Россия болалар омбудсмени: 'Ўзбек қизча онасига қайтарилиши керак'

Image caption Нилуфар Мамасаидова ҳозир Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида зарур ҳужжатларни тайёрлаётгани айтилади

Россия Президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Анна Кузнецова Москва полицияси томонидан олиб қўйилган бир яшарлик қизча ўзбекистонлик онасига қайтарилиши кераклигини айтган.

"Болани олиб қўйиш унинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид пайдо бўлган пайт қўлланадиган охирги чора. Ҳозир онасига қизчаси билан кўришишига ёрдам бериш, унинг онасига қайтарилиши учун барча шароитларни яратиш зарур ", - дея Кузнецованинг сўзларидан иқтибос келтирган "РИА Новости" агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда қизалоқ Москвадаги юқумли касалликлар шифохонасида, онаси уни ҳужжатларни расмийлаштиргандан кейин бориб кўриши мумкин.

Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсменнинг билдиришича, онаси Нилуфар Мамасаидова ҳозир Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида зарур ҳужжатларни тайёрлаш билан банд.

Москвадаги мухбиримизга кўра, Ўзбекистон элчихонаси воқеадан хабар топгач, вазиятга мудохала қилган ва унинг онаси ҳамда ҳимоячиси билан яқин алоқада.

2016 йилнинг 26 декабр куни Москванинг Кунцево туман ички ишлар бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқароси Нилуфар Мамасаидованинг бир яшар қизчасини олиб қўйишган.

Мамасаидованинг Би-би-сига айтишича, у икки йилдан буён Россияда яшаб келади ва қизи ҳам Россияда туғилган.

Декабр ойида унинг ҳужжатларини ўғирлаб кетишган.

У Кунцево туман полициясига ариза билан мурожаат қилган.

Полиция ходимлари Нилуфар Мамасаидованинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлигини кўргач, болани олиб кетишга қарор қилганлар, онани эса уч кунга вақтинча тергов ҳибсхонасига қамаб қўйишган.

Москвадаги мухбиримизга кўра, Нилуфар Мамасаидова полициянинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан прокуратурага шикоят аризаси топширган.

Нилуфар Мамасаидова билан интервьюни мана бу линк орқали томоша қилишингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг