Липецкда оғир аҳволдаги ўзбекистонлик топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Суратни Липецк шаҳридаги кўнгиллилар ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Ижтимоий тармоқларда миллати ўзбекка ўхшаш қиёфали йигитнинг боши дока билан боғланган сурати тарқалди. Унда қуйидаги изоҳ бор эди:

"Ёш йигитча бош мия жароҳати туфайли хотирасини йўқотган. Бир қиз икки хафтача олдин уни Севастопольская кўчасида беҳуш ётган ҳолида топиб ЛТЗ туманидаги 4-касалхонага келтирган.

Йигит операцияни бошидан кечирди. Шифокорлар хотирасини йўқотган ва нутқида бузилишлар борлиги ҳақида ташхис қўйишган. Унинг ўзбеклиги аниқланди, Липецкка сабзавотлар олиб келган. На исми, на фамилиясини йигит эслай олмайди. Жабрланувчи ҳозир нейрохирургия бўлимида ётибди. Кимдир уни таниса, муносабат билдиришингизни сўраймиз".

Аниқлашимизча, бу эълонни Липецк шаҳридаги кўнгиллилар ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

- Йигитнинг касалхонага тушиб қолиш тарихидан бехабармиз. Аммо унинг шаҳаримизда ҳеч кимсиз, ёлғиз, бунинг устига оғир аҳволдалигини кўриб, жим қараб тура олмадик. Аввало, йигитнинг яқинларини топишимиз керак эди. Унинг зўрға "Ўзбекистон" деганини англадик. Ижтимоий тармоқлар орқали юртдошлари, яқинларини топиш умидида эълон бердик, - дейди Би-Би-Сига липецклик кўнгилли Владимир Викин.

Липецк шаҳридаги 4-касалхона навбатчи шифокори нейрохирургия бўлимида ўзбекистонлик бемор даволанаётганини тасдиқлади.

- Беморнинг бош миясида, бошчаноқ соҳаларида жиддий жароҳатлар бор. Операция ўтказилди. Нутқ аъзолари шикастланган. Ҳозирда ҳуши ўзига келган, аммо ҳали саломатлигини тўлиқ тиклашига эрта. Даволаниш жараёни давом этаяпти, - маълумот берди навбатчи шифокор.

Шифокорнинг айтишича, ўзбекистонлик йигит касалхонага тунда "формали" кишилар томонидан олиб келинган.

Липецклик кўнгиллилар ёрдамида ўзбекистонлик йигитнинг шахси ва у ҳақида маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлдик.

23 ёшли Элёр Юсупов Липецкка мева-сабзавот олиб келган. Айнан нима сабабдан бахтсиз ҳодисага учрагани ҳали аниқ эмас. Аммо унинг ота-онасига хабар берилди ва улар ўғилларининг ёнига етиб келдилар.

- Урганчданмиз. Элёр 20 кундан бери касалхонада ётибди экан. Хабарни эшитишимиз билан дадаси билан йўлга тушдик. Нима бўлганини ўзи айта олмайди, атрофдагилар аниқ билмайди. Жони омон қолганига шукр, - дейди муҳожир йигитнинг онаси Дилором Юсупова.

Айни пайтда Элёрнинг ота-онаси уни Ўзбекистонга олиб кетиш ҳаракатидалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002