Газета Бош муҳаррири қўлга олинди

Қозоғистон Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

"Саяси қалам. Трибуна" газетаси Бош муҳаррири Жанбўлат Мамай 10 феврал куни уйидан ушлаб кетилган.

Коррупцияга қарши курашиш миллий қўмитаси у истиқомат қилган уй ва газета офисида тинтув ўтказган.

Газета биносига кириш муҳр билан ёпилган.

Жанбўлат Мамай мухолиф чиқишлари билан машҳур бўлган.

У ҳозир қочқиндаги Қозоғистон мухолифатчиси Мухтор Аблязов билан пул ўзлаштиришда гумон қилинмоқда.

"Тергов давомида Мухтор Аблаязовнинг Қозоғистондаги янги ҳамкори Мамай Жанбўлат Мамайули аниқланди. У БТА Банкдан ўғирланган бир қисм маблағни "Саяси қалам. Трибуна" газетасида қонуний молиявий амалиётлар ўтказиш орқали ўзлаштирган", - дейилади Коррупцияга қарши курашиш хизмати тарқатган хабарда.

Аксилкоррупция хизмати Мамайга маҳкамасиз ва терговсиз айб қўйиши фаолларнинг эътиборини тортган.

"Facebook"да жонли

Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси тинтув учун газета биносига келган вақт Мамайнинг ҳамкасби журналист Инга Иманбай "Facebook" орқали жонли эфир узатишни йўлга қўйган.

Унда эшик ортидан турган расмийлар бинони кўриш учун махсус ҳужжати борлигини ва эшикни очмаган тақдирда куч билан очишларини айтишади.

Журналист газета офиси эшигини очиши билан ташқаридан келган расмийлар биринчи навбатда Инга Иманбайнинг қўлидан телефонни юлқиб олишга ҳаракат қилишган.

Шу ерда жонли эфир ҳам узилган.

Коррупцияга қарши курашиш миллий қўмитаси ходимлари "Саяси қалам. Трибуна" газетаси офисини муҳрлаб ёпиб кетишган.

Шундан сўнг журналист Инга Иманбай билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмаяпти.

Инга Иманбай ва Жанбўлат Мамайнинг телефонлари ўчирилган.

Кузатув

"Саяси қалам. Трибуна" газетаси Бош муҳаррири бундан олдин бир неча маротаба ўзининг орқасидан кузатишаётгани ва машинасига ҳужум бўлганини айтган эди.

Бош муҳаррирнинг қўлга олиниши ижтимоий тармоқларда кучли акс-садо берган.

Фикр билдирувчиларнинг аксарияти журналист касбий фаолияти учун қўлга олинганини ёзишмоқда.

"Гапиришга сўз тополмаяпман. Эрталаб лентани очиш қўрқинчли бўлди. Халқ душмани, жиноий шерик - Қозоғистонда 2017 йил эмас, балки 1937 йилга ўхшайди. Жанбўлатнинг саҳифасини очинг, ҳукумат ҳақидаги қарашларини ўқинг ва унинг ўзгача фикр учун қўлга олингани дарҳол ойдинлашади. Мамлакатда даҳшатли нарсалар содир бўлмоқда, биз эса жиммиз. Тез орада навбат бизга ҳам келса керак", - деб ёзади журналист Наталья Садикова.

Мухолифат фаоли Амиржан Қўсанов "Трибуна" газетаси атрофида бўлаётган "тушунарсиз ҳодисалардан хавотирини" билдирган.

Яна бир "Facebook" фойдаланувчиси Мамай қўлга олиниши арафасида конституцияга ўзгартириш киритиш таклифига фаол қарши чиққанини эсга олади.

Қозоғистон Республикаси конституциясининг 26 бобига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф қилинган қонун лойиҳасига эса, мухолифат ва жамият фаоллари кескин қаршилик билдириб келишмоқда.

Уларга кўра, ушбу ўзгартиришлар чет эллик фуқароларга Қозоғистон ерини сотиш имконини очиб беради.

Мухтор Аблязов

Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Қозоғистоннинг БТА банки маблағларини ўмаришда айблаётган Мухтор Аблязов айни вақтда Францияда истиқомат қилади.

У Қозоғистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувга берилган.

Франция полицияси Аблязовни Россия талаби билан 2013 йили ҳибсга олди.

Мухолиф фаолининг Россияга экстрадиция қилинмасликни сўраган иши 3 йил маҳкамама-маҳкама юрди.

2016 йилнинг 10 декабрь куни Франция Олий маҳкамаси уни Россияга экстрадиция қилмаслик ҳақида узил-кесил қарор чиқарди ва у бунинг ортидан озодликка чиқди.

Мухолифат фаоли озодликка чиқиши билан Қозоғистонда ҳукуматни алмаштириш учун қўлидан келадиган барча ҳаракатни қилишини айтди.

Шундан сўнг Қозоғистонда Мухтор Аблязовга яқин бўлган одамларни кузатув остига олингани айтилди.

Аблязовнинг гапларидан 2 ой ўтиб, "Саяси қалам. Трибуна" газетаси Бош муҳаррири Жанбўлат Мамай қўлга олинди.

Кузатувчилар ҳукумат биргина қўлга олиш билан чекланмаслигини тахмин қилмоқда.

Абгор ҳолдаги сўз эркинлиги

Халқаро ташкилотлар Қозоғистонда сўз эркинлиги йилдан-йилга ёмонлашаётганини айтиб келишади.

Мамлакатда фаолият юритган "Республика", "Взгляд", "К+" каби мустақил нашр ва телеканаллар ҳукумат томонидан бўлган тинимсиз босим ва кўп миллионлик товон тўлаш ҳақидаги маҳкама қарорларидан сўнг ёпилишга мажбур бўлди.

Қозоғистон Журналистлар иттифоқи раиси Сайтқази Матаев ва унинг ўғли КазТаг ахборот агентлиги раҳбари Асет Матаевлар 6 ҳамда 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Маҳкама уларни давлат маблағини ўзлаштиришда айблади.

Аммо фаоллар ота-ўғилнинг қамалишига касбий фаолияти сабаб бўлганини айтишади.

Матаев қамоққа ҳукм қилинишини ҳукумат тепасидагиларнинг бизнесини тортиб олишга қаратилган ҳаракати, дея баҳолади.

Ҳалқаро ва маҳаллий жамоатчиликнинг қоралашларига қарамасдан, маҳкама ўз қарорини ўзгартирмади. Уларнинг мол-мулки мусодара қилинди.

Сўз эркинлиги

Журналист Жанбўлат Мамай қўлга олинишидан бир кун олдин "Amnesty International" халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистондаги ижтимоий тармоқларда сўз эркинлиги ҳолати ёмонлашгани ҳақида ҳисобот чиқарди.

Ҳисоботда айтилишича, Қозоғистон ҳукумати яқинда қабул қилинган қонунлардан турли сайтларни блоклаш ёки чеклашда фойдаланмоқда.

2016 йилдан бошлаб мамлакатдаги барча интернет фойдаланувчилари "миллий хавфсизлик сертификати"ни ўрнатишга мажбур.

Бу нарса ҳукуматга жаъми HTTPS протоколидан тушган маълумотларни назорат қилиш имконини беради.

"Amnesty International"нинг таъкидлашича, янги қабул қилинган қонунлар ижтимоий тармоқлардаги ўзгача фикрловчиларга нисбатан маъмурий ва жиноий жазо иш очиш имконини беради.

Ҳисоботда 2016 йилнинг ноябр ойида ҳуқуқ ҳимоячилари Макс Бокаев ва Талғат Аянларнинг "адоват қўзғаш" айби билан 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилингани мисол тариқасида келтирилади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ижтимоий тармоқларда ҳукуматга қарши тинч намойишлар ҳақида хабар ёзганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг