Ўзбекистон Остонадаги муҳожирлар ўлимини текширади

Фото муаллифлик ҳуқуқи ASTANA.GOV.KZ

Ўзбекистон Остонадаги иншоот қурилишида ҳалок бўлган икки ўзбекистонликнинг ўлими юзасидан текширув бошлаганини маълум қилган.

РИА Новости агентлигининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматига таяниб, хабар қилишича, ҳозирда консуллик бўлими ҳодиса юзасидан тўлиқроқ маълумот олишга уринмоқда.

"Қозоғистоннинг тегишли идоралари тезкор тергов гуруҳини тузган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон элчихонасининг Консуллик бўлими фавқулодда ҳодиса юзасидан тўлиқроқ маълумот олиш учун компоекс чора-тадбирларни кўрмоқда", дея Ўзбекистон ТИВ вакилининг сўзларини келтирган агентлик.

Хабарларга кўра, ҳодиса жойида 15 нафар қутқарувчи ишламоқда, маҳсус техника ва жиҳозлар жалб этилган.

Аввалроқ Остона мэрияси пойтахтда қурилаётган уй бетон плитаси ва девори қулаши натижасида ҳалок бўлган икки ишчининг ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилганди.

Ўзбекистонлик қурувчилар бетон девор ва ғиштлар остида қолган.

Қурбонларнинг шахси маълум эмас.

Маҳаллий вақт билан соат 12 га яқин содир бўлган ҳодисада жароҳатланган яна бир ўзбекистонлик шифохонага ётқизилган.

Қозоғистонда мустақил манбаларда турли мавсумларда 1 миллионга яқин меҳнат муҳожири ишлаши айтилади.

Муҳожирларнинг кўпчилиги деҳқончилик каби мавсумий ишларда ишласа, уларнинг бир қисми қурилиш объектларида меҳнат қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари қурилиш объектларида ишлаётган кўпчилик ўзбекистон мигрантларнинг ҳуқуқи ҳимояланмаганини айтишади.

Арзон ишчи кучи бўлган ўзбекистонликлар қурилиш объектларида шароити йўқ жойларда яшашга ва бошқалардан камроқ маош олиб ишлашга мажбур.

Шу йил июнида Ақтўбе вилоятида йўловчи автобусининг ағдарилиб кетиши натижасида 9 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган.

Ўзбекистон илк бор ҳалок бўлган фуқароларининг жасадини олиб келиш учун Қозоғистонга учоқ йўллаганди.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистоннинг меҳнат муҳожирлари борасидаги сиёсати тубдан ўзгарган.

Каримов даврида мигрантларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳиссаси расман эътироф этилмас, мамлакат консуллик бўлимлари эса уларнинг муаммолари билан яқиндан шуғулланмас эди.

Мирзиёевнинг шу йил апрелида Москвага қилган ташрифи чоғида Россия билан меҳнат муҳожирлигига доир иккита битим имзоланган.

Улардан биринчиси Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида оммавий тартибда ишга ёллаш, иккинчиси эса икки давлат ҳудудида ўзаро муҳожирлик хизматларининг ваколатхоналарини очишни назарда тутади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02