Советлар ишонмаган прокурор

Армия Фото муаллифлик ҳуқуқи Ўринбой Усмон

У бир умр Шӯролар ҳукуматига хизмат қилди. Ҳуқуқ-тартибот мақомотларида ишлади. Терговчилик, прокурорлик қилди. Адвокат бӯлди. Ӯзига топширилган ҳар бир вазифани ҳалол, виждонан бажаришга интилди. Ҳақни ҳаққа,ноҳақни ноҳаққа ажратиш учун бор билимини, тажрибасини ишга солди.

Лекин унинг меҳнатлари ҳукумат томонидан қадрланмади. Аксинча тез-тез унинг отаси, яқин қариндошлари ӯтмишини эсга солиб, тазйиқ қилиб туришди.

Асли Фарғонанинг машҳур Шоҳимардон қишлоғидан бӯлган бу одам - Адҳам Музаффаров ӯша Шӯро ҳокимияти йилларида бир суҳбат асносида тӯсатдан ёрилди, «портлаб кетди».

Горбачевнинг қайта қуриш йиллари эди. Суҳбат Шӯролар ҳокимиятидаги адолатсизликлар, бутун дунёда мустамлакачилик тугатилгани, лекин Ӯрта Осиё халқлари ҳамон қарамлигича қолиб, ҳар куни «эркин, бахтиёр даврон» ҳақида қӯшиқлар айтилаётгани ҳақида кетди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ўринбой Усмон

Шунда кимлардир «қаҳри қаттиқ прокурор», яна кимлардир «ӯз иши қолиб, ёзувчиликни ҳавас қилиб юрибди», дея таъна қиладиган инсон мудом ӯйчан кӯзлари ёнганча истилочилик сиёсати ҳақида сӯзлай кетди.

Шу-шу икковимиз холи суҳбатлашадиган бӯлсак, Адҳам ака озодлик, мустамлакачилик, шовинистик мавзуларида гапирадиган бӯлдилар.

Мен бундан унча ҳайратланмасдим, чунки ӯзини қадрлайдиган, оқ-қорани унча-мунча ажратадиган ҳар бир ӯзбек зиёлиси қандай тузумда яшаётганлигини яхши биларди.

Драматургга мактуб

Бир куни Адҳам ака менга бир даста қӯлёзма келтириб бердилар. У ӯзбекистонлик таниқли драматургга ёзилган мактуб экан. Бу мактубдан мен Адҳам аканинг оталари Музаффар мингбошининг Ҳамзани ӯлдиришда айбланиб, сургун қилинганлиги, отасининг аммаси Худоёрхонга, ӯзининг опаси эса, Шермуҳаммадбекка хотин бӯлганлигини билиб олдим.

Унинг ота авлоди Порсин (кейинчалик Шоҳимардон деб аталган) қишлоғини обод қилган ака-укалардан бири - Муроднинг қавмидан бӯлади. Катта бобоси Қобил қози номи бутун Фарғона водийсида машҳур бӯлган. Бобоси Муҳаммаджон 45 йил мингбоши лаво-зимида турган. Дадаси - Музаффаржон Муҳаммаджон ӯғли аваал Қӯқон, сӯнгра Бухорода ӯн йил, Истанбулда уч йил таҳсил кӯрган. Халқ уни мингбошиликка сайлаган.

Вақти келиб, муқаддас юрт тупроғини босқинчилардан тозалашдек мардона кураш бошида турган Шермуҳаммадбек Шоҳимардондаги аҳли динни ӯзига жалб қилиш мақсадида шу сӯлим қишлоқдан уйланишга ният қилади. Саркардага Музаффар мингбошининг оиласи маъқул тушди ва унинг ӯн уч ёшли қизи Кароматхонга совчи қӯяди.

Инқилобчи шоир Ҳамза билан ихтилоф

Ҳамза Шоҳимардонга келгач, Музаффар мингбошини ӯзига яқин олган. Чунки у замонасиннг ӯқимишли, маданиятли кишиларидан бӯлган, билим даражасида Ҳамзадан сира кам бӯлмаган. Яна икков бир пайтлар хориж сафарида бирга бӯлишганди. Лекин Ҳамзанинг хотин-қизларни зӯрлаб «очтириш» учун бошлаган ҳаракати Музаффар мингбошига ёқмайди ва Адҳам аканинг тахминларича икки орадаги ихтилоф ана шундан бошланади.

Ҳамзанинг ӯлимидан сӯнг қотилликда қатнашишда айбланган Музаффар мингбоши оиласи Фарғонадан бадарға этилади. Ӯшанда Адҳам тӯрт яшар бола эди, кӯп нарсани билмасди, лекин ақлини танигани сари воқеалар ойдинлашиб бораверди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ўринбой Усмонов

Оила узоқ йиллар она қишлоқдан олисда яшашга мажбур бӯлди. Аввал Бишкек, сӯнг Жалолободда. 1937-йил «қама-қама»ларидан юрак олдирган Музаффар мингбоши хасталикка чалиниб, 1938 йили вафот этади.

Мингбоши ӯлимидан олдин уйидаги арабий ҳарфларда ёзилган китобларнинг ҳаммасини ёқтиради. Гарчи бор мол-мулкидан ажраган бӯлса-да, қаерга кӯчмасин, китобларини асраб-авайлаб олиб кетганди.

Ӯшанда ӯн уч ёшга тӯлган Адҳамнинг кӯз ӯнгида аясига китобларни ёндиришни буюрган отасининг юм-юм йиғлагани-ю, улкан голланд печида олтин суви югуртирилган Навоий «Хамса»сининг «оҳ-воҳ» чеккандайин чирсиллаб ёниши қолган. Отаси фақат муқаддас «Қуръон» ни ёндиришга бермаган.

Ёш Адҳам эса Абдулла Қодирийнинг «Ӯткан кунлар» китобини отасидан сӯраб олган. Отаси бу китоб бошингга бало келтирмасин, деганида, ҳеч ким тополмайдиган ерга авайлаб кӯмиб қӯйишини айтиб, бир амаллаб отасини кӯндирган.

Адҳам аканнг кейинроқ тушунича, раҳматли отаси ӯзидан кейин болаларининг жони шу китоблар учун азобда қолмаслиги учун уларни ӯтга ташлаттирган экан. Лекин барибир у ӯз ҳаёти фарзандлари умрига таҳдид солиши хавфининг олдини ола билмади.

"Ишончга молик эмас шахс"

Яқинларининг ӯтмиши Адҳам Музаффар ӯғлини 40 йил давомида «Коммунистик партия ва Совет давлати учун ишончга молик эмас шахс»га айлантирди. Гарчи СССРда Улуғ Ватан уруши деб аталган иккинчи жаҳон урушида жонини жабборга бериб, жанг қиларкан, коммунистик фирқа сафига кирган бӯлса-да. Гарчи қирғинбарот урушда кӯрсатган мардлик ва жасоратлари учун қӯша-қӯша орден ва медаллар олган бӯлса-да.

Уни тез-тез суҳбатга чақириб туришарди. Тегишли идоралардан.

- Нега таржимаи ҳолингизда ӯтмишингизни яширдингиз?

- Нимани яширибман?

- Ӯзингизни гӯлликка олманг! Нега отангиз, поччангиз ҳақида ёзмагансиз?

- Мана, ёзганман-ку!

- Ёзиш бундай бӯлмайди! Билмасангиз, ёзинг, мен айтиб тураман!..

"Нима? Ӯзбек шоири? Улуғи қани? Буниси нимаси? Шермуҳаммадбек?! Сиз Совет ҳо-кимияти душманлари бӯлган қариндошларингиз тарафидамиз, ҳалигача? Бунақада сизга совет органларида жой йӯқ!

- Қандай ёзай, бӯлмаса?

- Ёзинг: отам - Музаффар мингбоши, чор Россиясининг амалдори, 1929 йили улуғ ӯзбек шоири, демократ Ҳамзани ӯлдиришни ташкил этганлардан бири, опам Каромат - босмачи-лар ҳаракатининг қӯмондони Кӯршерматнинг хотини… Ҳм-м, Шермуҳаммадбек эмиш-а! Душманни бунча бошингизга кӯтариб ҳурматлайсиз?"

Адҳам ёзганларига қараёлмайди, кӯз олди қоронғилашиб кетаверади. Умри давомида қалам қанча қалтирамади, юрак қанча титрамади, бора-бора қӯли кӯникиб қолди. Лекин юрак қурғур ҳеч кӯникмасди. Бӯлмаса, у шунча воқеалардан кейин ҳам совет давлати адолатига ишонди, қӯлига қурол олиб, Иккинчи жаҳон урушида шу ҳукуматни ҳимоя қилди, оғир яраланди.

Қонунда йӯқ моддалар билан айблов

Адҳам Музаффаров урушдан қайтгач, унга яна ӯтмишини эслатиб қӯйишди. У она юртига боролмай, Хӯжандга келди. 1946-йили Москвадаги ҳуқуқшунослик институтига ӯқишга кирди.

1985-йилгача ҳуқуқ-тартибот мақомотларида ишлади. Орада "сен фалончининг ӯғли, фалончининг қайниси", дея бир-икки йил ишдан бӯшатишди.

Лекин ӯз ишининг усталигими, билимими, тажрибали кадрлар етишмаслиги боисми ёки айрим яхши одамларнинг шарофати туфайлими, тағин ишга чақириб олишди.

1952 йили акасини фирқадан ӯчиришгач, бу ҳақда Хӯжандга хабар юборишди. Ӯшанда прокурор ёрдамчиси бӯлиб ишлаётган ёш ва серғайрат Адҳамни ҳам партиядан ӯчириб, ишдан бӯшатишмоқчи бӯлишди. Уни уруш қатнашчиси бӯлгани асраб қолди. Барибир ҳеч нарсадан ҳеч нарса йӯқ қатъий ҳайфсан беришди.

Давлат хавфсизлик хизматининг хуфёна ишларига ӯз вазифасини ижро этиш давомида Адҳам ака жуда кӯп дуч келди.

КГБ кӯпроқ уйида араб ҳуруфотидаги китоб сақлаганларни, эскича, ислом динидан дарс бераётган домлаларни тутиб келар ва прокуратурага улар устидан жиноий иш қӯзғашни буюрарди.

Шундай "қама-қама"лар, душман излашлар натижасида "қӯлга олинган" "зарарли диний китоблар" йӯқ қилинарди. Адҳам ака оёқ остида эзилиб ётган азиз китобларни билдирмай олар ва уйига олиб кетарди.

Лекин айнан шу китобдӯстлиги туфайли ҳам вақти келиб балога қолди. 80-йиллар бошида унинг устидан ёзилган «юмалоқ хат»да Ҳамза қотилининг ӯғли, Кӯршерматнинг қайниси уйида ғаразли мақсадда диний китоблар сақланаётгани ҳам айтилганди.

Текшир-текширдан сӯнг Адҳам ака Жалолободдаги голланд печида ёнаётган Алишер Навоий китобларини ӯртаниб эслаб, йиллар давомида тӯплаб, асраган хазинаси - юздан ортиқ китобни Жумҳурият Фанлар академиясига юборди…

" Э, бу КГБ деганлари мени бир умр таъқиб этди. Ростини айтайми, мен бу маҳкамадан жирканардим ва чӯчирдим. Бир рус ҳамскасбимиз тожик ва ӯзбек терговчиларини рус ти-лида ҳужжат тӯлдиришдаги саводсизликлари учун айблайверди. Ахийри, ёрилиб кетдим: Ӯзинг шунча йил Тожикистонда яшаб, тожикча билмайсан-у, буларни русчадаги озгина хатолари учун турткилайверасанми, дедим. Кӯп ӯтмай, мени КГБга чақиришди".

Адҳам аканинг бу гапларини битта ҳарфини ҳам бузмасдан ёзиб қӯйгандим.

Ӯшанда Адҳам акадан "шунча йил ҳуқуқ соҳасида ишлаб, нега қонунсизлик ҳақида гапирасиз", - деб сӯрагандим.

Биласизми, гарчи мен қонун асосида иш кӯрган бӯлсам-да, ундаги кӯпгина моддалар қаттиқ азоб берарди. Ҳамза ӯлимидан сӯнг отамларни жазолашди. Кейинчалик ҳужжатларни кӯрсам, отамларни айблашда татбиқ этилган ӯша модда қонунда умуман йӯқ экан. Мен 1933-йилдан ӯғирлик учун ҳатто ӯлим жазосигача ҳукм қилиш, 1947-йилдаги давлат ва жамоат мулкини ӯғирлаганлиги учун 25 йилгача қамаш ҳақидаги фармонлар туфайли арзимаган мевани ейиш учун авахтага олиб бориб тиқилганларга ачинаман…", дегандилар Адҳам ака.

Маънавий эзилиш азоби

Музаффаров жиноятчиликка қарши ҳалол ва аёвсиз курашарди. Лекин ҳар гал давлат мукофотларига келганда, уни четлатишарди. Қимматбаҳо буюмлар билан тақдирлашарди, лекин аслида унга берилиши зарур орден-медаллар бошқалар кӯксига тақиларди.

У мукофотларга ӯч эмасди. Фақатгина ӯзига билдирилган навбатдаги ишончсизликдан гоҳ куйиб, гоҳ куларди.

Гарчи оёғида жанг майдонида орттирилган оғир жароҳатлар бӯлса-да, унга уруш ногирони гувоҳномасини йиллар давомида судраб-судраб, фақат Тожикистон мустақил бӯлгач беришди.

"Моддий эзилишга чидаса бӯлар-у, лекин маънавий эзилишга чидаш қийин"

Бу гапларни менга бошидан кӯп уқубатларни ӯтказган, 1942 йилда Абдулла Қодирийнинг "Ӯткан кунлари"ни Фарғонадаги полк мактабида бир неча кун ёддан айтиб берган ва айни пайтда ноҳақ қамалаётганлар судида, терговида қатнашиб, азобланган, ӯзи бир неча қисса ва ҳикоялар ижод қилган ва умрининг анча қисмини таржимаи ҳолини қайта-қайта ёзишга сарфлаган Адҳам ака - Музаффар мингбошининг кенжа ӯғли айтганди.

Бу воқеага яқинда 25 йил бӯлади. Бир куни ишхонамизга Адҳам ака кириб келдилар.

Матога авайлаб ӯралган китобни кӯрсатдилар. У "Ӯткан кунлар" эди. Адҳам ака қалтис йилларда ер остига авайлаб кӯмиб қӯйган буюк роман эди. Лотин ҳарфларида терилган. Мен китобни варақлар эканман, Абдулла Қодирийнинг ӯлмас асарини асраб-авайлаган ва уни бошдан-оёқ ёд олган, менга Отабекнинг Кумушга ёзган хатларини берилиб айтаётган инсоннинг жасоратига ҳам, ҳофизи хотирасига ҳам қойил қолардим.

Адҳам ака саксон ёшга кириб, дунёдан ӯтдилар. Шу ёшда ҳам китобни кӯзойнаксиз ӯқирдилар. У киши вилоятнинг энг кучли адвокатларидан бирига айландилар. Шу билан бирга вилоятга қайси бир прокурор келмасин, Адҳам аканинг ҳуқуқ соҳасидаги тажриба-си, ҳуқукий билимларни сув қилиб ичганини эшитиб, ишга таклиф этарди. У киши прокурор маслаҳатчиси бӯлиб ишлардилар.

Мустақиллик даврида Адҳам Музаффаровнинг яна бир орзуси ушалди. У кишининг романлари ва бошқа асарлари китоб тарзида нашр этилди. Китобларига "Ӯтган кунлар… ӯтиб кетмас", деб ном бердилар.

Асарларидан бири - ҳужжатли қисса "Армия, фронт, туткунлик ва Гулагда 14 йил" деб аталади. Бу асарнинг ҳаётий қаҳрамони азоблари тасвирлари ӯта жонли чиққан. Чунки муаллифнинг ӯзи ҳам бундан кам азобни, айниқса руҳий азобни бошидан кечирмаган эди.

Хӯжанд кӯчаларида кезиб юрар эканман, ногаҳон шундоққина қаршимдан ӯйчан Музаффар ака чиқиб қолгандай бӯладилар. У киши буюк Абдулла Қодирийнинг "Ӯткан кунлар"ини бир бошдан ёддан ӯқий бошлайдилар. Ёниб-ёниб ӯкийдилар, асар охирига, Отабек авлодлари тақдирига келганда, овозлари аламдан титрайди…

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар