Қирғизистон: 1 млн долларлик жиноий иш - пора ё сиёсат?

Сурат манбаси, Valeri Sharifulin/TASS
Текебаев президентга қарши чиққани учун таъқибга тутилаётганини айтади.
Қирғизистондаги мухолиф "Ота Макон" партияси раиси Ўмурбек Текебаев ҳозирча 48 соатга ушлаб турилмоқда.
Қирғизистон хавфсизлик кўмитасига таяниб ёзаётган Интерфакс хабар агентлигига кўра, Ўмурбек Текебаев "Манас" халқаро ҳаво қўналғасида қўлга олинган.
Бир кун олдин, 25 февраль куни Қирғизистон Бош прокуратураси мухолифат раҳбарига қарши "коррупция" ва "фирибгарлик" айблари бўйича жиноий иш қўзғатганди.
Айни иш россиялик ишбилармон ва қатор телеалоқа ширкатлари эгаси бўлган Леонид Маевский аризасига биноан очилган.
Даъвогарга кўра, ҳали 2010 йили Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси муовини бўлиб ишлаган Текебаев ундан бир миллион доллар маблағ олган.
Бунинг эвазига эса Қирғизистондаги энг йирик уяли алоқа ширкати - "Мегаком" бошқарувини беришни ваъда қилган.
"Текебаев ўз ишини бажармаган ва олган пулини ҳам қайтармаган. Шунингдек, мазкур масалада бирон маълумот тарқатилса ё пулни қайтариш талаби тўхтамаса, қасос олиш билан таҳдид қилган" - дея баёнот берган Қирғизистон Бош прокуратураси.
Жиноий иш очилган пайти Венада хизмат сафарида бўлган Ўмурбек Текебаев ўзига қўйилаётган айбловларни ва россиялик ишбилармондан бир миллион доллар олганини рад этган.
Унинг айтишича, ўтган йили охирида Президент Атамбоев амалга оширган конституцион ўзгаришларга қарши чиққани учун таъқибга тутилмоқда.
Олдинроқ Ўмурбек Текебаев бошқарадиган "Ота Макон" мухолиф партиясининг яна икки аъзоси - собиқ Адлия вазири Алмамбет Шикмаматов ва собиқ Бош прокурор Аида Саляноваларга қарши ҳам Қирғизистон ҳукумати жиноий иш очган эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг