Ўлган одамларнинг "ВКонтакте"даги аккаунтлари Путинни мақтай бошлади

ВК Фото муаллифлик ҳуқуқи Sergei Konkov/TASS

Россияда кенг ёйилган "ВКонтакте" ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари антиқа изоҳларга дуч келишди. Президент Путинни мақтовчи фикрларни қолдирган профиль эгалари аллақачон бу дунёни тарк этгани маълум бўлди.

Бу каби хабарлар асосан машҳур бўлган минтақавий ва соҳага тегишли гуруҳларда чоп қилинган. Уларнинг айримлар "Путинкрут" (Путинчўрткесар) хештеглари билан чиққан.

Бу каби изоҳларни қолдирган аккаунт эгалари интернетда анча вақтдан бери кўринмаган. Айримлари бир неча йил ёзмаган. Уларнинг "ВКонтакте"даги саҳифаларига дўстлари ҳамда қариндошлари саҳифа соҳибларининг ўлганига ишора қилувчи изоҳ қолдирган.

"ВКонтакте" матбуот хизмати бу каби ҳолатлар бўлганини тасдиқлади. Ижтимоий тармоқда ушбу аккаунтлар бошқалар томонидан бузилганини тушунтиришди. Шубҳали хабарлар юбораётган одамларнинг саҳифалари айни дамда блокланган.

"Медиазона" нашрининг таъкидлашича, айрим хабарлар қудратдаги "Ягона Россия" партиясининг Ёшлар гвардияси логотипи туширилган суратлар билан безатилган.

Бироқ ташкилот уларнинг логотипларини вафот қилган одамлар номидан ташвиқот масаласида фойдаланганлигига изоҳ бермади.

"Путинчўрткесар" хештеги билан матнлар Владимир Путиннинг 14 декабрда ўтказган катта матбуот анжумани куни пайдо бўла бошлади.

Уларнинг барчаси ўлган одамларнинг саҳифаларидан юборилмаган. Балки бу каби қўлловчи гапларни ёзган айрим аккаунтлар тирик одамларга ҳам тегишли.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002