Тошкент анжуманидан ҳафта ўтмай, Толибонга қарши яна бир ҳужум

Толибон Фото муаллифлик ҳуқуқи courtsey

Толибларга қарши қаратилган ҳаво ҳужуми Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилоятида амалга оширилган.

Йилларки, Толибоннинг минтақадаги асосий таянч нуқтаси сифатида кўрилган Қундуз ҳозир ҳам Афғонистоннинг энг беқарор вилоятларидан бири бўлади.

Қундуз, бундан ташқари, Афғонистоннинг ИШИД гуруҳи сизиб киришга муваффақ бўлган биринчи шимолий-шарқий вилояти ҳам саналади.

Расмий хабарларга кўра, сўнгги ҳаво ҳужуми вилоятнинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти янада издан чиққан Дашти Арчи туманида амалга оширилган.

Унда янги ҳужумларига ҳозирлик кўриш учун йиғилган толиблар нишонга олинган.

Афғонистонлик масъулларнинг айтишларича, ҳаво ҳужумида 15 Толибон жангариси ўлдирилган, яна 10 нафари яраланган.

Нишонга олинган йиғинда Толибон ҳаракатининг Кветта Кенгаши айрим юқори мартабали аъзоларининг ҳам ҳозир бўлишгани айтилади.

Тожикистон: Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида ҳарбий машқлар

Афғонистон: Толибон ҳужуми 130 одамни ўлдирди

Даъволар

Аммо, маҳаллий аҳолининг даъво қилишича, зарба масжидга бориб теккан. Бир қанча оддий одамлар ўлиб, яраланган.

Ўз ўрнида, Толибон ҳам сўнгги ҳодисага ўз муносабатини билдиришда узоқ куттириб ўтирмаган.

Ҳаво ҳужумидан қисқа вақт ўтмай, хос баёнот билан чиққан, ҳодисада 150 нафар уламо ва тинч фуқаро қурбон бўлишганини даъво қилган.

Агар, уларнинг бу баёнотлари тафсилотларига таянилса, ҳаво ҳужуми нишонига айланган сатҳда ўз жангарилари бўлмаган.

Афғонистондаги АҚШ Кучлари эса, ўзларининг бу минтақада бирор бир ҳаво ҳужуми уюштирмаганликларини айтиб чиққан.

Дашти Арчининг катта қисми толиблар назорати остида экан боис, барча бу даъволарни мустақил манбалардан текшириш, тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Анжуман, ҳужум ва баҳорги амалиёт

Толибон ва ИШИД жангариларининг жиддий фаоллашуви ва маҳаллий масъулларнинг марказий ҳукуматга такрорий мурожаатлари ортидан, Афғонистон мудофаа вазирлиги АҚШ Кучларининг дастаги билан сўнгги ойларда минтақада ўз ҳаво ҳужумларини фаоллаштирган.

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Афғонистонга оид янги стратегияси эса, ҳарбий босимни кучайтириш воситасида толибларни музокаралар столига келтиришни кўзда тутади.

Дашти Арчидаги ҳаво ҳужуми Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётлари арафасида кузатилган.

Қундуз охирги йилларда ҳаракатнинг, одатда, апрель-май ойларида бошланувчи ҳарбий амалиётларининг дастлабки нишонига айланиб келади.

Толибон ИШИД жангарилари билан иттифоқчиликда ўз тузумлари қулатилган 2001 йилдан буён афғон тупроғида эришган энг катта ютуқлари ҳам айнан Қундуз вилояти ҳисобига тўғри келади.

Қундуз вилоятидаги Толибон жангариларининг сони ҳозир ҳам юзларга нисбат берилади.

Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош мазкур вилоятидаги бу каби аҳвол Тожикистоннинг ўзи қолиб, Россиянинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётлари арафасида, бор-йўғи ўтган ҳафта расмий Тошкент янги дипломатик ташаббус билан чиққан.

Минтақадаги йирик ўйинчилари дохил 20 дан ортиқ давлат ва қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.

Анжуманда Толибонга сиёсий куч сифатида музокаралар столига ўтириш ва афғон ҳукумати билан олдиндан бирор бир шартларсиз музокаралар олиб бориш таклифи ҳам янграган.

Ўзларининг иштирокларисиз кечган бу йиғин ва унда янграган таклифларга Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek