Давлатни боқаётган 'дангаса'лар

Image caption Жаҳон бўйлаб мигрантлар ҳар йили уйларига 400 миллиард доллар пул жўнатишади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2017 йилда уйларига 3.9 миллиард доллар пул юборишган.

Бу бир йил олдингига нисбатан 42 фоизга кўпдир.

Россия Марказий Банки эълон қилган рақамларга мувофиқ, ўзбекистонлик мигрантлар пул жўнатмалари бўйича минтақада етакчиликни сақлаб қолишган.

Тожикистон (2,54 миллиард) ва қирғизистонлик (2,21 миллиард) муҳожирларнинг пул жўнатмаларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган.

Россия Марказий Банкига кўра, 2014 йилдан буён иқтисодий инқироз ва рубль курсининг тушиши боис пул жўнатмалари ҳажмида пасайиш кузатилганди.

БМТ Тараққиёт Дастури маълумотларига кўра, ўзбекистонлик мигрантларнинг миллий даромаддаги улуши 12 фоизни ташкил этади.

Мамлакатнинг аҳолисининг 7 фоизи хорижда мавсумий ишлар билан банд.

Ўзбекистон ҳукумати охирги бир йил мобайнида мигрантларнинг иқтисодиётдаги улушини расман эътироф этган ва уларнинг шароитларини яхшилаш сари қадамлар қўйган.

Президент Мирзиёевни мигратнларни ватанларида иш билан таъминлаш кераклигини айтган, аммо таҳлилчиларга кўра, мамлакатдаги иқтисодий имконлар ҳозирча муҳожирларни уйларига қайтариш учун етарли эмас.

Марҳум президент Ислом Каримов мигрантларни "дангаса" деб атаган ва уларни ношукурчиликда айблаганди.

Аммо ўз вақтида меҳнати ва қадри эътироф этилмаган фақат ўзбекистонлик муҳожирлар эмас экан.

Хорижда меҳнат қилаётган муҳожирлар ва уларнинг ўз яқинларига пул жўнатмалари камбағал давлатларга йўналтириладиган молиявий кўмакнинг энг кўп эътибордан четда қолган шаклига айланиб қолмоқда. Баъзида бу жўнатмалар ҳажми мамлакатга бериладиган хорижий расмий ёрдамлардан анчайин ошиб кетмоқда.

«The Pew Research» гуруҳи муҳожирларнинг йиллик пул жўнатмалари оқими $574 миллиардни ташкил қилишини тахмин қилмоқда. Мексика, Филиппин ва Нигерия каби энг кўп пул жўнатмалари қабул қилувчи давлатлар ичида Марказий Америкада жойлашган Эл Салвадор ҳам бор.

Синиб ётган баскетбол саватчаси ўрнатиладиган тахталар Эл Салвадордаги Генерал Франсиско Менендез Миллий Институти номли юқори мактабда ҳозиргина баскетбол бўйича йиллик мусобақа тугагандек тасаввур ҳосил қилар эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Испанча қисқартмаси «Инфрамен» бўлган бу мактабнинг аслида тахталарни таъмирлашга маблағи етарли эмас эди.

Шу сабабли асосий қисми АҚШда истиқомат қиладиган мактабнинг собиқ ўқувчилари янги тахталар сотиб олишга қарор қилдилар.

Бундай хайриялар ташкил қилиш борган сари оммалашиб бормоқда. Асосан, АҚШда яшайдиган салвадорлик муҳожирлар шу йўл билан ватан соғинчини бироз бўлсада, юмшатишга уринадилар. Айни вақтда ушбу муҳожирлар жўнатадиган пул Салвадор ЯИМининг асосий қисмини ташкил қилади.

«Бизга ўқитувчиларимиз кўп ёрдам берган. Шахсан ўзим шу йўл билан ўқитувчиларим олдидаги қарзимни узишни истайман,» дейди 56 ёшли Роберто Пилиани. «Инфрамен»нинг собиқ ўқувчиси бўлмиш Роберто 32 йилдан буён Сан Франсискода яшайди.

«Бундан ташқари мен кун ўтган сари ватанини янада соғиниб бораётган салвадорликман.»

Муҳожирлик доллари

Ҳозирда икки миллиондан кўпроқ салвадорлик хорижда муҳожир. Шундай бўлсада, улар ватандан узилиб қолмаган - ўтган йили ортда қолган яқинларига $4 миллиарддан кўпроқ маблағ жўнатганлар.

Эл Салвадор иқтисодиёти кўп томондан хориждан келадиган пул жўнатмаларига қарам. 2017 йилда пул жўнатмалари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 18 фоизини ташкил қилган.

Бу жўнатмалар мамлакатнинг таълим соҳасига ижобий таъсир кўрсатиши тахмин қилинади.

Бироқ Трамп маъмурияти режалаган муҳожирлар бўйича сиёсат тўлиқ амалга ошса, кўплаб, ҳатто, қонуний мақомдаги салвадорликлар қийин аҳволда қолиши мумкин.

Ҳозирдан маълум бўлишича, 2019 йил сентябрига бориб, 200,000 нафар вақтинчалик муҳофазаланган мақомига эга салвадорлик бу мақомдан маҳрум қилинади. Эл Салвадорда 2001 йилда содир бўлган даҳшатли зилзила ортидан АҚШ ҳукумати молиявий ночор аҳволга тушиб қолган маълум миқдордаги салвадорликка мамлакатда қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи ушбу мақомни тақдим қилган эди.

Еврооблигациялар бўйича кредит рейтингларини белгилайдиган «Moody's» агентлиги маълумотларига кўра, Эл Салвадорга юбориладиган пул жўнатмаларининг тахминан 20 фоизи айнан вақтинчалик муҳофазаланган мақомдаги муҳожирлар ҳиссасига тўғри келади.

Трамп ҳокимиятга келгандан бери йиллардан буён АҚШда яшаб келаётган муҳожирларни депортация қилиш 34 фоизга ўсди.

Эндиликда, Эл Салвадордаги муҳожирлик ҳуқуқи фаоллари кўплаб салвадорликлар АҚШда сиёсий муҳит ўзгарганлиги сабабли ўз ихтиёри билан ватанига қайтишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Руҳий кўтаринкилик ва пул

Салвадор мактабларини давлат томонидан молияланиши анчайин абгор ҳолда. Мободо муҳожирлар юборадиган пул камаядиган бўлса, мамлакатдаги бошқа соҳалар ҳам қашшоқланиб қолиши борасида хавотирлар юқори.

«Хорижда ишлаётган ака-сингилларимизнинг бизга бераётган ёрдами салмоғи жуда катта. Улар ҳам иқтисодий томондан ёрдам берадилар, ҳам руҳимизни кўтарадилар,» дейди «Инфрамен» директори Мануэл Ҳюго Канжура.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Салвадор шаҳарлари мигрантлар ҳисобидан кун кўради.

Мактабнинг собиқ ўқувчилари даргоҳ учун тез-тез ўқув формалари, волейбол тўрлари, баскетбол учун саватлар сотиб оладилар ёки ўқувчилар учун кичик стипендиялар ташкил қиладилар.

«Мактабнинг аксарият ўқувчилари қашшоқ оилалардан чиққанлигини ҳисобга олиб, уларга ёрдам беришни ва бу орқали яхши ўқиган шахс учун ёрқин келажак бир кун албатта келишини кўрсатиб, улар руҳиятини кўтаришни истайман,» дейди 1980-йилларда «Инфрамен»ни ташлаб кетган жаноб Пилиани.

Унинг оиласи ҳозирда Эл Салвадорда яшамайди. Шу сабабли у асосий ёрдамини ватанда қолган мактабига йўналтиради.

Иқтисодий қашшоқликдан ташқари Эл Салвадор қуролли зўравонлик авж олган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўтган йили Словения билан тенг бу митти Марказий Америка давлатида 4,000 га яқин қотиллик ҳисобга олинган.

Безори тўдаларга қарши кураш

Эл Салвадорда ёшларнинг безори тўдаларга қўшилиб кетиш эҳтимоли жуда юқори. 6,5 миллион аҳолига эга бу мамлакатда кўча безори тўдалари аъзоларининг тахминий сони 60,000 атрофида.

Кўплаб мактаб ҳовлилари безори тўдаларнинг ўзаро ихтилофларини ҳал қилиб олиш учун жанг майдони сифатида танланади. Ўқувчиларнинг аксарият қисми безори тўдалар назорат қиладиган маҳаллаларда истиқомат қилади. Уларнинг баъзилари бундай тўдаларга қўшилиб кетади ҳам.

Дарсдан ташқари машғулотлар ўқувчилардаги безори тўдаларга қўшилиш ва гиёҳвандликка берилиб қолиш мойиллигини камайтиришига умид қилинмоқда.

«Биз ўқувчиларни спорт билан банд қилсак, уларда баъзи ижобий қадриятларни шакллантира оламиз,» дейди баскетбол мураббийи Жеймс Дуглас Напалеон.

Мураббийнинг ишонишича, баскетбол жамоасидаги икки нафар бола ўтган йили кўча безориларига қўшилиб қолган. У баскетбол билан банд бўлиш болаларда ижобий ўзгаришлар пайдо қилишидан умид қилади.

«Мен спорт билан шуғулланиш сиздаги тушкунликни енгади, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари спорт ўзлигимизни англашда ҳам катта ёрдам беради,» дейди баскетбол жамоасининг 16 ёшли аъзоси Эсмералда Антиллон.

Эшикларни тақиллатиб…

Дарсдан ташқари машғулот ўтгани учун ўқитувчиларга тўланадиган маблағ таъминотига давлат масъул ҳисобланади. Бироқ мактаб директори давлат ўтган йили бу масъулиятни бажармаганлигини айтади.

Собиқ ўқувчилар ҳамжамияти эса бу ҳолдан хабардор.

«Ҳа, бу ҳолда давлат масъул ҳисобланади, лекин у ўз вазифасини адо этишни истамас экан, биз - собиқ ўқувчилар эшикларни тақиллатиб, ҳомийлар қидирамиз,» дейди ҳамжамиятнинг Эл Салвадорда яшайдиган кам сонли аъзоларидан бири Марвин Веласкез.

«Бизга хориждан келадиган кўмак миқдори катта. Агар у тўхтаб қоладиган бўлса, очиғи, кейин нима қилишимизни билмайман,» дейди мактаб директори жаноб Канжура.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар