Тожикистонда 2000 га яқин масжид ва мадраса ёпилган

Хӯжанддаги «Шайх Маслаҳуддин» марказий жоме масжидида жума намози пайти намозхонлар сиғмай кетади. Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'ZBEK
Image caption Хӯжанддаги «Шайх Маслаҳуддин» марказий жоме масжидида жума намози пайти намозхонлар сиғмай кетади.

Расмий маълумотларга кӯра кейинги йилларда Тожикистонда 2 мингтага яқин масжид ва мадраса ёпилган. Ҳозирда Шимолий Тожикистонда илгари фаолият юритган еттита мадрасадан биронтаси амал қилмаётир. Расмийлар бу ёпилишларни диний муассасаларнинг ноқонуний тарзда амал қилганликлари билан изоҳлашган.

Тожикистонда ёпилган 1930 тадан ортиқ масжиднинг 45 таси Исфара шаҳри ва қишлоқларига тӯғри келади. Шаҳар ҳукумати раиси Дилшод Расулзоданинг билдиришича, бу масжидлар уларнинг фаолият юритишлари учун зарур ҳужжатлар йӯқлиги, санитария меъёрларига риоя қилинмаганлиги боис ёпилган.

"Масжидлар аҳоли учун зарур муассасаларга айлантирилади"

Айни бир пайтда Дилшод Расулзода Исфарада 113 та масжид, жумладан, 11 та жоме масжиди амал қилаётганини таъкидлаган. Унинг айтишича, бу масжидлар намозхонлар учун етарлидир. Айни бир пайтда у маҳаллий аҳолининг ёпилган масжидларни ижтимоий муассасалар учун бериш, бекор қоладиган масжидлар биноларида тиббий нуқталар, болалар боғчалари каби зарур муассасалар очиш таклифи билан чиққанини айтган.

Ёпилган масжидлар бинолари таъмирланиб, эпақага келтирилгач, аҳоли сӯраётган муассасасалар иш бошлаши кутилмоқда.

Фақат Суғд вилоятида эмас, Тожикистонда энг катта туманлардан саналадиган Бобожон Ғафуров туманида эса, 36 та масжид ёпилган. Расмийлар бу масжидларнинг кӯпчилиги вақтида ҳеч қандай зарур ҳужжатларсиз фаолият юритганини иддао қилишмоқда. Айни бир пайтда масжидлар бир-бирига ӯта яқин жойлашгани учун намозхонлар сони камайиб кетгани айтилади. Кӯп масжидларда фақат Бомдод ва Хуфтон намозларида беш-олтитадан, ҳатто бундан ҳам кам намозхонлар ибодат қилишлари айтилмоқда. Расмийлар қолган намозлар пайтлари масжидлар ёпиқ туриши кузатилганини таъкидлашаётир.

Бобожон Ғафуров туманидаги ёпилган масжидлар бинолари кутубхоналар, маҳалла қӯмиталари, чойхона, ижтимоий муассасалар учун берилган.

"Энди дуо қилиш ҳам йӯқ"

Исфарадаги каби Бобожон Ғафуров туманида ҳам амал қилиб келган мадрасалар бундан бир неча йил олдин ёпиб қӯйилганди.

Хӯжанд шаҳридаги марказий мадраса учун қурилаётган янги бино қурилиши эса, битай деганда тӯхтаб қолган. Бу мадраса очилишига расмий идоралар рухсат берилмаётгани сабабли янги бино бошқа муассаса учун берилиши назарда тутилмоқда, дейди маҳаллий таҳлилчи Шоди Шарипов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek
Image caption Исфаранинг Чоркӯ қишлоғидаги бу мадраса бундан деярли 20 йил олдин ёпилганди.

"Мадраса биноси қурилиши давом этаётган пайтлар имом-хатибимиз бу қурилишга моддий ҳисса қӯшаётганлар, холис хизмат қилаётган қурувчилар ҳақига дуо қилардилар. Ҳозирда мадраса қурилиши ҳақида гапирилмайди, дуо қилишлар ҳам йӯқ. Болаларимиз бу мадрасада ӯқишса, исломий билим олишса, нотӯғри йӯлларга кириб кетишмасди", дейди Шайх Маслаҳатуддин масжиди намозхонларидан бири, олтмиш ёшдан ошган Миршариф Мирюсупов.

Айни бир пайтда расмийлар тожикистонлик ёшларнинг чет элларда ноқонуний таълим олаётганликларидан ташвиш билдиришади.

Чет элда ӯқиётганларнинг ҳаммаси заҳарланяптими?

Тожикистон Дин, маросим ва анъаналарни тартибга солиш қӯмитаси мулозими Ҳусейн Шокировнинг айтишича, 400 нафардан ортиқ тожикистонлик хорижий мамлакатларда ноқонуний равишда таълим олмоқда. Улар бунинг учун Тожикистон Маориф вазирлигининг зарур рухсатини олишмаган.

Олдинги йилларда 3 минг нафардан ортиқ талаба чет эллардан қайтариб келинган. Лекин улардан 90 нафарга яқини яна Саудия Арабистони, Эрон, Покистон каби мамлакатларга диний таълимларини давом эттириш учун қайтиб кетишган.

Расмийлар фикрича, хорижий мамлакатларда таълим олаётган тожикистонлик ёшлар онги заҳарланмоқда. Уларнинг кӯпчилиги Тожикистонга қайтиб келгач, салафийлик каби Тожикистонда таъқиқланган оқимлар ғояларини ёйишга уринишмоқда.

Суғд вилоятида асосан Саудия Арабистонида таълим олиб қайтган ӯн нафардан ортиқ киши "Исломий биродарлар" оқимига аъзолик ва унинг ғояларини тарқатишда айбланиб, озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг орасида Гулистон, Конибодом, Хӯжанд шаҳарлари, Бобожон Ғафуров тумани жоме масжидлари имом-хатиблари ва уларнинг муовинлари бор эди.

Диний қӯмита мулозимлари эса, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятидан бошқа барча минтақаларида диндорлар Абу Ҳанафия мазҳабида эканликлари ва айни шу мазҳабга кӯра ибодат қилишлари зарурлиги, йӯқса, фитна келиб чиқиши хавфи борлигини айтишади. Шу боис барча масжидлар эшикларида "Бу масжидда Абу Ҳанафия мазҳабига кӯра намоз ӯқилади", деб ёзиб қӯйилган. Ӯзгача намоз ӯқиш тарзи кӯзга ташланганда, бу намозхонларга салафий тамғаси босилади. Матбуот хабарларига кӯра, Тожикистонда салафийларга нисбатан маҳкамалар тез-тез ӯтказиб турилади ва улар озодликдан маҳрум этилмоқдалар.

Таъқиқлар нимага олиб боради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek
Image caption Исфаранинг Чоркӯ қишлоғидаги бу мадраса бундан деярли 20 йил олдин ёпилганди.

Маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожоновнинг фикрича эса, айнан мадрасалар ва болаликдан исломий сабоқ бериладиган таълим муассасаларининг йӯқлиги боис, тожикистонлик ёшлар хорижда таълим олиш учун интилишмоқда.

"Тӯғри, СССР пайтида ҳозирги Суғд вилоятида бор-йӯғи учта расмий масжид амал қиларди. Ҳозирда уларнинг сони 870 тадан ортиқ. Агар бу рақамлар қиёсланса, намозхонлар учун барча имкониятар муҳайё қилингани кӯринади. Лекин кейинги йилларда масжидлар тобора кӯпроқ ёпилмоқда Бобожон Ғафуров туманидаги қишлоқлардан бирида бир йилда бешта масжид ёпилди. Устига ҳукумат томонидан таъқиқлар борган сари кӯпаймоқда. Аввалига овоз кучайтиргичлар орқали азон чақириш, ундан кейин ёш болаларнинг масжидга боришлари таъқиқлаб қӯйилди. Кейинроқ жамоат жойларида ва ишхоналарда намоз ӯқиш таъқиқланди. Олдинлари намозхонлар аэропортлар, ишхоналарида намоз ӯқисалар, ҳеч ким тергамасди", дейди Аҳмад Бобожонов.

Ёпилиши мумкин бӯлган масжидлар

Тожикистон Дин, маросим ва анъаналарни тартибга солиш қӯмитаси мулозими Ҳусейн Шокировнинг айтишича Тожикистонда яна 230 дан ортиқ масжид ёпилиши мумкин. Агар масжид муассислари талаб қилинаётган ҳужжатларни ажратилган вақтда тайёрлай олсалар, бу масжидлар амал қилиш ҳуқуқига эга бӯлади.

Тожикистон Дин, маросим ва анъаналарни тартибга солиш қӯмитасидан билдиришларича, ҳозирда мамлакатда 3900 тадан ортиқ масжид расман рӯйхатга олинган. Шунингдек, 70 га яқин ноисломий диний бирлашмалар рӯйхатдан ӯтган.

Бу эса, Тожикистонда диндорлар учун барча имкониятлар яратиб берилганини кӯрсатади, дейди қӯмита мулозимларидан бири.

Кузатувчилар эса, ӯн йил олдингига қиёсланганда, масжид ва мадрасалар сони кескин камайиб кетганини ва бу анъана давом этаётганини таъкидлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ