Ўзбекистондан кейин Қозоғистон: Ёзувни янгилашнинг баҳоси қанча?

Алифбо ўзгартирилиши сиёсий қадамми? Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Алифбо ўзгартирилиши сиёсий қадамми?

Қозоғистон 2025 йилга қадар кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтишга тайёрланмоқда. Лотин ёзуви, албатта, Ғарб давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашда ёрдам беради. Бироқ бундай улкан мамлакат бўйлаб ёзув ислоҳотини ўтказиш давлат ғазнасига қанчага тушади?

«Буни гўзаллигини қаранг!» ҳайқиради пойтахт Остонадаги кичик ресторан асосчиларидан бири Кайпиев президент Назарбоев томонидан тасдиқланган алифбонинг сўнгги шаклини илк бор кўра туриб.

Ҳукумат ўтган йилнинг октябр ойидаёқ лотин ёзувига асосланган янги алифбо шаклини тасдиқлаган эди. Аммо бунинг ортидан Назарбоевнинг 30 йилга яқин қаттиққўл бошқаруви давомида жуда кам кўзга ташланган воқеа юз берди - аксарият ҳукуматнинг ушбу қарорини очиқ танқид қила бошлади.

Алифбонинг биринчи шаклида қозоқ тилидаги ўзига хос товушларни ифодалаш учун апострофлардан фойдаланилган эди, лекин танқидчилар мазкур белгилар ёзувни ўта хунуклаштириб юборишидан нольидилар.

Кайпиевга ёққан иккинчи шаклда ўзига хос товушлар урғу белгиси каби ҳарфнинг юқори қисмига қўйилган белгилар билан ифодаланмоқда. Масалан, Қозоғистон Республикаси алифбонинг биринчи шаклида Qazaqstan Respy'bli'kasy деб ёзилган бўлса, иккинчи шаклда апострофларсиз Qazaqstan Respýblıkasy кўринишида ёзилмоқда.

«Буниси олдингисидан анча чиройли,» дейди Кайпиев. «Биринчиси итбалиққа ўхшарди.»

Ёзувнинг ўзгариши Кайпиев бизнесига ҳам таъсир қилмоқда. Унинг ресторани ўтган декабрь ойида очилган бўлиб, алифбонинг биринчи шакли қоидаларига кўра Sa'biz деб номланган эди. Барча рекламалар, маркетинг материаллари, қоғоз сочиқ идишлари ва таомномаларда ҳам шу ном битилган. Эндиликда буларнинг бари ва ресторан ташқарисидаги каттакон ёзув ҳам алифбонинг сўнгги тасдиқланган шакли қоидаларига биноан қайтадан ўзгартириб чиқилиши лозим.

Кайпиевга кўра, ҳукумат алифбонинг биринчи шаклини тасдиқлаган ҳамоноқ, у қайта ўзгартирилмаса керак, деган фикрда ресторандаги барча ёзувларни лотин алифбоси асосида ёздириб чиққан. У ресторан номини Sa'biz'дан Sábiz'га ўзгартириш ўзи учун $3,000 га тушишини тахмин қилмоқда.

Кайпиев ва у каби бошқа кичик тадбиркорлар бошдан кечириши лозим бўлган бундай ўзгартиришлар 2025 йилга қадар мамлакат бўйлаб кенг кўламда амалга оширилиши лозим. Харажатлар ҳам шунга яраша улкан миқдорда бўлишини олдиндан англаш қийин эмас. Бундан ташқари қозоқ тилидан кўра рус тили кенгроқ оммалашган Қозоғистондек давлатда лотин ёзувига ўтилиши ҳам анчайин дадил қадамдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Taylor Weidman
Image caption Ёзувнинг ўзгариши Кайпиев бизнесига ҳам таъсир қилмоқда.

Она тили

2016 йил маълумотларига қараганда Қозоғистон аҳолисининг учдан икки қисмини этник қозоқлар ташкил қилади. 20 фоиз аҳоли эса рус миллатига мансуб. Совет даврида мамлакат аҳолисининг деярли барчаси рус тилида равон сўзлаша олган. Ҳозирда 18 миллиондан зиёд қозоғистонликларнинг 94 фоизи русчада эркин сўзлайди. Қозоқ тили саводхонлиги иккинчи ўринда - 74 фоиз.

Олма-ота ва пойтахт Остона каби шимолий шаҳарларда рус тили ҳам сўзлашув, ҳам давлат идораларида кенг қўлланилса, жанубий ва ғарбий ҳудудларда кўпроқ қозоқчада гаплашилади.

Ҳозирда қозоқ тили кирилл ёзувида ёзилади. Қўшни мамлакатлар Совет ҳукмронлиги қулаши билан бу ёзувдан юз ўгира бошлаганлар. Масалан, Озарбайжонда лотин ёзуви 1992 йилда муомалага киритилган бўлса, Туркманистон бундай ислоҳотга 1993 йилда қўл урган.

Қозоғистон орадан деярли 30 йил ўтгач бундай ислоҳотни амалга оширмоқчи. Унинг жорий иқтисодий муҳитида бутун мамлакатни лотинлаштириш қанча маблағ талаб қилишини олдиндан айтиш қийин.

Ўзгаришнинг баҳоси

Давлат матбуот нашрларининг хабар қилишича, ҳукуматнинг етти йил давом этадиган лотинлаштириш ислоҳоти уч босқичдан иборат бўлиб, уни амалга ошириш учун умумий ҳисобда 218 миллион тенге ($664 миллион) ажратилган. Ушбу маблағнинг деярли 90 фоизи таълим дастурлари доирасида лотин ёзуви асосидаги дарсликлар ва китоблар чоп этишга сарфланади.

Ҳукумат 2018 ва 2019 йилнинг ҳар бири учун роппа-роса 300 миллион тенге ($922 миллион)дан ажратган; бу пуллар бошланғич ва ўрта таълим мактаблари фаолиятига йўналтирилади, дейди Олма-отадаги КИМEП университетидан иқтисодчи Элдор Мадумаров.

Айни вақтда ўқув дастурлари ва дарсликларни лотин ёзувига ўтказиш ишлари шу йилдан бошланиши кутилмоқда. Ўқитувчилар ва мактабгача таълим муассасаларида жорий йилдан лотин ёзувини ўргатиш дастурлари жорий этилади. 2020 йилга бориб биринчи синф ўқувчилари янги ёзув асосида таълим ола бошлайди. Шу тариқа 2025 йилгача бутун таълим тизими босқичма-босқич лотин ёзувига ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Кирилл ёзувидаги матнни лотинга ўгириш учун мўлжалланган компютер дастури яратиш учун ҳам маблағ ажратилган ($166,000). Ўрта таълим ўқитувчиларини лотин ёзуви кўникмаларининг оширилиши ($33,2 миллион) ва 2024 йилда бошланувчи ислоҳотнинг сўнгги босқичида машҳур блогерларни ёллаб, улар орқали янги алифбонинг тарғибот кампаниясини ўтказиш ($1,4 миллион) ҳам кўзда тутилган.

Бироқ ҳукумат ажратилган маблағнинг батафсил ҳисоботларини ошкор қилмаётгани сабабли баъзи иқтисодчилар бундай кенг кўламли ислоҳотни амалга ошириш учун зарур бўлган асл харажат рақамларини аниқлай олмаяпти. (Ташқи ишлар, таълим ва маданият вазирликлари Би-Би-Си томонидан бу борада изоҳ бериш сўралган саволларни жавобсиз қолдирди ва вазиятга ойдинлик киритишни истамади.)

Фото муаллифлик ҳуқуқи AKORDA.KZ
Image caption Ҳаммага ҳам ёқмаган алифбо

Яширин харажатлар

Лотинга ўтиш жараёни борасида шаффофлик мавжуд эмаслиги иқтисодчиларни олдиндан кўрилмаган харажатлар пайдо бўлиши борасидаги хавотирларини кучайтирмоқда.

"Агар ушбу ислоҳот тўғри амалга оширилмаса, у ҳолда, русийзабон аҳоли қатламига мансуб кўплаб малакали одамлар Россияга оммавий кўчиб кетиши мумкин," дейди Мадумаров. «Ислоҳот натижасида бундай одамлар баъзи имкониятлардан маҳрум бўлиши эҳтимоли бор.»

Февраль ойининг сўнггида ҳам қозоқ, ҳам рус тилида эркин сўзлаша оладиган президент Назарбоев барча ҳукумат мажлисларини қозоқчада ўтказиш тўғрисида кўрсатма бериши шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Рус тили узоқ вақт давлат иш юритувининг асосий тили бўлиб келгани сабабли қозоқ амалдорларининг аксарияти ўз она тилида сўзлашга қийналади. Телевидение орқали узатилган ҳукумат мажлисларидан бирида расмийлар ўз фикрини қозоқ тилида ифода этишга қийналаётгани, ҳаттоки, баъзилари қулоқчинлар орқали таржимани эшитишни маъқул кўргани намойиш этилган эди.

Бюрократик жараёнлар

Давлат ишларини юритиш тилининг ўзгариши харажатсиз битмайди. Гувоҳномалар, паспортлар, қонунлар ва қонуности ҳужжатлари - буларнинг бари ўзгариши лозим.

«Ушбу ишлар ислоҳотнинг иккинчи ва учинчи босқичи давомида амалга оширилиши ҳақида гапирилмоқда, лекин умумий ажратилган маблағнинг қанча қисми бу ишлар учун йўналтирилиши борасида бирор маълумот йўқ,» дейди Олма-отада жойлашган Қозоғистон Иқтисодий Тадқиқодлар Бюроси директори Қосимхон Каппаров.

Паспортлар ва гувоҳномаларни янгилаш учун аллақачон алоҳида тўлов белгиланган. Каппаровга кўра, янги паспорт учун $60 тўлашга тўғри келинса, ИД карталарни янгилаш фуқаролар учун бир ярим долларга тушади.

Каппаров 2024 йилда бошланиши айтилаётган учинчи босқич қандай кечиши билан қизиқмоқда. Ушбу босқич давомида марказий ва маҳаллий давлат идораларининг иш юритиш услуби тўлиқ лотинлаштирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, бу даврда давлат матбуоти ҳам янги ёзувга ўтиши лозим.

"Давлатга қарашли матбуотни лотинлаштириш учун, авваламбор, ходимлар малакасини ошириш зарур. Сўнг интернет технологиялари тизими янги ёзувга мослаштирилади. Охирида барча чоп этилган ҳужжатлар, муҳрлар лотинчага ўгирилади," дейди у. «Ҳукумат бу ўзгаришлар қанча маблағ талаб қилиши ҳақида маълумот бермади, лекин менинг ҳисобларимга кўра, бу учун $15-30 миллион атрофида харажат қилинади.»

Ислоҳот учун ажратилган маблағда фақатгина давлат сектори кўзда тутилган. «Хусусий сектор, албатта, барча ишларни ўз чўнтагидан қилишига тўғри келади. Балки уларнинг харажатлари икки, балки ўн баробарга ошиши мумкин. Ҳаммаси ҳукуматнинг талабига боғлиқ. Ҳукумат ҳар йили ёзувларни ўзгартиришни талаб қиладими? Бизнинг ҳукумат билан бундай бўлиши ҳеч гап эмас,» дейди Каппаров.

Каппаров янги ёзувга ўтиш, айниқса, кекса ёшли одамлар учун қийин кечишидан ташвишда.

«Бу ердаги тил билан мавжуд ҳолатни азоб, деб таърифлаш мумкин, чунки давлат муассасаларидан бирида бирор матн ёзсангиз, уни рус, қозоқ тили ва янги ёзув асосидаги қозоқчада битишга мажбурсиз… ва, шу сабабли ҳам, таржимонлар ёллашингизга тўғри келади,» дейди у.

«Ва бу қўшимча харажатлар ва ноқулайликларга сабаб бўлади. Албатта, бундай харажатлар умумий бюджетда кўрсатилмайди, лекин бу ҳукумат гарданига қўшимча юк бўлиши аниқ.»

Гап бевосита харажатлар ҳақида кетганда Каппаров мазкур ислоҳот борасида илк тафсилотлар эълон қилингандан сўнг 2007 йилда амалга оширган ўз ҳисоб-китоблари ҳамон асл ҳақиқатга мос келади, деган фикрда. Унинг ҳисобларига кўра, янги ёзувга ўтишнинг умумий баҳоси $1 миллиарддан ошмайди.

Бироқ Макроэкономик Тадқиқотлар Маркази директори Ўлжас Худойберганов ўтиш даври учун сарфланадиган харажатлар Каппаровнинг ҳисоб-китобларидан анча кам бўлишига ишонишини айтади.

Унга кўра, барча ҳужжатлаштириш ишлари харажатлари ҳукуматнинг одатий бюджетида ўз аксини топади. "Реал харажатлар фақатгина аҳолига ахборот бериш ва янги ёзувга ўтиш дастурларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.

"Тахминимча, ислоҳотни амалга ошириш учун ажратиладиган йиллик бюджет 2018-2025 йил ичида 2-3 миллиард тенге ($6,1-$9,2 миллион)дан ошмайди."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Taylor Weidman
Image caption Янги алифбога ўрганиш
Фото муаллифлик ҳуқуқи Taylor Weidman
Image caption 3 минг долларга янги ёрлиқлар...

Иқтисодий афзалликлар?

Каппаровнинг фикрича, ёзувни ўзгартириш ҳукумат учун яққол кўриниб турувчи фойда келтирмайди ва ушбу ислоҳотга сарфланган сармоянинг қайтиб келиши анчайин мушкул.

«Ушбу ислоҳотни ҳукуматнинг ижтимоий ва маданий ривожланиш дастури сифатида кўрган маъқул,» дейди у.

Худойберганов Каппаровнинг бу фикрига қўшилади. «Бу кўпроқ биз топишга интилаётган миллий ўзликни англаш йўлида ташланаётган қадам ва биз бу учунҳақ тўлашга тайёрмиз.»

КИМEП университети профессори Мадумаров лотинлаштириш сиёсати оқибатида иқтисодий ўсиш секинлашиши мумкинлигига ишонади.

Баъзилар фаразига кўра, Назарбоевнинг ушбу қарорида Россия билан алоқаларнинг совуқлашиш белгисини кўриш мумкин. Бундан ташқари лотин ёзувига ўтиш пост-Совет давлатлари билан савдо алоқаларини ҳам турғунлаштириши мумкин.

Айни вақтда Россия, Қозоғистон ва Украина ўртасидаги жорий савдо айланмасининг 10 фоизини умумий тил, маданият ва қисман менталитет ўхшашлиги билан изоҳлаш мумкин, дейди Мадумаров.

Русийзабон қозоқлар учун бундай вазият кенг иқтисодий имкониятларни англатади. Айни пайтда Озарбайжон ва Грузия каби ҳозирда рус тили кенг оммалашмаган давлатлар билан савдо алоқалари сезиларли даражада паст.

Мадумаровнинг сўзларига кўра, қайтанга лотин ёзувига ўтиш орқали Ғарб билан жипслашиб кетиш учун кенг йўл очилади.

Масалан, 1928 йилда араб ёзувидан лотин ёзувига ўтган Туркия шу вақтга қадар бир қанча Ғарб давлатлари билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатишга муваффақ бўлган.

Туркия узоқ вақтдан бери тил ва қонунчилик тизимини замонавийлаштириш орқали йирик иқтисодий кучга айланишнинг тимсоли бўлиб келмоқда, дейди Берлинда истиқомат қилувчи турк тиллари ва тарихи мутахассиси Барбара Келнер-Хейнкел.

Бироқ Туркиянинг тарихий ютуқлари кўпроқ аҳоли саводхонлигини ошириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар ва жамиятнинг ҳар бир жабҳасини кучли назоратда ушлаб келган республика асосчиси Отатуркка боғлиқдир.

Туркиянинг лотин ёзувига ўтиши қисқа вақтда амалга оширилиб, ўша пайтда жуда кам турклар ўқиш ва ёзишни билар эди: Отатуркка мамлакатни Европа ва АҚШ билан тенг даражага олиб чиқиш йўлида имкон қадар кўп саводли одамлар зарур эди ва янги ёзувга ўтиш ушбу мақсадда амалга оширилган ислоҳотлардан бири бўлди, дейди Келнер-Хейнекел хоним.

Мустақил миллат

Келнер-Хейнел хонимнинг ўйлашича, Қозоғистон лотин ёзувига ўтиш орқали ўзининг совет ўтмишидан йироқлашишга уринмоқда. «Қозоқлар ушбу сиёсий ирода орқали алоҳида мустақил, замонавий миллат эканликларини намойиш қилмоқчи.»

Янги алифбони яратиш бўйича ҳукумат билан ишлаган тилшунос Муродқизи Фазилжонова аксар қозоқлар кирилл ёзувини Совет назоратига менгзайди, дейди.

Айниқса ёшлар янги ёзувга ўтиш қарорини олқишламоқда.

Фазилжонованинг ўтган 10 йил давомида тилшунослик институти томонидан ўтказилган сўровномаларга асосланиб маълум қилишича, 2007 йилда 18-25 ёшдаги аҳолининг 47 фоизи лотин ёзувига ўтишни маъқуллаган бўлса, бу рақам 2016 йилга келиб 80 фоизга кўтарилиб кетган.

«Бу халқ, миллат танлови. Янги ёзув билан орзуларимиз ва келажагимиз муштаракдир,» дейди у. «Бу миллий мустақиллигимиз, ниҳоят, бошланаётганидан дарак беради.»

Миллий Академик Кутубхона раҳбари Умутқон Муналбоева кутубхоначилар ва бошқа қизиққанлар учун лотин ёзуви кўникмалари бўйича машғулотлар ташкилламоқда. У ёш авлод янги ёзувни ўрганишда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаслигига ишонади.

"Ўқитувчилар лотин ёзувига кўникиш учун бир ой давомида ҳар куни ўқиши лозим. Болалар тез ўзлаштирувчан бўлгани сабабли, уларга 10 та дарснинг ўзи кифоя."

Қозоғистон миллий суверенитетга аралашишга Россиянинг ҳаққи йўқлигини эслатди

Саъбиз ресторани эгаси Кайпиев, ўз бизнеси учун қанча зарар келтираётган бўлмасин, лотин ёзувига ўтишни тўла дастаклайди. «Биз Европа, Америка ва бошқа хорижий давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланишини истаймиз. Бу миллий тарихимизда янги саҳифа очишга ёрдам беради.»

Янги ёзувнинг сўнгги ўзгариши туфайли ўз ресторанидаги барча ёзувларни ўзгартириб чиқиш масаласи нима бўлади?

«Ўйлашимча, ҳаммаси ҳозирча ўз ҳолида туради,» дейди Кайпиев. Бир неча сония ўйланиб қолган сўнг яна давом этади: «Биз ёзувларни одамлар лотинни ўқишни ўргангандан сўнг алмаштирамиз.»

Мақолани тайёрлашда Муҳаббат Кожабергенова ва Мириам Куик материалларидан фойдаланилди.

Мақоланинг аслини ўқиш учун -BBC Capital.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek