Тожикистонда ‘гей ва лесбиянлар ҳисобга қўйилди’

Тожикистон Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Расмий хабарларга кўра, уларнинг сони 367 кишини ташкил этган.

Улар масъуллар томонидан "жамиятнинг заиф гуруҳига кирувчи инсонлар", деб топилишган.

Худди ана шундай талқин остида Тожикистон ИИВ раҳбарияти ва Бош прокуратураси томонидан махсус ҳисобга қўйилишган.

Бу ҳақда Тожикистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилган.

Улардан 319 нафарининг гей ва 48 тасининг лесбиян эканлиги айтилган.

Тожикистонлик расмийларга кўра, "ноанъанавий жинсий ҳаёт кечираётган" бунча сондаги одам махсус амалиёт чоғида аниқланган.

Бу амалиётлар шартли равишда "Ахлоқ" ва "Тозакуни", деб аталган.

Айнан "шу каби шахсларни аниқлаш учун 2016 йилда махсус ишчи гуруҳи ташкил қилинган".

Эксперт-фаолларнинг наздларида, Тожикистонда "ноанъанавий жинсий ҳаёт кечирувчи" инсонларнинг сони бундан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.

Аммо, фаолларга кўра, улар жамият таъқибидан қўрқиб, кимликларини очиқлашмайди, яширин ҳаёт кечиришни афзал билишади.

Таъкидлаш жоиз, ҳам маҳаллий ва ҳам минтақа матбуотида бу каби янгилик шу пайтгача деярли кўзга ташланмаган.

"Гей ҳуқуқларини кўтарган журналистлар ҳайдалсин!"

Минтақадаги вазият

Шу йил июнь ойида Нью-Йорк гейлар байрамида илк бора Ўзбекистон байроғи ҳилпираши кўпчиликнинг эътиборини тортган.

Айни амал ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга ҳам сабаб бўлган. Кўпчилик ўзбеклар ушбу амални қоралашган.

Фергана.ру вебсаҳифасининг ёзишича эса, бу билан Ўзбекистондаги гейлар билан бирдамлик ҳам ифода этилган.

Байроқ кўтариш амали аслида Ўзбекистондаги гейларнинг аҳволига эътибор қаратиш бўлиши мумкинлигига оид фикрлар ҳам изҳор этилган.

Ўзбекистонда эркаклар ўртасидаги бесоқолбозлик ҳамон жиноят, деб кўрилади ва бу учун қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Аммо Ўзбекистонда қонунан лесбиян аёллар жазоланмайди.

АҚШдаги мазкур байрамда, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон байроқлари ҳам кўтарилган.

Бу икки давлатда гейлик жиноят эмас, аммо жамиятда улар таъқиб этилади.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, сўнгги пайтларда Қозоғистон ҳам, Қирғизистон ҳам гейларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш йўлида муайян қадамлар қўйишмоқда.

Яқинда айрим фаоллар Чеченистон раҳбариятини қораловчи шиорларни кўтаришган.

Бунга Чеченистонда гей йигитларни қийноққа солувчи махсус қамоқхоналар бўлиб, у ерда бесоқолбозликда гумон қилинган эркаклар қаттиқ азоб-уқубатларга солинганига оид хабарлар сабаб бўлган.

Расмий Грозный эса, бунга ўхшаш хабарларни такрор ва такрор рад этиб чиққанди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02