ИШИДчилар Марказий Осиёга қайтадими?

ИШИД жангарилари Фото муаллифлик ҳуқуқи Video

Ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳнинг асосий қароргоҳлари бўлган Ироқдаги Мўсул ва Суриядаги пойтахти Раққа шаҳарлари тортиб олинганидан сўнг ИШИДнинг назорат ҳудудлари камайди. Гуруҳ тор-мор этиладиган бўлса, "халифат"га қўшилган Марказий осиёлик жангарилар қаёққа боришади, деган савол устида кўпчилик жиддий бош қотирмоқда.

Би-би-си экстремизм ва терроризм масалалари бўйича экспертлардан ИШИДчи жангариларнинг келгуси тақдири борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришни илтимос қилган, шундай экспертлардан бири - Жорж Вашингтон Университети қошидаги Экстремизм бўйича Дастур директори ҳамда Миландаги Италия Халқаро Сиёсий тадқиқотлар институтида ташкил этилган Радикализация ва Халқаро терроризм Дастури раҳбари доктор Лорензо Видинонинг таҳлилий мақоласи эълон қилинди.

Қайтаётган ИШИДчилар қанчалар хавфли?

Шунча ИШИД жангариси қаерга ғойиб бўлишди?

Ироқ Мўсулидан нима қолди?

ИШИД раҳбарларидан Абдураҳмон Ўзбекий йўқ қилинди

Бундан кейин Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ёки Тожикистондан бориб "Исломий Давлат" сафларига қўшилган жангарилар қаёққа боришади? Би-би-си Ўзбек хизмати Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби илмий ходими Алишер Илҳомовга мурожаат қилди.

Алишер Илҳомов: ИШИД тарафида жанг қилаётган постсовет Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг сони пропорционал нисбатда олинадиган бўлса, унча кўп эмас. ИШИД сафларида кўпчиликни Европа мамлакатлари фуқаролари ташкил қилади. Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатидан "Исломий Давлат" сафига бори қўшилганларнинг сони 500-600 тани ташкил этиши ҳақидаги рақамлар келтирилган эди. Бу ҳам тахминий рақамлар, бу одамларнинг сонини ҳеч ким ҳисоблаб чиққан эмас. Улар, асосан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ва Қозоғистондан борган инсонлар.

Ҳозирга келиб, ИШИД сафидаги Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ёки Қозоғистон фуқароларининг айримлари ҳалок бўлдилар. Бу инсонлар ҳали ҳам ўз мамлакатининг фуқароси саналади, фуқароликдан уларни ҳеч ким маҳрум қилган эмас, улар ўзлари ҳам воз кечган эмас. Айтмоқчиманки, ўзининг мамлакатига потенциал қайтиши мумкин бўлганларнинг сони камайган. Табиийки, ИШИД тор-мор этилганидан кейин келиб чиқиши Марказий осиёлик бўлганлар ёппасига ватанига қайтмайди. Чунки улар қанақа сиёсий муҳитга қайтишларини, ўзларини туғилиб ўсган мамлакатида қандай таҳдид кутиб турганини жуда яхши англашади. Улар ўз қариндошларини, туғилиб ўсган жойларини соғинаётган бўлсалар ҳам хавфсизлик масаласини биринчи ўринга қўядилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption "Исломий Давлат" пойтахти Раққадан сиқиб чиқарилди

Улар қаерга йўл олишлари мумкин? Менимча, биз бундан кейин мана бундай ривожланишни кутишимиз мумкин: собиқ ИШИДчиларнинг бир қисми Яқин Шарқ мамлакатлари, Араб мамлакатларини танлайдилар. Чунки улар аллақачон Яқин Шарқ мамлакатлари жамиятларига интеграциялашишга улгурдилар. Шу боис бу инсонларнинг у ерлардаги маҳаллий жамиятларга мослашишлари қийин бўлмайди. Улар қаттиқ паспорт текшируви йўлга қўйилмаган мамлакатларни танлайдилар. Мисол учун, Ливия, Шимолий Африка ва айрим Яқин Шарқ мамлакатларида собиқ СССР ёки бугунги Ўзбекистондагидек прописка, паспорт текшируви ёки чиқиш визасидек қаттиқ тартиб, сиёсий тизим йўқ. Бундай жамиятларда улар учун адаптация осон кечади. Бундан ташқари, Ливиядек мамлакатда ҳамон жанговар амалиётлар давом этмоқда.

Собиқ ИШИДчиларнинг иккинчи бир қисми Афғонистонга қайтиши мумкин. Афғонистон Марказий Осиёнинг собиқ Шўролари республикаларига яқин. Маданий муҳит ҳам яқин. Афғонистонда форсийзабон жангарилар жанг қилмоқда, улар орасида ўзбеклар ҳам бор. У ерда собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари ҳам қолган.

Ва ниҳоят жуда кам сондаги жангарилар ватанига қайтишлари мумкин. Назаримда улар қандайдир бир топшириқларни бажариш мақсадида вайтишга қарор қилишлари мумкин. Потенциал қайтиши мумкин бўлганларнинг кам сондагиси муаммо барпо қилишлари мумкин. Биз яхши биламизки, ёлғиз ўзи бўла туриб худкушлик ҳужумини содир этадиганлар ҳам жамиятда жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин. Мен мана шу жойда муайян жиддий таҳдидлар мавжуд, деб ўйлайман. Нега? Бир томондан бизда Шўро замонидан қолган полиция-паспорт назорати ҳали ҳам амал қилмоқда. Айни пайтда бу тизим коррупцияга ботган. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги коррупция кучли бўлгани учун мамлакатига бирор қўпорувчиликни содир этиш мақсади билан қайтадиган жангарининг бундай амалларга қўл уриши муаммо бўлмайди. Чунки уларда пул кўп. Биз яхши биламиз, ИШИД ўз назоратига олган ҳудудлардаги нефт ресурсларидан яхшигина даромад олиб келган ва гуруҳнинг молиявий аҳволи яхши бўлган. Уларда логистика, бошқариш ва таъминот яхши йўлга қўйилган. Олинган хабарларга кўра, ИШИД дунёнинг турли мамлакатлари, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам каналлар, алоқа-коммуникацияни яхши ташкиллаштирган. Бу ҳам ташкилотнинг моддий имкониятларидан далолат беради. Гуруҳ пулларини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини "сотиб олиш" ва минтақа жангариларини ўзи туғилиб ўсган ватанига қайтишига йўл очиш учун сарфлаши мумкин. Ватанига қайтган жангариларни эса соғинч туйғуси ортга қайтаради, деб ўйламайман. Уларнинг ўз "маркази" топширган террорчилик хуружи топшириғини бажариш учун қайтишлари эҳтимоли катта. "Марказ"нинг эса Ироқ ёки Сурия ҳудудида бўлиши шарт эмас, у дунёнинг хоҳлаган мамлакатида жойлашиши мумкин.

Ҳозир Ғарбда ортга қайтган жангарилар билан нима қилмоқ керак, деган савол устида бош қотирмоқдалар. Дерадикализация марказлари ташкил этилиб, собиқ жангариларнинг тинч ҳаётга қайтишларига кўмаклашишга ҳаракат қилинмоқда. Уларни жисмонан йўқ талаби илгари сурилаётгани йўқ. Бундай ёндашувни эса биз Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларидан кутолмаймиз. Кимдир ватанига қайтиб, таслим бўлиб, "мен зўравонлик қарашларидан воз кечдим", "қилган ишларимдан пушаймонман", "бундан кейин тинч ҳаётга қайтмоқчиман", "ҳеч қандай хавф юзага келтирмайман", деб бош эгиб борадиганлар жуда озчиликни ташкил қилади. Мисол учун, мен Мирзиёев ҳукумати ёки Миллий Хавфсизлик хизмати бундай бош эгиб келганларни яна жамиятга қайтишига рози бўлади, деб ўйламайман. Ҳойнаҳой, бош эгиб қайтганлар репрессия қилинади, "Жаслиқ"қа юбориладилар. Бун нарсани Сурия ёки Ироқда юрганлар жуда яхши тушунадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ