Голливуд юлдузи афғон қизларига нима бера олади?

Парвананинг отаси ноҳақ ҳибсга олинади Фото муаллифлик ҳуқуқи Studio Canal
Image caption Парвананинг отаси ноҳақ ҳибсга олинади

Анжелина Жоли бундан аввалроқ Камбоджадаги урушнинг ёш қиз ҳаётига таъсири ҳақида «Аввалига отамни ўлдирдилар» номли фильмни суратга олган эди. Эндиликда, ушбу мафтункор актриса Афғонистон тўғрисида ишланган анимацион фильмга продюсерлик қилди.

Фильм премьерасида Жоли «Дунёда ёш қизалоқ бўлиш қийин бўлган баъзи давлатлар бор,» дея Афғонистондаги қизлар билан мавжуд муҳитга ишора қилиб ўтди.

«Боқувчи» деб номланмиш бу анимацион фильмга ирландиялик кино устаси Нора Твомей режиссёрлик қилган. Умуман олганда, «Боқувчи»нинг барча режиссёр ва продюсерлари аёллардир. Фильмга канадалик ёзувчи Дебора Эллиснинг худди шу номли асари асос қилиб олинган.

Фильмнинг асосий қаҳрамони бўлмиш 11 яшар афғон қизи Парванага канадалик ўсмир актриса Саара Чодри овоз берган. Воқеалар Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистонда бўлиб ўтади.

Сценарийга кўра, Парвананинг отаси ноҳақ ҳибсга олингандан сўнг аёллар эркинлиги кескин чекланган мамлакатда яшовчи бу ёш ва жасур қизалоқ ўғил болалар каби кийиниб, онаси ва сингилларини очликдан сақлаб қолиш учун курашади.

Мазкур асар болалар учун мўлжалланганига қарамай, унда Толибон зулми остидаги ҳаёт қийинчиликлари яққол акс эттирилган. Масалан, бурқасиз кўчада қўлга тушган аёл қандай жазога тортилиши очиқ кўрсатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Studio Canal
Image caption Парвана оиласига егулик топиш учун ўғил болаларга ўхшаб кийинади

Торонто Халқаро Фильмлар Фестивалидаги премьерадан сўнг фильм «Энг зўр анимацион асар» йўналиши бўйича жорий йилнинг Оскар мукофотига тавсия этилди. Продюсер сифатида фильмни ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этган Анжелина Жоли премьера давомида ёшларни "қийин шароитли қўшни ҳудудларда яшаётган одамлар ҳаётини англаш учун" фестивалда қатнашишга даъват этди.

"Хилма-хиллик дунёнинг энг ажобтовур жиҳатларидан биридир," деди у.

Твомей «Боқувчи»даги режиссёрлик ишига қадар «Денгизқўшиғи» ва "Келлснинг сири" номли ирланд анимацион фильмлари учун Оскар мукофотига номзод этиб кўрсатилган.

"Парвана ҳаётини гавдалантириш ғояси менинг ичимда пишиб келди," дейди у.

"Экранлаштириш, айниқса, анимациялар учун бу мавзудаги ҳикояларни топиш осон эмас. Аммо муаллиф Дебора Эллис Толибон давридаги Покистон қочқинлар лагерларида кўрган-кечирганларини ҳаққоний тарзда жонлантириб, қоғозга тушира олган."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Studio Canal
Image caption Режиссёр Нора Твомей фильм панд-насиҳат жанрига ўхшаб қолишини истамаган

Твомейнинг айтишича, сценарий муаллифи қоралама устида иш бошлаган пайтларда жамоага қўшилган Жолининг ҳам ёрдами беқиёс бўлган.

"Жолининг Афғонистон билан алоқаси ўн йилдан зиёдга етади. У у ерда қизлар таълими бўйича иш олиб боради. Жоли филм қаҳрамонларига овоз бериш учун имкон қадар кўпроқ афғон актерларини топишимга ундади. Шунингдек, у менинг 2001 йилдан бери дунё қанчалик ўзгаргани ва Ғарб Ер шарининг бу қисмларини қандай кўришини англашимга ёрдам берди," дейди Твомей.

Филм ижодкорлари сафидан афғонистонлик артистлар ва мусиқачиларни ҳам топиш мумкин. У дарий ва пуштун ҳамда Афғонистоннинг бошқа тилларига таржима қилинган. Филм Оскар тақдимотидан олдин Кобулда намойиш этилди.

"Лекин мен баъзи жамиятларда қизлар юзлашаётган қийинчиликлар ҳақидаги тарғиботни ёшлар миясига сингдиришни истамайман. Турли йўллар билан, умид қиламанки, Парвана ўзга жинс вакилига айлана олган," дейди Твомей.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Studio Canal

"Парвана ўғил болалар ва қизлар бошига тушиши мумкин бўлган жуда оғир вазиятга болаларча самимийлик билан муносабатда бўлади. Филм ҳаммапоб. Шимолий Ирландиядаги зиддият даврида ўсган ирланд аёли сифатида мен урушнинг мураккабликлари ва тинчликнинг мўртлиги ҳақида яхши тасаввурга эгаман. Урушни кўриш менга тинчликни қадрлашни ўргатган."

Саара Чодри овоз бериш вақтида ўз қаҳрамони Парвана билан деярли тенгдош бўлган. «Филм менинг дунёқарашимни ўзгартириб юборди,» дейди у.

"Менинг овқат, сув, таълим ва тиббий хизматдан фойдаланишда камчилигим йўқ. Бироқ бундай имконият дунёдаги ҳамма қизларда ҳам бор эмас. Мен Парвана ҳақидаги китобларни илк бор мутолаа қилганимда тўққиз ёшда эдим ва ўшанда унинг қатъияти ҳамда некбинлиги менга жуда манзур бўлган. Унинг руҳиятини ўзимга жо қилишни истаганман."

"Филмдаги ишимдан сўнг дунёдаги Парвана каби оғир аҳволда яшаётган қизларга ёрдам бериш истаги менда янада ортди. Бу ёрдам хоҳ онлайн хайрия бўлсин, хоҳ одамлар эътиборини ошириш кўринишида бўлсин, ёрдамга муҳтож тенгдошларимга кўмак қўлини чўзишни истайман. Ҳаёлимга ҳам келмаган қийинчиликлар бошқа қизлар бошига тушаётганини эшитиш жуда оғир."

«Филм Афғонистондаги аёллар ҳолатини мукаммал тасвирлаб бера олади, деб ўйламайман. Филмнинг мақсади ҳам бундай эмас,» сўзлайди Твомей.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Studio Canal

""Филм афғон жамиятида илдиз отиб кетган вазият аломатларини намоён қилади, холос. Аёлларнинг бир неча авлоди бундай газакланиб кетган вазиятдан азоб чеккан. Бу жамиятни шунчаки бориб ўзгартира олмайсиз. Унинг учун ёш афғон аёллари дунёқарашини оширмоқ лозим, уларни дастакламоқ зарур. Уларнинг ўзи ўз жамиятини ўзгартира олади."

«Ҳозирда бундай ижтимоий чекловларга қарши туриш аёллар ва уларнинг оиласи, ўз қизларини суядиган оталар фикрини ўзгартириш заруриятини англатади. Оталар қандайдир тартиб-қоида туфайли қизлари ҳаётини барбод қилмасликлари лозим. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш сиз, оилангиз ва жамоатингиз учун қимматга тушиши мумкин,» фикрини изоҳлайди Твомей.

"Бундай нарсаларга панжа ортидан қарамаслик керак. Биз шунчаки умид тимсоли мужассамлашган қаҳрамонни яратдик. Умид эса бизнинг ягона нажоткоримиздир."

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

BBC бўйлаб