Доғистонда муҳожирлар очлик эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи © Grigory Dukor / Reuters

Доғистонда 11 нафар меҳнат муҳожири очлик эълон қилган.

Улар, расмийларнинг айтишларича, миграция қонунчилигини бузганликлари сабаб Муҳожирларни сақлаш махсус марказига келтирилган.

Тутқунликдаги муҳожирлар мамлакатдан бадарға қилиниш қарорини йиллаб кутишга қарши чиқишмоқда.

Улар орасида 6 давлатдан келган меҳнат муҳожирлари, хусусан ўзбекистонликлар ҳам бор.

" Бу ерда тартибсизлик юзага келган. Бизни йиллаб ушлаб туришибди. Орамизда сил ва бошқа касалликлар билан оғриётган беморлар бор, уларга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти" ,- дейди украиналик муҳожир Эдуард Расторгуев маҳаллий нашрга берган изоҳида.

Очлик эълон қилган муҳожирларнинг билдиришларича, Махачкала шаҳри, Бейбулатова кўчасида жойлашган махсус марказда юздан ортиқ муҳожирлар бор. Улар ташқи дунёдан узилиб қолганликларидан шикоят қилишмоқда.

"Телевизор, радио, телефондан, ҳатто электр чойнакдан фойдаланиш мумкин эмас. Конфет ва печенье сотиб олишимизни ҳам тақиқлашган".

Муҳожирлар муқаддам ҳам "Очлик акцияси"ни ўтказишган. Унда 7 нафар муҳожир иштирок этган.

"Полковник Магомаев келиб, бу муаммони ҳал қилишга ваъда берган. Бош прокурор Юрий Чайка Россия бўйича ҳеч қаерда муҳожирларни 3 ойдан ортиқ тутиб турмасликни маълум қилганди. Аммо Доғистонда чексиз муддат ушлаб туришлари мумкин. Бу гал бизга эътибор беришади, деган умиддамиз", - дейди Расторгуев.

6 ой муқаддам махсус марказда ўтказилган "Очлик акцияси" ортидан 4 нафар ИИВ ходими жавобгарликка топтилган. Аммо шароит ва ватанга жўнатишни тезлаштириш борасида вазият ўзгармаган.

Бу гал муҳожирлар Доғистон Бош прокуратураси, ИИВ ва бошқа давлат ташкилотларига келиб вазиятни текширишларини сўраб, 11 та ариза ёзиб жўнатишган.

Доғистон расмийлари "Очлик акцияси"га ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Мамлакат ИИВ раҳбари Абдурашид Магомаев Доғистон ҳудудида 12 минг чет эллик борлиги, улар асосан ишлашга келган муҳожирлар эканлигини маълум қилган.

Полковникка кўра, "уларнинг бор-йўғи 6000 нафардан зиёдроғи патент расмийлаштирган. Қолганлари миграция қонунларини қўпол равишда бузишмоқда".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02