Бишкек ҳокими Мирзиёевдан ўрнак олди..ми?

Бишкек шаҳри ҳокими Албек Ибраимов Фото муаллифлик ҳуқуқи KNEWS

Қирғизистон пойтахтининг ҳокими оддий одамларнинг муаммоларини ўз кўзи билан кўриш мақсадида баъзан ташқи кўринишини ўзгартириб Бишкек кўчаларини айланишини тан олди.

Бишкек шаҳри ҳокими Албек Ибраимовнинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига айтишича, у одамлар ўзини танимасликлари учун эгнига эски кийимларни ташлаб, юзига сохта соқол ёпиштириб олади.

"Мени ҳеч ким танимаслиги учун эски кийимларни кияман, соқол қўйиб, галстугимни ечиб қўяман. Кейин ишлар аслида қандайлигини ўз кўзим билан кўришга бораман", деб айтди Албек Ибраимов.

Жаноб Ибраимов бу гапни 13 апрель куни Бишкекдаги "Ўш бозори"даги ёнғинни муҳокама қилаётган пайтида гапирган.

Бишкек ҳокими бу гапи билан ёнғин туфайли мол-мулкидан айрилган савдогарларнинг ташвишларидан узоқда эмаслигини билдирмоқчи бўлган.

У товарлари ва даромадидан айрилганларга молиявий кўмак берилишини ваъда қилган.

Матбуот хабарларига кўра, сўнггиси "Ўш бозор"даги 2018 йил бошидан буён рўй берган учинчи ёнғин бўлган.

Бишкек мэри Ибраимов энди қайта қуриш жараёнида бозор ичида кузатув камералари ва сув ўчириш кранлари ўрнатилишини айтган.

Эски кийим кийиб ўз ҳукмронлиги остидаги шаҳардаги аҳвол ва одамларнинг кайфиятини билиш ҳақидаги ривоят VIII-IX асрларда Бағдод халифаси бўлган Ҳорун ар-Рашиддан қолган.

Замонавий ўзбекистонликлар биладиган энг сўнгги ҳодиса Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги собиқ 16-шаҳар шифохонасига боргани билан боғлиқ.

2016 йил декабридаги президентлик сайлови арафасида жаноб Мирзиёев Республика Тез тиббий ёрдам марказига боргани ва у ерда мижозларга кўрсатилаётган хизмат сифатидан қониқмагани ҳақида кейинроқ мажлислардан бирида айтган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek