‘Эримни ушлаб, жазосини беринг’

Зарина

Бундай даъват билан афғон ҳукуматига ўтган ҳафта ўз эри ҳар икки қулоғини ҳам кесиб ташлаган Зарина чиққан.

Юз берган машъум ҳодиса ортидан ҳануз касалхонада қолаётган 23 ёшли Зарина эрини ушлашлари ва маҳкамага тортишларини талаб қилган.

Зарина турмуш ўртоғининг нега бу ишга қўл ургани сабаби эса, маълум эмас.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Агар, жабрдийда бу жувоннинг сўзларига ишонилса, Эронда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган эри ўта рашкчи бўлган. Наша ҳам чекиб турган.

Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида юз берган бу воқеа ортиданоқ маҳаллий полиция тергов ишларини бошлаган.

Аммо вилоят маркази Мозори Шариф шаҳрида бўлган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, зўравон эр ҳануз қўлга олинманган.

Полициянинг ҳозирги тахминларига кўра, у аллақачон Эронга қочиб кетган бўлиши ҳам мумкин.

Зарина

Мухбиримизнинг айтишича, бир ҳафтадирки, Балх вилоят касалхонасида қолаётган Заринанинг аҳволи ҳозир анча яхши.

Аммо, шифокорларнинг сўзларига кўра, Заринанинг четда пластик жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи бўлади.

Касалхонага бориб, Заринани кўриб қайтган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, шифокорлар айни шу эҳтимолни назарда тутиб, кесиб ташланган икки қулоғи супрасини терисидан тозалаб, унинг қорни териси остига тикиб қўйишган.

Мухбиримизга кўра, Заринанинг четда пластик жарроҳлик амалиёти ўтказишида кўмак беришларини сўраб қилган мурожаатига ҳозирча марказий афғон ҳукумати томонидан бирор бир муносабат бўлмаган.

Бирор бир маҳаллий ёки халқаро ноҳукумат ташкилоти ҳам шу кунга қадар бу каби ташаббус билан чиқмаган.

Аён бўлишича, Балх вилоят ҳокимлиги ҳам Зарина билан юз берган ҳодисага бирор бир муносабат билдиришга шошилаётгани йўқ.

Маҳаллий фаоллар эса, ҳозирча кўмак беришларига оид оғзаки ваъдалар билан чекланишмоқда.

Заринанинг қачон касалхонадан чиқиши маълум эмас.

Аммо, ёш жувоннинг сўзларидан аён бўлишича, эрининг уйига қайтиш ва у билан ортиқ яшаш нияти йўқдир.

Зўравонлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда ноодатий бир равишда Афғонистон шимолида бу каби шафқатсиз маиший зўравонлик ҳолларининг ортиб бораётгани кузатилади.

Устига устак, Заринанинг ҳодисаси ортидан, биргина Балх вилоятининг ўзида яна кетма-кет иккита мудҳиш воқеа юз берган.

Эронда меҳнат муҳожирлигида банд бир эркак собиқ нишонлиси бўлган ёшгина жувонни эрининг уйида отиб ўлдирган.

Пул топиш учун узоқ йиллардан буён Америкада ишлаб юрган эри билан уришиб қолганини айтган бошқа бир аёл эса, икки фарзанди билан ўзини кўпқаватли уйнинг 5-қаватидан пастга ташлаб юборган.

Ҳозир бу учовлоннинг ҳам турли кўринишдаги тан жароҳатлари билан Балх вилоят марказий касалхонасида эканликлари айтилади.

Мухбиримизнинг айтишича, Афғонистонда бу каби ҳолатларга, одатда, маиший зўравонликдан кўра, оилавий жанжал, деб қараш ҳоллари устунлик қилади.

Қанчалик шафқатсиз бўлмасин, маиший зўравонликда гумон қилинган шахсларнинг маҳкамага тортилиб, ҳукм этилгани ҳолларига оид хабарлар эса, деярли кўзга ташланмайди, дейди мухбиримиз.

Қонунчилик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Афғонистонда "Маиший зўравонликларга қарши кураш тўғрисида"ги қонун президент Ҳамид Карзай бошқаруви даврида - 2009 йилда қабул қилинган.

Толибон тузуми қулатилиши ортидан бор-йўғи 8 йил ўтиб қабул қилинган бу қонун афғон хотин-қизларининг ҳимояси йўлида олдинга қўйилган муҳим қадам сифатида ҳам Афғонистон ичкариси ва ҳам ташқарисида олқишларга сазовор бўлган.

Янги таҳрирдагиси бир неча йилдан буён мамлакат парламенти муҳокамасида бўлса-да, бу қонун ҳамон ўзининг амалий кучини йўқотмай келган.

Аммо, афғонистонлик фаолларга кўра, аҳоли ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлиги, асрлардан буён шаклланиб келган урф-одатлар ва бутун мамлакат бўйлаб чуқур илдиз отган коррупция ҳоллари унинг ижросини деярли имконсиз қилиб қўйган.

Худди шу манзарада ночорлик, ишсизлик кўламининг янада ортиб, хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий издан чиқиб бораётгани эса, афғон хотин-қизларини аксарият ҳолларда шафқатсиз маиший зўравонлик ҳолатлари қаршисида ожиз қилиб қўйган.

Устига устак, бу каби ҳолат, йилларки, улар аҳволларини яхшилаш ва ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш - халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистонга берилган ва берилажак миллиардлаб долларлик молиявий кўмакларнинг асосий шартларидан бири қилиб қўйилган ва қўйиб келинган бир манзарада кузатилмоқда.

Бошқа томондан, бу - ўтган икки йилдан ортиқроқ вақт давомида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний ва биринчи хонимининг каттаю кичик минбарлардан бериб келаётган энг катта ваъдаларидан бири ҳам бўлади.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, қулоқ, бурун, лабларининг кесиб ташланиши, тиғбурон, тошбўрон ва оммавий сазойи қилинишлари каби афғон хотин-қизларига қарши шафқатсиз жисмоний зўравонлик ҳолларининг Афғонистонда, айниқса, айнан янги миллий бирдамлик ҳукумати бошқаруви даврида кескин ортгани кузатилади.

Устига устак, афғон хотин-қизлари билан боғлиқ сўнгги уч мудҳиш воқеълик Афғонистоннинг, йилларки, нисбатан тинч ва обод бир вилояти - Балхда кузатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг