Кимдир учун чойхона, бошқаси учун эса...

Аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида фаолият юритувчи бир чойхона қолган ҳеч бирига ўхшамайди.

Уч йил аввал вилоят маркази Мозори Шариф шаҳрида очилган бу чойхона фақат хотин-қизлар учун мўлжалланган биринчи ва ягона чойхона бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас.

Видеони BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин

Бу маскан чойхона бўлиш баробарида хотин-қизлар учун маслаҳат, касб-ҳунар ва руҳий мадад маркази вазифасини ҳам ўтайди.

Истанг бу ерда бир пиёла чой ичинг, истанг, ошпазлик ёки оила сирларини ўрганинг.

Агар, бангиворлик балосидан қутулмоқчи бўлсангиз, хоҳланг шу ердан маслаҳат олинг.

Яъни, шаҳарда бўлган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг хабар беришича, бу чойхона ўз эшикларини оддий чойхўрлари қолиб, маиший зўравонлик жабрдийдаларию банги аёллар қадар - ёшу-кекса барча хотин-қизларга очган.

Унинг асосчиси эса, ўзи ҳам Мозори Шарифлик бўлган фаол аёл Фрузон Убайдийдир.

Мухбиримизга кўра, фаол аёл бу чойхонани ўз ташаббуси билан, устига устак, ўз пулига очган.

Ундаги чойдан тортиб, турли хил пишириқлар ва ширинликларгача - сизга Фрузон Убайдийнинг ўз ҳисобидан тортилади.

Кўрсатилаётган турли кўринишдаги хизматлар учун ҳам ҳақ олинмайди.

Бутунбошли бир ҳовлини эгаллаган бу чойхона 100 кишига мўлжалланган.

Афғон аёллари: 'Толибларнинг юзларига шартта-шартта гапирдик'

Афғон аёллари тенгҳуқуқлик учун "муштлашмоқдалар"

Мижозлари эса, биргина Мозори Шарифлик хотин-қизлар билан чекланмайди.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни бу ерга шаҳарлик онахонлару опахонлардан ташқари, қуролли низолар ва турли табиий офатлардан қочиб, Мозори Шарифдан бошпана топган дарбадар аёллар ҳам йиғилишади.

Мухбиримизга кўра, уларнинг орасида Бағлон қолиб, олису тоғли Бадахшондан қадар қочиб келганлари бор.

-Бу ерда кимдир ўз кечмишидан ҳикоя қилса, яна бири ўз турмуш тажрибаси билан ўртоқлашади, бошларидан кечган яхши-ёмон кунларини эслаб, дардлашишади, айниқса, кекса онахонлар учун бу ер кўнгилларини ёзиб олишнинг яхши бир имконияти, - дейди мухбиримиз.

Ҳаёт Шайбонга кўра, афғон жамияти қанчалик анъанадор бўлмасин, оналари бўладими, аёллари ёки опа-сингиллари, шаҳарлик эркаклар ҳам уларнинг бу чойхонага чиқишларига тушуниш билан ёндашишади, анчайин мамнуният билан қарашади.

Аён бўлишича, бу - маҳаллий хотин-қизларнинг илк бор жамоат жойларида бунчалик тўпланишлари эканига қарамай, толиблар бўладими ва ёки бошқа, чойхона асосчисидан тортиб, мижозларигача, жангарилар томонидан шу пайтга қадар бирор бир кўринишдаги таҳдидга рўбарў бўлишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02