'Ёшлар, жонингизга қасд қилманг!'

Image caption Гуруҳлар асосан депрессия ҳолатидаги ёшларни нишонга олади

Шу кунларда Ўртa Осиё давлатлари, хусусан, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ўсмирлар орасида "ўз жонига қасд қилиш" ҳоллари оммалашиб бораётгани борасида хабарлар пайдо бўлди.

Бундай амалларни ташкил қилаётганлар ижтимоий тармоқларда "синий кит" "тихий дом", "море китов" номлари билан фаолият олиб бораётган гуруҳлар деб кўрилмоқда.

Айтилишича, ушбу "ёпиқ" гуруҳлар ўз сафларига оилавий муоммолар, ёлғизлик ва депрессияни бошидан кечираётган 13-16 ёшлиларни қабул қилади.

Ва ўз хоҳиши билан қўшилаётганлардан қўлларида гуруҳ рамзини кесиб расм орқали кўрсатиш талаб қилинади.

Шундан сўнг, ўртача 50 босқичдан иборат бўлган, бошқотирмасифат "ўйинлар" бошланади.

Бу каби ўйинлар "4:20 да уйғот", "Ўйин бошланди", "Ҳеч ким абадий эмас" кабилар шиорлар билан олиб борилади.

Ҳар бир топшириқ бажарилганидан сўнг, натижани сурат ёки видео орқали исботлаш сўралади.

Якуний босқичда иштирокчидан ўз-ўзини ўлдириш талаб этилади. Бундан бош тортганларни эса оиласига зарар етказиш билан таҳдид қилишади.

Бунда улар иштирокчининг манзили, унга тегишли бўлган маълумотларни бошқотирмаларни бажариш жараёнида билиб олишади.

Кучли психологик таъсирда бўлган ўсмирлар қарши харакат қилишдан бутунлай қўрқиб қолишади.

Айни пайтда "ўйинга кириб қолган" ёшлар жамиятдан янада узилиб, айни гуруҳ буйруқларига итоатгўйлиги ошиб боради.

Матбуот хабарларига кўра, маҳаллий руҳшунослар ота-оналарга фарзандлари билан кўпроқ мулоқот қилиш, айнан ўсмирлик пайтидаги ўзгаришларни тўғри қабул қилиш ва дуч келган ё-да, келиши мумкин бўлган муоммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларга ечимни биргаликда топиш маслаҳатини беришяпти.

Чунки руҳий сиқилиш ҳолатидаги ёшлар онгига ўз жонига қасд қилишга ундайдиган турли расмлар ва видеотасвирлар орқали улар ҳаётга умуман керак эмасликлари ҳақидаги фикр сингдирилади.

2015 йилнинг ноябр ойлари Ф57 номидаги гуруҳ Вконтакте ижтимоий тармоғида пайдо бўлган ва гуруҳ асосчиси Филип Лиз исми шарифли шахс экани айтилганди.

У аввалига "Инсайдер" номли ўз жонига қасад қилишни истаган ёшларни ўз фикридан қайтаришга йўналган гуруҳ билан боғланиб, иштирокчилар билан мулоқот қилиш истагини билдирган.

Рад жавобини олгач, у ўз гуруҳига асос солгани ва ўз жонига қасд қилишга ундайдиган суратлар ва видеоларни интернетга жойлагани айтилади.

Хабарларга кўра, гуруҳ таркибидагиларнинг аксарияти қиз болалар бўлган.

Аввалига Россиялик 13 ёшлик ўқувчи Ирина Поленкова ўз жонига қасд қилади.

Бундан олдин у "Вконтакти"даги саҳифасида расмлар ва ёзувлар қолдиради.

Айнан ҳолатлар бошқа ёшларни ҳам бу ўйинга жалб қилади ва гуруҳ оммалаша бошлайди.

Марказий Осиё, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистондаги баъзи ўсмирлар ҳам бунга ўхшаш гуруҳлар таъсирига тушадилар ва маълумотларга кўра, 130 га яқин ўсмир ўз жонига қасд қилади.

2016 йил декабр ойларидан Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон Ички ишлар хизматлари айни гуруҳларга қарши расман кураш бошлайдилар.

Бугунги кунда бу турдаги гуруҳлар ўз номларида "кит" номини ҳар хил шаклда қўллашади, айнан шу каби белгилар гуруҳнинг асл мақсадини намоён қилади.

Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқлардаги турли гуруҳлар фойдаланувчилари орасида хавотирлар пайдо бўлган.

Жумладан, Потребители.уз, Маслаҳат.уз каби гуруҳлар бундай ҳолатлардан огоҳ бўлишга чақиришган.

Аммо Ўзбекистонда айни таъсирга тушганлар ҳали кузатилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг