Туркиядаги ўзбеклар: террор гумондорими ёки қурбони?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Истанбулда 39 кишини отиб ўлдиришда айбланаётган Абдулқодир Машарипов ва яна ўнлаб гумонланувчилар устидан маҳкама бошланган.

Қаршида шу йил июнида Туркиядан депортация қилинган 38 ёшли Эркин Авазов устидан маҳкама жараёни бошланган.

Истанбулда Абдулқодир Машарипов ва 57 киши устидан маҳкама бошланди

Туркия икки қочқинни Ўзбекистонга топширди

Қашқадарёнинг Бешкент шаҳридан бўлган Эркин Авазов давлат тузумини ағдаришга уриниш ва яна қатор жиноятларда айбланмоқда.

Қарши туман судида душанба куни бошланган жараёнда прокурор Авазовнинг Суриядаги террорчиларга маблағ етказиб турганини айтган.

Шу йил апрелида "террор гумондори" сифатида ушланган Авазов БМТ Қочқинлар агентлигига бошпана сўраб, мурожаат қилган.

У Ўзбекистонни сиёсий сабаблар билан тарк этганини айтган.

Аммо турк расмийлари Авазовнинг Туркияда вақтинча яшаш тартибини бузгани важидан депортация қаррори олишган ва 22 июнда Турк ҳаво йўллари учоғи билан Ўзбекистонга йўлланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Авазов шу йил 22 июнида Туркиядан чиқариб юборилганди.

Адвокати Менглижон Холмирзаевнинг айтишича, Авазов 23 июнь куни Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган.

Би-би-си билан суҳбатда ҳимоячи Авазовнинг Суриядаги террорчиларни молиялаш айбига иқрор бўлгани ва унга нисбатан қийноқ қўлланмаганини айтди.

Оммавий ҳибслар

Ўтган янги йил кечаси Истанбулнинг Reina клубига уюштирилган ҳужум ортидан Туркия бўйлаб мингдан ортиқ ўзбек муҳожирлари ҳибсга олинган.

Би-би-сига маълум бўлишича, юзлаб ўзбеклар ҳанузгача террор гумондори сифатида муҳожирлик ва депортация марказларида ушлаб турилибди.

Би-би-си суҳбатлашган туркиялик фаоллар ўзбек ва марказий осиёлик муҳожирларни ҳибсга олишлар ҳануз давом этаётганини айтишди.

Ўзбек муҳожирлари орасида турк полициясининг ўзларига нисбатан қийноқ қўллаганини иддао қилганлар ҳам бўлган.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, қийноқ қўллагани айтилган расмийлардан бири хизмат вазифасидан четлаштирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркия полицияси юзлаб ўзбекистонлик муҳожирларни ҳибсга олган.

Истанбулдаги "Имкандер" инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари Мурод Ўзер юзага келган вазиятда ўзбек муҳожирларининг ўзларини ҳам айблайди.Унинг айтишича, Ўзбекистонни сиёсий важлар билан тарк этган муҳожирларнинг кўпчилиги ўз вақтида турк расмийларини бундан хабардор этиш ва сиёсий ташкилотларга бирлашишдан чекинганлар. Ўрнига ноқонуний яшаш ва яшириниб юришни афзал кўришган. Бу эса турк полициясига уларни судсиз, маҳкамасиз Туркиядан ватанларига бадарға қилишни осонлаштиради.

Истанбулдаги "Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти" Президент Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи чоғида Туркиядаги ўзбек сиёсий муҳожирларининг муаммоларига эътибор қаратишга уринган.

Ташкилот раиси Бурхон Қовунчининг айтишича, Ўзбекистонда бошланган ижобий ўзгаришлар муҳожирлар орасида ватанга қайтиш кайфиятини кучайтирган, аммо айни пайтда хавотирлар сақланиб қолмоқда

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002