"Санкт-Петербург портлаши ташкилотчилари таниш бўлмаганлар"

Санкт Петербург метросидаги портлашдан кейин Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шу кунларда Россияда, Санкт-Петербург метросида амалга оширилган террор ҳуружида қурбон бўлганларни хотирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Россия Тергов қўмитаси портлашнинг бир йиллиги арафасида олиб борилаётган тергов ишлари юзасидан маълумот тарқатди. Унга кўра, Федерал Хавфсизлик Бюроси воқеага алоқадор барча шахсларни аниқлашга мувофақ бўлган.

"Санкт-Петербург метросидаги портлашга буйруқ берган, ташкиллаштирган ва уни амалга оширган шахслар бир-бирлари билан таниш бўлмаган. Улар ўзаро замонавий алоқа воситалари орқали хабарлашишган. Бу ҳолат тергов учун ўзгача қийинчилик туғдирди", - дейилади қўмита маълумотида

16 кишининг умрига зомин бўлган террор хуружини ўшлик, Россия фуқароси 22 ёшли Акбаржон Жалилов амалга оширгани айтилади. Яна бошқа бир маълумотга кўра, портлаш мосламаси масофадан туриб бошқарилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Воқеага алоқадорликда гумонланиб, Россияда ишлаётган Марказий осиёлик 11 нафар муҳожир қўлга олинган. Уларнинг орасида қирғизистонлик ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар ҳам бор.

3 апрелда Москва шаҳар суди портлашни уюштирганликда айбланиб, ҳозирда қамоқда сақланаётган 11 киши: Акром Азимов, Сайфулло Ҳакимов, Дилмурод Мўйдинов, Содиқ Ортиқов, Азамжон Маҳмудов, Муҳаммадюсуф Мирзаолимов, Баҳром Эргашев, Иброҳим Эрматов, Муҳаммадюсуф Эрматов ва Шоҳиста Каримоваларга 6 июлгача қамоқ муддатини узайтирган. Шунингдек, Аброр Азимов 19 июлгача қамоқда қолдирилган.

Қўлга олинган меҳнат муҳожирлари Санкт-Петербургда осиёликлар учун мўлжалланган таомланиш жойларида ишлаб, барчаси бир уйда яшаган.

Ўғиллар ва отасиз бир йил

Фото муаллифлик ҳуқуқи Оилавий архивдан
Image caption Акром ва Аброр Азимовларнинг яқинлари уларнинг портлашга алоқаси борлигини рад этиб келадилар

Жалолободда Азимовлар оиласи Акром ва Аброрни тезроқ қамоқдан озод этилиб, оқланиб, уйига қайтиб келишларини кутмоқда.

Акромнинг икки ўғли ва бир қизи отасини соғинган. Аброр хаста қизини даволатиш учун пул тўплаш мақсадида Москвага кетиб, қайтиб келмади.

Вазира Азимова, ўғиллари қамоқдан ёзган хатларини сақлаб, уларни ҳар замон ўқиб кўзига ёш олади.

"Ўғилларимиз ҳақидаги ҳар бир хабарни кузатиб борамиз. Нима қилишни ҳам билмай қолдик. Фақат, намозларимда Аллоҳдан ўғилларимни ўз паноҳида сақлашини, уларни тезроқ олдимизга қайтиб келишларини сўраб, дуо қиламан", - дейди онахон биз билан суҳбатда.

Оила бошчиси Ахрол Азимов эса хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб, оилани боқиш билан овора. У топган пулини ҳам оила рўзғорига, ҳам ўғилларининг ҳимоячиларига хизмат ҳақлари учун тақсимлаб, ҳар ой уларга юборади.

"Бугун суд ўғилларимни яна қамоқда қолдирди. Бунгача Аброрни 17, Акромни эса 19 апрелгача қамоқда сақланади, дейишган эди. Ҳозир энди уларнинг ҳимоячилариги пул жўнатиш учун яна пул топишим керак" - дея бош қотиради Ахрол Азимов.

У 2017 йилнинг 14 декабрь куни эрталаб Москва полицияси томонидан ҳибсга олиниб Кунцево Ички Ишлар Бошқармасига олиб кетилган. Деярли икки кун давомида унинг қаердалиги номаълум бўлган. Кейинчалик Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлиги, Ахрол Азимов Россия Федарал Ҳавфсизлик Бюросига чақиртирилиб, унга Россия фуқролигидан маҳрум этилганлиги ва Россияни тарк этиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek
Image caption Ахрол Азимовни Россия фуқаролиги ва ҳудудидан чиқариб юборишган

"14 декабрь куни эрталаб мени формасиз киши тўхтатиб ўзини Николай деб таништирди ва қандайдир тунашнинг текширилиши баҳонасида мени Кунцево ИИБга олиб кетишди. Ёнимга ёш аёл ўтирди, кейин маълум бўлишича, у Валерия исмли ФСБ ходими экан. Бўлимда мени тинтув қилдилар, телефонимни олиб қўйдилар, адвокат чақиришга рухсат бермадилар. Шундан кейин қўлимга Россия фуқаролигидан маҳрум этилганим тўғрисида қарорни топширдилар ва бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этишимни талаб қилдилар. Амалда менга ўз ихтиёрим билан кетишни таклиф қилдилар, акс ҳолда сени спецприемникка ўтқазиб қўямиз, дедилар", - дейди Ахрол Азимов. Мен рози бўлдим, улар билет олиб беришди ва хурсанд ҳолда мени кузатиб қўйишди. Кузатувчилар Ахролга ишдан бўшашга ёрдам беришни ва ҳаммасини бир кунда расмийлаштиришни ваъда қилдилар", - дейди Ахрол ака биз билан суҳбатда.

Расмий маълумотга кўра, Ахрол Азимовни Россия фуқаролигидан маҳрум этилишига, уни қабул қилишда ҳужжатларда ёлғон маълумот берганлиги сабаб бўлган. Бироқ, Ахрол Азимов бундан бир неча йил аввал Россия паспортини янгилаганини, унда ҳеч қандай муаммо бўлмаганини таъкидлайди.

"Мен озод этилишлари учун курашиб келган фарзандларимни Питер метросидаги терактга алоқадорликда айблаяптилар. Биз ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилганимиз учун болаларимнинг адвокатига қарши жиноят иши қўзғадилар, мени эса халақит бермаслигим учун Россиядан кетказиб юбордилар", - дейди Ахрол Азимов.

"Ака-ука Азимовларнинг бизга алоқаси йўқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek

Сурияда давом этаётган жангларда давлат армиясига қарши курашаётган "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳ раҳбари Абу Салоҳ биз билан суҳбатда, Санкт-Петербург метросидаги портлашни уюштиришда айбланаётган ака-ука Акром ва Аброр Азимовлар билан алоқаси йўқлигини маълум қилди.

"Бу ака-ука Азимовларни мусулмон, мазлум бўлган биродарларимиз деб биламиз. Бу биродарларни ҳеч қандай жиҳодий ҳаракатга алоқаси йўқ. На бизга ва на бошқасига. Бошқалардан ҳам суриштирдик-ки, бу биродарларни жиҳодий жамоатга умуман алоқаси йўқ. Бу ишни (Санкт-Петербург метросидаги портлаш назарда тутилмоқда-таҳ) қилишликка, умуман ака-ука Азимовларнинг алоқаси йўқ", - дейди асли исми Сирожиддин Мухторов бўлган, Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳининг қўмондони Абу Салоҳ Би-би-си учун берган эксклюзив интервьюсида.

У ўтган йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросидаги портлашни амалга оширганлиги айтилаётган ўшлик Акбаржон Жалиловнинг алоқаси ва унга ўзи тарафидан буйруқ берилганлиги ҳақидаги саволимизга жавоб бермади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 мартида Россиянинг Федерал Хавфсизлик Бюроси, 2017 йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросидаги террор хуружи, Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" террор гуруҳи қўмондони Абу Салоҳ тахаллуси остидаги Қирғизистон фуқароси Сирожиддин Мухторов буйруғи асосида амалга оширилганини маълум қилган.

Унинг номи Калининграднинг "Храброво" аэропортида "Тавҳид ва Жиҳод" жамоати раҳбари билан алоқадорликда гумонланган Россия фуқароси қўлга олиниши ортидан янграган. Россия Хавфсизлик идораси илк маротаба Абу Салоҳ ва у қўмондонлик қилган "Тавҳид ва Жиҳод" террор гуруҳини расман Санкт-Петербург метросидаги портлашга алоқадорлигини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ