"Туркияда террорист ўзбек ё қирғиз дея таърифланмасин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Emrah Gurel/AP
Image caption 2016 йилда Истанбул кўп ҳужумлар қурбонига айланди

Қароргоҳи Истанбулда жойлашган Халқаро Туркистонликлар жамияти баёнот чиқариб Истанбул ҳужуми ортидан марказий осиёликларга нисбатан матбуотда бўлаётган миллатчи ва ирқчи муносабатларни қоралади.

Халқаро Туркистонликлар жамиятининг turkistanlilar.org сайтида айтилишича, жамият Туркиядаги марказий осиёлик муҳожирларга ёрдам бериш мақсадида тузилган.

Турк матбуотида Янги йил кечаси Истанбулдаги Рейна тунги клубида 39 кишини ўлдириб кўпларни яралаган қуролли шахс Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва ё Хитойнинг уйғурлар яшайдиган Шинжон ҳудудидан бўлиши мумкинлиги борасида хабарлар тарқалди.

Полиция сукут сақлар экан, турк матбуоти қирғизистонлик ўзбек Яҳё Машраповнинг паспорт суратини гумондор дея тарқатди.

4 январь куни Туркия ташқи ишлар вазири Меҳмет Човушўғли ҳужумчининг шахси аниқланганини айтди, аммо унинг қаердан экани ёки исми-шарифини очиқламади.

Айни дамда Туркияда ўзбекистонлик муҳожирларга қарши тинтув ва босимлар қилинган, хусусан Истанбулнинг Зайтунбурни мавзесидаги ўзбеклар маҳалласига рейдлар ўтказилган.

Айни дамда Халқаро Туркистонликлар жамияти ўз баёнотида қотилнинг ўзбек ёки қирғиз дея таърифлашдан тийилишга чақирди.

Қуйида баёнотнинг тўла матнини келтирамиз:

"Янги йил кечаси Истанбулда қатлиомни амалга оширган кишининг "Ўрта Осиёлик", "Ўзбек ёки Қирғиз" эканлиги ҳақида хабарлар тарқатилди. Бу қотилни қўлга олиш учун уни бирор шаклда таърифлаш албатта зарурийдир. Аммо бу масалада очиқ шаклда ирқчи муносабатда бўлишга йўл қўйиб бўлмайди. Жиноятчининг миллат ёки ҳудуд номлари билан таъриф этилиши инсон ҳақ ва ҳуқуқларига тажовуздир.

Бу жиноятга алоқали ўлароқ бир Қозоқ ҳамюртимизнинг Туркистонлик эканлиги таъкидланди ва у қотил эълон қилиниб, расмлари интернет саҳифаларида жиноятчи сифатида тарқатилди. Туркистонлик муҳожирлар уларга айблов шаклида айтилаётган бундай хабар ва шарҳлардан ранжимоқдадирлар. Ҳеч бир жиноятга алоқаси бўлмаган ҳолда тинч ҳаётларини ва фаолиятларини давом эттираётган ва Туркия давлатидан ва халқидан ҳар доим яхшилик ва ёрдам кўраётган Ўзбек, Тожик, Қирғиз, Уйғур, Қозоқ ва бошқа Туркистонликларнинг бу ўлкага ва унинг халқига зарар берадиган бирор ёмонликка рози бўлишини ёки иштирок этмаслигини баён қилмоқчимиз.

Биз ҳеч кимнинг турмуш тарзига аралашишни истамаймиз. Бизнинг тинч аҳолини ўлдираётган ташкилот ва гуруҳларга ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Туғилган мамлакатларимизда ҳам куч ёки қурол ишлатиш тарафдори мухолифларининг фикр ва фаолиятларини рад қиламиз. Бизнинг тинч курашдан бошқа йўлимиз йўқдир. Эркинлик ва хавфсизлигимиз таъминланадиган бўлса, ватанимизга қайтиб боришни жону кўнгилдан истаймиз.

Истанбулда янги йил кечаси қатлиомни амалга оширган жиноятчининг зудлик билан қўлга олинишини ва Туркиянинг ҳар доим тинчлик ва хавфсизлик ичида бўлишини истаймиз. Бутун оммавий ахборот воситаларини "Қотил Ўзбек ёки Қирғиздир" ёки "Ўрта Осиёлик террорчи" каби ирқчи ва айирмачи таърифлардан узоқ туришга чақирамиз.

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти Раиси

Бурҳон ҚОВУНЧИ"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар