Генерал Дўстумнинг 'тақдири' кун тартибида...

Арг Фото муаллифлик ҳуқуқи Inoyatullah Babur Farahmand

Пойтахт Кобулдан олинган хабарларга кўра, Афғонистон ҳукумати ҳозир худди шу нарсани - мамлакат биринчи вице-президентининг ортга қайтиши-қайтмаслиги масаласини кўриб чиқмоқда.

Генерал Абдулрашид Дўстум, қарийб бир йилдирки, Туркияда.

BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида томоша қилинг

Расман генерал Абдулрашид Дўстумнинг Анқарага тиббий текширув ва даволаниш учун жўнаб кетгани айтилган.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президентининг Туркияга кутилмаган сафари унинг мамлакат президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига қарши янграган устма-уст кескин танқидлари ва сиёсий мухолифининг жинсий тажовузга оид иддаолари манзарасида кузатилган.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг танқидлари у Афғонистон шимолида сўнгги бор бошчилик қилган йирик ҳарбий амалиёт ортидан, 2016 йил охирларида янграган.

Ҳарбий карвони кутилмаганда пистирмага дуч келаркан, янги бошлаган амалиётларидан икки ҳафта ҳам ўтмай, Афғонистон биринчи вице-президенти Фарёбдан Жузжон маркази - Шибирғондаги уйига қайтиб кетган.

Толибларнинг пистирмаси натижасида генерал Дўстумнинг яраланганига оид хабарлар олинган, аммо унинг девони бу каби хабарларни кескин рад этиб чиққанди.

Бунинг ортидан, Шибирғонда экан, Дўстум Афғонистон президенти ва ижроий раисига қарши кескин танқидлар билан чиққан.

Икковлонни "миллатчилик", президент Ғанини бунга қўшимча қудратпарастликда ҳам айблаган.

Айни шу сабаблар туфайли ҳам, мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқлигини айтиб, мавжуд ҳолатни ҳам жиддий танқид остига олган.

Афғонистон биринчи вице-президенти тезда Лоя Жирга чақирилиши ва қудратни мамлакат конституциясига мувофиқ тақсимланишини талаб қилган.

Президент Ғани ҳам узоқ куттириб ўтирмаган, бунга қарши кескин баёнот билан чиққан.

Генерал Дўстумнинг танқидлари масъул идоралар томонидан текширилиши лозимлигини айтган.

Аммо бунинг ортидан ҳам, Афғонистон биринчи вице-президенти ўзи-да юқори мартабали аъзоси бўлган мамлакат раҳбариятига қарши танқидларини тўхтатмаган.

Бунга ўхшаш танқидлар афғон ҳукуматининг бошқа айрим юқори мартабали мулозимлари томонидан ҳам янграркан, мамлакатда сиёсий бўҳрон юз бериши ва коалицион ҳукумат парчаланишига оид жиддий хавотирлар пайдо бўлган.

Генерал Дўстум кетди, аммо 'қайтади'

Генерал Дўстум уй ҳибсидами?

Янги даъволар

Орадан қисқа вақт ўтмай, Афғонистон биринчи вице-президентининг асли жузжонлик сиёсий мухолифи Аҳмад Ишчи генерал ва унинг тан қўриқчиларига қарши жинсий ва жисмоний зўравонликларга оид иддаолар билан чиққан.

Ҳам Афғонистон биринчи вице-президенти ва ҳам унинг девони бу даъволарни кескин рад этишган, уларнинг "сиёсий важларга асослангани"ни айтишган.

Орада президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг идорасига қайтмаслик буйруғига бўйин эгмагани боис, Афғонистон биринчи вице-президентининг Кобулдаги уйи атрофига катта сондаги полиция кучлари ва ҳарбийлар сафарбар этилишгани ва Дўстумнинг "уй ҳибсида" эканига оид хабарлар олинган.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Дўстумнинг Анқарага жўнаб кетганига оид хабарлар олинган.

Бу эса, таҳлилчилар орасида генералнинг Туркияга ўз ихтиёри билан муҳожиратга юз тутган бўлиши мумкинлигига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Генералнинг ўнга яқин тан қўриқчисига нисбатан сиртдан жиноий иш очилган, уларнинг барчаси сиртдан саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Аммо партияси воизи ортидан, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам генерал Абдулрашид Дўстумнинг Анқарага одатий тиббий текширувдан ўтиш ва дам олиш учун келганини айтиб чиққан.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзи истаган пайтда бемалол ортга - Афғонистонга қайтиши мумкинлигини баён қилган.

Орада генерал Абдулрашид Дўстум Анқарада яна Афғонистондаги иккита йирик сиёсий партия лидерлари билан бирга "Афғонистонни қутқариш коалицияси"га асос солишган.

Бунинг ортидан, ўтган йил июль ойида "коалицияни расман таништириш" мақсадида Туркиядан Афғонистонга қайтмоқчи бўлганида, у "тушган самолёт ортга қайтарилган"ига оид хабарлар олинган.

Аммо Дўстумнинг идораси бу самолётда Афғонистон биринчи вице-президентининг бўлмаганини айтиб, айни мазмундаги хабарларни кескин рад этишганди.

Гап-сўзлар ва хабарлар

Қарийб бир йилдирки Туркияда қоларкан, генералнинг Афғонистонга қайтиш масаласи президент Ғанининг Ўзбекистон ва Туркия раҳбарияти билан музокаралари чоғида ҳам муҳокама этилганига оид гап-сўзлар ўртага чиққан.

Аммо Туркия Бош вазирининг бундан икки ҳафтача бурун Кобулга қилган сафари ва ниҳоят бу масалага бироз ойдинлик киритгандек бўлган.

Туркиялик ҳамкасби билан бирга берган қўшма матбуот анжумани чоғида Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулла Абдулла биринчи вице-президентнинг ортга қайтиши мавзусига тўхталган.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим ушбу масалани Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан музокаралари чоғида муҳокама қилишини билдирган.

Аммо, Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, бу музокаралар тафсилотлари ҳали-ҳануз матбуотга расман эълон қилинмаган.

Туркия Бош вазирининг Кобулга ташрифи арафасида Афғонистон президентининг "ҳол-аҳволи"ни сўраб, Анқарага, генерал Дўстумга қўнғироқ қилганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Маҳаллий кузатувчилар ҳам бу телефон қўнғироғини Афғонистон биринчи вице-президентининг ортга қайтиши масаласида берилган "яшил чироқ" сифатида талқин этишган.

Бугун пойтахт Кобулда матбуот анжумани берган Афғонистон ижроий раисининг матбуот воизи Би-би-сининг саволига жавобан яна шу мавзуга тўхталиб ўтган.

Доктор Мужиб Раҳимий Афғонистон ҳукумати аллақачон бу масала муҳокамасига киришганлигини маълум қилган.

Матбуот воизи Афғонистон биринчи вице-президентининг йўқлиги ҳукуматнинг фаолиятига салбий таъсир қилганлигини ҳам қўшимча қилган.

Дўстумга яқин расмий манбалар эса, Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ҳозирча айни мазмундаги хабарларни шарҳламасликларини билдиришди.

Охирги ҳафталарда бўй кўрсатаётган бу каби янгиликлар борасида Афғонистон президент саройи ҳам жим.

Аммо, лекин, бироқ...

Аммо, таъкидлаш жоиз, биринчи вице-президентнинг ортга қайтиши-қайтмаслиги билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи Афғонистон расман парламент ва президент сайловларига ҳозирлик ишларини бошлаб юборган бир манзарада кузатилмоқда.

Куни-кеча генерал Дўстум Анқарада Афғонистон Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний билан учрашгани, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош мамлакат шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан ташқари, айнан сайловлар масаласини ҳам муҳокама этишганига оид хабарлар олинган.

Навбатдаги Афғонистон президент сайловининг келаси йил - 2019 йилда бўлиб ўтиши режаланган.

Генерал Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан ҳам бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири саналади.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши урушиб келган.

Генерал Дўстумнинг кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда муҳим ўрин тутган.

Бунинг ортидан, янги афғон ҳукуматидаги расмий амали у қадар баланд бўлмаса-да, аммо амалда таъсири жуда кучли бўлгани эътироф этиб келинган.

Орада президентликка ўз номзодини ҳам қўйган, маълум муддат Афғонистон Қуролли кучларига бошчилик ҳам қилган.

Афғонистон президентлигига номзод сиёсатчилар ҳамиша шимолий саккиз вилоятда зич яшовчи кўп миллионли Ўзбекларнинг овозини олишга уриниб келишган.

Таҳлилчилар генерал Дўстумнинг дастаги номзод сиёсатчининг сайловларда ғалаба қозониши учун етарлича овоз йиғиб бериши мумкинлигини айтишади.

Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихида вице-президент мақомини эгаллай олган биринчи ўзбек сиёсатчиси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek