Ўшда журналист Алишер Соипов хотирланди

Ўшдаги Алишер Соиповнинг уй-музейи Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK
Image caption Ўшда Алишер Соипов уй-музейи очилди.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида роппа-роса 10 йил отиб ўлдирилган Ўзбек журналисти Алишер Соиповни хотирлаш маросими ўтказилди.

Алишернинг ўлимидан 10 йил ўтди, уни ким ўлдирганди? Видеони BBC O'zbekнинг YouTube каналида томоша қилинг

2007 йил 24 октябрида отиб кетилган журналист Алишер Соипов ўзининг ўткир қалами билан Қирғизистон, қўшни республикалардаги долзарб мавзуларни ёритиб келган.

Эрталабдан марҳум Алишернинг уйига ҳамкасблари уни хотирлаш учун йиғилар эканлар, худди шу уйдан 10 йил муқаддам журналистни сўнгги сафарга кузатганликларини эслашди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

"Алишерга жаноза намози ўқиб бўлинганидан кейин уни тобутда олиб чиқиб кетилаётгани ҳали ҳануз кўз олдимда" - дейди Гулжамал Жороева, журналистнинг ҳамкасби

Ўзининг ўжарлиги, атрофдаги ўзига ёт бўлган қонун ва қоидаларни тан олмаслиги билан ўзгалардан ажралиб турадиган Алишер Соипов ҳамкасблари наздида бугун ҳам тирикдек.

"Алишер юзакиликни ёмон кўрарди. Кимдир ўзини ақлли кўрсатмоқчи бўлса, уни кескин танқид остига оларди. Албатта ҳамма ҳам билимдон бўлолмайди. Бу унинг айби эмас. Лекин Алишер ҳар инсонни ўз ҳолича кўришни истарди. Унинг ички дунёсини билмаган инсон, у билан биринчи маротаба кўришса, уни манмансираган одам деб ўйларди. Йўқ, аслида у жуда содда инсон эди" - дея хотирлайди Алишернинг ҳамкасби Даврон Насибхонов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Алишер туғилиб ўсган уйда унинг уй-музейи очилди.

Уй-музейида марҳумнинг мактаб давридаги дафтарларидан тортиб умрининг сўнгги лаҳзаларида устида бўлган кийимларигача қўйилган. Музейда Алишер талабалик даврида ҳамкорлик қилган "Демос Таймс", "Мезон" каби маҳаллий газета сонларини ҳам кўриш мумкин. Уларда марҳум журналистнинг мақолалари чоп этилган.

Алишер 2000 йилдан бошлаб "Эрон Ислом радиоси", "Озодлик" радиоси, Уруш ва Тинчликни ёритиш институтлари билан ҳамкорлик қилган. 2001 йилдан эса "Америка Овози" радиосининг Қирғизистондаги мухбири ўлароқ фаолият бошлаган ва умрининг сўнгигача давом эттирган. 2007 йилнинг февраль ойида "Сиёсат" газетасига асос солиб, уни нашр эта бошлаган.

Журналист отиб кетилганидан кейин "Сиёсат" газетаси ҳам ўз фаолиятини тўхтатган эди. Орадан 10 йил ўтиб Алишернинг яқинлари газета фаолиятини ҳам қайта жонлантирдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Алишер ўз мақолаларида Қирғизистон ҳамда қўшни давлатлардаги инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, диний вазият, порахўрлик каби мавзуларни ёритиб келган.

Унинг яқинлари журналистнинг мақолаларидан тузилган "Сиз билган ва билмаган Алишер Соипов" китобини ҳам чоп этдилар.

Алишер Соиповнинг ким ва нима сабабдан отиб кетилгани ҳалигача номаълум. Унинг оила аъзолари ва ҳамкасбларининг ишонишича, журналист касбий фаолияти туфайли ўлдирилган.

"Ўғлим ҳалигача тирикдек туюлади. У ҳеч қачон бойликка интилмаган. Пул тўплаб мошина оламан ҳам демаган. Компьютерларини кўрсатиб, шу менинг бойликларим, деб қўярди. Қизи Зулайҳони жуда севарди" - дея хотирлайди кўзда ёш билан Алишернинг онаси Зайнабхон опа.

Журналистнинг ўлдирилганига 10 йил тўлиши муносабати билан унинг ҳаёти тўғрисида фильм ҳам суратга олинган ва 24 октябрь куни Қирғизистондаги ЭлТР телеканали орқали намойиш этилди.

Шоҳруҳ Соиповнинг сўзларига кўра, яқин орада ёш журналистлар учун Алишер Соипов номидаги мукофот таъсис этилади.

"Насиб қилса яқин орада "Сўз эркинлиги ва демократия" тўғрисида ўткир мақолалар ёзган ёш журналистларни Алишер Соипов номидаги мукофот билан рағбатлантириш режасидамиз" - дейди Алишернинг укаси.

Алишер Соипов 2007 йилнинг 10 октябрида Ўш шаҳридаги "Сиёсат" газетаси таҳририяти жойлашган бино ёнида отиб кетилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ