Россия: ‘Депортациядан қочиб, тўрт йил ахлатхонада яшаган’

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Челябинск суди энди тожикистонлик Малоҳат Ч., унинг тўрт фарзанди ва икки набирасини Россиядан бадарға қилишга ҳукм чиқарган.

Расмий хабарларга кўра, воқеаларнинг бу тахлит ривожи 2013 йилда бошланган.

Ўша пайтда уч фарзанднинг онаси бўлган тожикистонлик бу аёл Россия миграцион қонунчилигини бузишда айбдор, деб топилган.

Маҳкама аёлни Россиядан Тожикистонга депортация этишга буйруқ берган, аммо унгача тутиб турилишлари учун болалари билан бирга махсус қабулхонага юбормаган.

Маълум бўлишича, суднинг бу каби марҳаматидан фойдаланиб, улар ғойиб бўлишнинг уддасидан чиқишган.

Путин тожик мигрантларга нима ваъда қилди?

Ўзбек ва тожик муҳожирлари автоҳалокат қурбони бўлди

Аслида нималар бўлган эди?

"Қочоқлар" ўтган тўрт йил давомида Челябинск вилоятидаги ахлатхонада яшириниб, яшаб келишган.

Зудлик билан ортидан тушишганига қарамай, орада кечган вақт давомида полиция ходимлари уларни топишнинг уддасидан чиқишмаган, ҳамюртлари ҳам "қочқин оила"нинг қаерда экани хусусида бир сўз дейишмаган.

Шунча қилган саъй-ҳаракатлари иш бермагач, 2014 йилда уларни қидирувга беришган.

Аммо бор-йўғи шу йил сентябрь ойига келиб, "қочоқ"ларни Челябинск вилоятининг Еманжелинск шаҳридаги ахлатхонадан топишган.

Ўзлари қидирган тўрт муҳожирнинг ўрнига, ўн нафарига тўқнаш келишган.

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, 2013 йилги рейд пайти бошқа жойда ишлаётганлари боис, депортацияга оид ҳукм Малоҳат Ч.нинг уч фарзандини кўзда тутмаган.

Аммо ўтган тўрт йил ичида тожикистонлик аёлнинг ўзи яна бир, қизи эса, иккита фарзандли бўлишга улгуришган.

Қидирув ва жазо

Масъулларга кўра, Малоҳат Ч.нинг ҳамма болалари ва набираларини топиш учун ахлатхонадаги барча чодирларни бирма-бир текшириб чиқишга мажбур бўлишган.

Кейин уларни "маъмурий қонунбузар" хориж фуқаролари учун мўлжалланган махсус қабулхонага жойлаштиришган, кейин маҳкамага тортиб, бадарға қилишга қарор қилишган.

Маълум бўлишича, тожикистонлик аёлнинг Россияда туғилган фаразанди ва набираларининг ҳужжатлари тайёр бўлиши билан улар ортга - Тожикистонга қайтариб юборилишади.

Агар, сўнгги маълумотларга таянилса, жорий йилнинг биринчи ярмида Россияга қонуний йўллар билан келаётган мигрантларнинг оқими жиддий камайган, 2011 йилги ҳолатга тушиб қолган.

Масъулларга кўра, охирги пайтларда Россияга келувчилардан кўра, кетувчиларнинг сони ортиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02