Ўзбек-Қозоқ чегара нуқталари ўтказувчанлиги кенгаяди

Ўзбекистоннинг "Ғишткўприк", Қозоғистоннинг "Жибек жоли" чегарадан ўтиш нуқтаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси хабар тарқатишича, Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасидаги ўтиш-қайтиш нуқталарининг ўтказувчанлик имкониятларини кенгайтиришга қарор қилинган.

Бу ҳақдаги келишув Президент Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланган.

Келишувга биноан, чегарадан ўтказиш нуқталарини, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, икки мамлакат чегарасига яқин ҳудудларни ободонлаштириш бўйича "йўл харитаси" тузилган.

Асосий эътибор Ўзбекистон пойтахтига яқин "Ғишткўприк", "Зангиота" ва "Тошкент" чегара ўтказиш пунктларига қаратилиши хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси хабарида айтилишича, ушбу ишлар Қозоғистон билан чегарада жойлашган энг муҳим ўтказиш пунктларининг ўтказувчанлик имкониятларини анча оширишга ҳамда ҳам жисмоний шахслар ҳаракатланишига ижобий шароитлар яратиш, ҳам транзит йўналишлари бўйича ҳаракатланаётган юк ташувчиларга қулайлик яратади.

Хабар қилинишича, 2018-2019 йиллар мобайнида "халқаро" мақомга эга бўлган чегарадан ўтиш-қайтиш пунктларида атрофидаги ҳудудларни реконструкция қилиш, кенгайтириш, ободонлаштириш ва мустаҳкамлаш бўйича ишларни бажариш режалаштирилмоқда.

Оддий одамлар оғзаки тилда ҳамон "Черняевка" деб атайдиган, Ўзбекистон томонидан "Ғишткўприк", Қозоғистоннинг эса "Жибек жоли" чегарадан ўтиш-қайтиш пункти доим одамлар ва автомобиллар билан гавжум бўлган.

Мустақиллик йилларида чегарадан ўтиш-қайтиш жойлари анча кенгайтирилганига қарамасдан, ёзнинг жазирама кунларида оддий ўзбекистонликлар чегарадан ўтиш узоқ вақт олиши ва инсонларга анча ноқулайлик туғдиришидан шикоят қилиб келишган.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон божхоначиларининг таъмагирлигига дуч келаётганлари ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ