Бошқа томондан, шуни ҳам таъкидлаш керакки, жорий йилда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзолари ёки толибларнинг Марказий Осиёга хуружи ҳақидаги башоратларнинг бирортаси ўзини оқламагани ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам, Афғонистондаги вазиятнинг минтақа учун муқаррар таҳдид эканига оид хавотирли чиқишлар мутлақ асосли, дея олмаймиз. Яъни, шу пайтгача амалда бирор бир шаклда ўз исботини топмаган. Бу - менинг нуқтаи-назарим.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.