Озарбайжоннинг “оқ олтини”: Пахта кампанияси нега муваффақиятсизликка учрамоқда?

пахта

Озарбайжон иккинчи йилдирки, инқироздан чиқиш мақсадида бир хомашё ишлаб чиқаришни иккинчиси билан алмаштириб ётибди. Амалдорлар пахтани "оқ олтин" деб атайдилар ва сўнгги икки йил ичида мамлакатда уни етиштириш бир неча баробарга ортди.

Бироқ аксарият фермерлар бу тенденциядан норози - уларнинг бир қисми катта фойда келтирмайдиган пахта экишга мажбурланмоқда, бошқа қисми яйловларидан айрилмоқда. Давлатнинг қишлоқ хўжалигига бу таҳлитда аралашуви эса ҳозирдан маҳсулотлар етишмовчилигига сабаб бўлаётгани айтилади.

"Бизда пахта экилмайди," - дейди маҳаллий ҳокимият раҳбари бизни қўшни қишлоққа таклиф қила туриб. Машинага қайтаётган чоғимиз суҳбатга гувоҳ бўлганлардан бири бизнинг олдимизга келиб: "Бу ҳақиқат эмас, ҳозир ҳаммасини сизга кўрсатаман," дейди.

Биз Собиробод туманидамиз - статистик маълумотларга қараганда, бу ҳудуд пахта етиштириш борасида илғорлардан саналади. Фермерлардан бирининг уйида бизни чой билан сийлай туриб, бир-бирига гап бермасдан, ўз муаммолари ҳақида сўзлайдилар.

Фермерларнинг айтишича, бир йилча олдин улар маҳаллий амалдорлар ва давлат томонидан ажратилган арзон кредитларга учиб, ерларига пахта экишни кўпайтирган, лекин ҳозирда бу иш билан шуғулланишни ортиқ исташмайди. Улар давлатдан қуруқ ваъдалардан бошқа ҳеч қандай кўмак, ҳаттоки, сув ҳам ололмаганликларидан сўзлайди.

Оғаулу Каримов ўтган йили 10 гектар ерга пахта экиб, қарзга ботган. «Пахтадан фойда ололмадим, одамлардан қарз бўлиб қолганим қолди, холос,» - дейди у.

Фермернинг сўзларига кўра, сифатли сувдан фойдаланиш имконияти бўлганда бу ҳолга тушмас эди. «Коллектордан олинган сифатсиз сув билан экинларимни суғоришга мажбур бўлдим ва шу сабабли беш тонна ўрнига, атиги, уч тонна ҳосил олдим,» - ҳикоя қилади Каримов.

Фермер пахта етиштириш дастури бошланган пайтда одамлар ўз ерларига сув чиқариш учун кўплаб насослар олиб кела бошлагани ҳақида айтади: «Оқибатда коллекторда сув қолмади ва туз босган қудуқ сувидан фойдаланишимизга тўғри келди».

«Оқ олтин»

Озари ҳукумати пахтага кўпроқ эътибор бера бошлаганига икки йилдан ошди. Ўшанда президент Илҳом Алиев пахтани «оқ олтин» деб атаб, отаси Ҳайдар Алиев мамлакат компартияси Ижроя Қўмитасининг биринчи котиби бўлган вақтларда пахта етиштириш кўлами ҳозиргидан сезиларли ортиқ бўлганини эслатган эди.

Бир йил олдин президент «Пахтачиликни ривожлантириш бўйича Давлат дастури ташкил қилиш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AzerTag
Image caption Президент Илҳом Алиев Собиробод туманидаги пахта даласида

Мазкур дастур доирасида заводлар бир килограмм пахта хомашёси учун фермерларга 0,1 манат (0,006 АҚШ доллари) миқдорида устама ҳақ тўлайди (хомашёнинг қиймати, сифатига қараб, 0,2-0,4 манатни ташкил қилади).

Дастурда, шунингдек, инфраструктурани яхшилаш, инновацион техналогияларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш, пахтани қайта ишловчи саноат корхоналарини қайта тиклаш ва модернизация қилиш ҳамда пахта етиштирувчи туманларни замонавий техникалар билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган.

Бироқ, фермерларнинг сўзига кўра, пахта экиш осон иш эмас ва муаммо фақат сув таъминоти билан тугамайди.

Агроном ва фермер Солеҳ Сулаймонов импорт қилинаётган янги техникалардан нолийди: унинг сўзларига кўра, бошқа машиналарга ўрганган тракторчилар янги техникаларнинг ўзига хос конструкцияси туфайли уларга кўника олмаяпти.

Солеҳ 3,5 гектар ердан 15 тонна ҳосил олишга муваффақ бўлди. Ер имкониятларини ҳисобга олганда, буни «улкан ютуқ», хеч бўлмаганда, «ажойиб» деб ҳисоблайди.

Бироқ бундай ютуққа қарамай, у бошқа пахта экмоқчи эмас. «Шунчаки баландпарвоз рақамлар учун пахта экишдан маъно йўқ. Врач, ўқитувчи келади, трактор рулига ўтиради, лекин бу иш билан рўзғорини тебрата олмайди».

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида таъкидлашларича, вазирликнинг ҳар бир туман бўлимида қишлоқ хўжалиги, шунингдек, ер сифатини баҳолаш бўйича мутахассислар мавжуд: «Бўлимга мурожаат қилган ҳар бир деҳқон агроном маслаҳатини олиш имконига эга. Турли соҳалар бўйича мутахассисларимиз бор, улар деҳқонларнинг исталган саволига батафсил жавоб бера олади».

Бироқ фермер Афлан Жаъфаров агрономлар етишмаслиги, деҳқонларнинг ўзи эса ерга қандай ишлов бериш борасида етарли малакага эга эмаслиги ҳақида сўзлайди. «Бу вақтда ерга фосфор соласан, мана бу вақтда эса аммоний фосфат, калий, азот, деб деҳқонларга тушунтирадиган одам йўқ, - дейди у. - Сиз пахтага тушадиган зараркунандалар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишингиз лозим, лекин врач ёки пайвандчи бўлсангиз, буни қандай қилиб биласиз?»

Image caption Афлан Жаъфаров заводда 10 йил агроном бўлиб ишлаган, бироқ фермерларнинг ичида бу каби мутахассислар кўп эмас.

Қишлоқ хўжалиги ва пахтачиликка берилаётган эътиборни Озарбайжоннинг ўз иқтисодиётини диверсификация қилишга ҳамда нефтьга қарамликдан чиқишга уринаётганлиги билан изоҳлаш мумкин - мамлакатнинг экспортдан тушган даромади ўтган йилда 13,8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бунинг 88,5 фоизи эса нефть, нефть маҳсулотлари ва табиий газ ҳиссасига тўғри келди.

Ўтган йили пахта ва пахта толаси экспорти етти баробарга ортди, лекин бу маҳсулотнинг умумий экспортдаги ҳиссаси бир фоизга ҳам етмайди. 2017 йилда умумий миқдорда 50 миллион долларга тенг пахта экспорт қилинган ёки унинг умумий экспортдаги ҳиссаси атиги 0,6 фоизни ташкил қилган.

Бундай паст кўрсаткичга қарамай, ҳукумат некбинликни йўқотмаяпти ва, бошқа соҳалар ҳисобига бўлсада, пахтачиликни кенгайтиришда давом этмоқда.

2016 йилда ўтказилган референдумда Ер кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, «ижимоий адолат ва самарали фойдаланиш чора-тадбирлари»га мувофиқ ҳукумат нафақат давлат ери, балки хусусий мулкларда жойлашган ерлардан қандай фойдаланишни белгилаб бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Натижада, 2017 йилнинг ўзида пахта етиштириладиган майдонлар миқдори бирданига уч баробарга ўсиб, 136,000 гектарга етди.

«Сигирни молхонадан чиқарма»

Биз Имишли - яна бир пахта етиштириладиган туман томон йўлга чиқдик. Бу туманда чорвачилик билан рўзғор тебратувчи оилаларнинг аксарияти пахтачилик бўйича давлат дастури амалиётга жорий қилингандан сўнг ўз яйловларини бўшатишга мажбур бўлганлар.

«Пахтага деб, еримизни тортиб олишди. У ерда ўзимиз учун уйдан бошқа ҳеч нарса қурмаган эдик, - дейди маҳаллий одамлардан бири. - У ерларда сув йўқ. Агар сув бўлганда, ўзим ҳам нимадир эккан бўлар эдим». У маҳаллий амалдорлар устидан президентга арз қилганини айтади. "Улар келиб: «Сигирни молхонадан чиқарма!» дейишди. Сигиримни ёпиқ жойда нима билан боқаман?"

Кўплаб озарилар ижтимоий муаммолар ҳақида сўз кетганда «президентга арз қилдик» дейишни анъана қилиб олганлар. Чорвадорлар ҳам бундан истисно эмас.

Ширвон водийсидан бўлган чорвадор Алиоға Зейналов ҳам шундай йўл тутганлардан бири. Бир йилча олдин у ва бошқа кўплаб оилалар ерларидан айрилишган. «Ҳокимиятдан одамлар келиб, ерларимиз категорияси ўзгаргани ва қандайдир фермер хўжалиги ҳисобига ўтказилганини маълум қилишди, - ҳикоя қилади Алиоға. - Улгуриб қолганлар чорвасини сотиб юборди».

Зейналов чорвасини сақлаб қолгани ва эндиликда уни ижарага олинган ерда ўтлатаётгани ҳақида айтади. У кўплаб инстанцияларга шикоят қилган, лекин бундан ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмаган ва умид ҳам қилмаяпти.

Image caption Энди кўплаб фермерлар чорвасини йўл четидан ижарага олинган жойларда ўтлатишига тўғри келади

Акстафин туманининг Пойлу қишлоғидан бўлмиш Элхон Гасимов ҳам ерлар пахта учун сотиб юборилишидан зарар кўрган. У дарё бўйидаги ер фермерларга берилгани ва эндиликда бутун қишлоқ чорва молларини суғоришда қийналаётганидан арз қилади.

Мазкур сиёсат гўшт нархининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда, дейди чорвадорлар ва иқтисодчилар - импортчилар чорва моллари камайиши ортидан бошланган гўшт етишмовчилигини юмшатишга уринмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилларда 15 миллиондан 20 миллион долларга қадар қийматдаги гўшт импорт қилинган. Ушбу рақам 2016 йилда 38,6 миллион долларга етиб, 2017 йилда 63 миллион долларни ташкил қилган.

«Жорий йилда маҳаллий етиштирилган гўшт нархи яна ўсишда давом этади. Сабаби ўтган йили сўйиш учун ажратилган чорва моллари сут ва авлод олиш учун йўналтиришга мажбур бўлинди, - дейди иқтисодчи ва қишлоқ хўжалиги мутахассиси Воҳид Маҳрамли. - Бу ҳолат сўзсиз ҳам гўшт ҳам сут нархига таъсир кўрсатади».

Гўшт нархи қимматлашаётгани тўғрисида пойтахт аҳли ҳам гапирмоқда. Пойтахтнинг Аҳмедли мавзесида истиқомат қилувчи ҳисобчи Элмира маҳаллий супермаркетларда гўшт нархи сўнгги уч йил ичида 30 фоизга қимматлаганини айтади.

Расмий рақамлар ҳам аҳоли келтираётганлари билан мутаносиб - бир йил ичида гўштнинг нархи ўртача 25 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари эса 16,4 фоизга қимматлаган.

Элмирага кўра, сут билан ҳам муаммолар етарлича. «Олдинлари қишлоқдан келган сутчилар бир литр сутни 80 тийинга сотарди. Ҳозир эса нарх бир ярим манат (0,9 доллар)».

Нафақахўр Волида ёғнинг нархи ҳам икки баробарга қимматлаганини таъкидлайди. «Қизим ёрдам бермаганда ҳозир мажбурликдан маргарин ишлатаётган бўлардим,» - дейди у.

Ҳаммаси режа бўйича кетмоқда

Депутат ва иқтисодий сиёсат бўйича қўмита аъзоси Воҳид Аҳмедов вазиятга давлатнинг аралашувини тўғри йўл, деб ҳисоблайди. «Давлат раҳбари ўтган йили нафақат нефть соҳасига, балки қишлоқ хўжалигига ҳам алоҳида эътибор қаратди, - дейди у. - Пахтачилик қўшимча молияланиш билан дастакланмоқда».

Унга кўра, давлат сиёсатининг ижобий самараси бугунги кундан кўзга ташланмоқда. Ҳосилдорлик бир неча мартага ўсган бўлиб, ўтган йилда 200 минг тонна пахта йиғиб олинган - бу 2016 йилга қараганда икки, 2015 йилга қараганда эса олти баробар кўп демакдир.

«Албатта агрономлар, сув таъминоти билан муаммолар мавжуд, лекин бундай ҳолат баъзи туманларда, холос,» - дейди депутат. Аҳмедов ҳукумат махсус дастурлар ишлаб чиқиб, уларни амалиётга жорий қилиш вазифаси юқори ташкилотларга топширилгани ҳақида айтади.

Экспертлар эса пахта кампаниясида режали иқтисодиёт унсурлари кўзга ташлана бошланганидан хавотирда. «Пахтачилик билан шуғулланишдан олдин ҳукумат тайёргарлик ишларини олиб бориши лозим эди,» - дейди Маҳрамли. Унга кўра, Озарбайжон етиштираётган пахтанинг сифати паст бўлганлиги сабабли минтақадаги бошқа рақобатчилар маҳсулотидан арзонга баҳоланади.

«Ҳозирги ҳолат гўё совет давридаги режали иқтисодиётга ўхшайди - таннарх қимматга тушмоқда ва ҳукумат ишлаб чиқариш хажаратларини субсидиялар билан қоплашга мажбур бўлмоқда,» - дейди мутахассис. Унинг айтишича, ҳукумат нефть нархи тушиб кетган бир вақтда пахта ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш ва шу йўл билан кўпроқ хорижий валюта оқимини таъминлашга уринмоқда.

«Умуман олганда, пахта - даромадли соҳа, лекин ҳукумат бошидан бу соҳадаги асосий роль фермерларга тегишли эканлигини англаши, даромад олиш учун уларга шарт-шароитлар яратиши ва уларда бу соҳага қизиқиш уйғотиши лозим эди,» - дейди Маҳрамли.

Image caption Экспортга фақат тозаланган пахта юборилади

Айни дастур доирасида ҳукумат текстиль соҳасига субсидиялар ажратиши ва турли йўллар билан уни дастаклаши ҳам кўзланган. Ўтган йили мамлакатда Текстиль маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари ассоциацияси ташкил қилинди. 2016 йилда пахта толасидан йигирилган ип ишлаб чиқариш 20 минг тоннани ташкил қилиб, бу кўрсаткич совет давридагидан паст бўлсада, 10 йил олдинги миқдордан юқори эди.

Gilan Tekstil Parki - мамлакатдаги йирик текстиль маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларидан бири - ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ўсаётганлиги ҳақида хабар беради. 2016 йилда компания 5,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 6,6 миллион долларни ташкил қилди. Бундан ташқари, бу ва бошқа маҳаллий компаниялар турли туманлардаги совет давридан қолган саноат корхоналарини қайта тикламоқдалар.

Бироқ, иқтисодчи Тўғрул Машаллининг сўзларига кўра, бу етарли эмас.

«Пахтани қайта ишлашни тўғри йўлга қўйиш орқалигина сезиларли фойда олиш мумкин,» - дейди Машалли. - Бироқ текстиль саноатимиз жуда абгор ҳолатда. Импорт ва ички ишлаб чиқариш кўрсаткичлари солиштириладиган бўлса, Озарбайжон ўзини, ҳатто, пайпоқлар билан ҳам таъминлай олмаслигини англаш мумкин".

Озарбайжонда пахта терими мавсуми кузнинг ўртасидан бошланиб қишнинг биринчи кунларига қадар давом этади. Ҳозирга келиб пахта териб бўлинган бўлиши керак эди, лекин Бакуга қайтаётганимизда йўлда пахта далаларига кўзимиз тушади.

Шундай дала майдонларидан бирида пахта териб олинмаган ва ғўзапоялар қуриб қолган эди. Қишлоқликлардан бири пахтани йиғиб олиш харажати даромаддан ошиб кетганда шундай ҳолат юзага келиши ҳақида сўзлайди. Шундай қилиб, «оқ олтин» баъзи майдонларда ерзабун бўлиб қолмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар