Рамазон: Фитр садақа кимга берилади? Муҳтожгами ё ҳукуматга?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Рамазон ҳайити яқинлашиб келар экан, Тожикистонда яшаётган кӯпчилик одамнинг фитр садақасини кимга беришни ӯйлаб, боши қотиб қолди.

Чунки маҳаллий ҳукуматлар вакиллари фитрни ҳар бир оила ӯзи яшаётган маҳаллада тузиладиган комиссияга беришга даъват этмоқда.

- Мен ҳар йили Рамазонда белгиланган фитр садақасини шаҳримизда, лекин бошқа маҳаллада яшайдиган оилага бериб келардим. Оила боқувчисиз қолган, мункиллаб қолган онахон, ногирон келин ва ҳали биронтаси ҳам ӯн ёшга тӯлмаган бола кунларини базӯр ӯтказишади. Фақат мен эмас, яна бошқа кишилар ҳам ана шу муҳтож оилага фитр садақасини беришини биламан,- дейди Исфара шаҳрида яшайдиган Акмалхӯжа исмли киши.

Акмалхӯжанинг айтишича, айнан шу муҳтожлик туфайли қартайган чоғида ҳам кӯча-қӯйда ишлаб, нон топаётган одамлар кам эмас.

Маҳалла раиси ҳаммани танир экан

Айни бир пайтда Тожикистон Республикаси ислом маркази фитр садақасини айнан махсус тузилган комиссияларга бериш амалини маъқуллайди.

Марказнинг сайтида ёзилишича, вилоят, шаҳар ҳамда ноҳиялар ҳукуматлари ҳар бир маҳаллада муҳтож оилаларга кӯмаклашишга оид махсус комиссиялар тузишга қарор қилишган. «Албатта, бу яхши ва савоб ишдир. Чунки маҳалла раислари у ерда яшаётган ҳар бир оиланинг қандай яшашини бошқаларга қараганда яхши билишади ва агар мусулмонлар хайру садақаларини бу комиссия ихтиёрига беришса, уларнинг садақалари чиндан ҳам муҳтож оилага етиб боради ва бу амал оила қувончига сабаб бӯлади», деб ёзилади сайтда.

Озода Раҳмон бойларга эҳсон қилишни топширди

Ёш болаларнинг рўза тутиши зарарлими?

Энг узоқ рўзани қаерда тутишмоқда: Ўзбекистондами, Россиядами ва ёки?..

Рўзанинг танамизга таъсирини биласизми?

Тожикистон Ҳукуматининг дин, анъана, маърака ва миллий маросимларни тартибга солиш қӯмитаси ходимлари худди шундай фикр юритган ҳолда, аҳолини фитрни маҳалла раисларига топширишга чақиришди. Ҳукуматнинг бу борадаги даъватлари жоме масжидларида ӯқилаётган таровеҳ намозларидан олдинги мавизаларда янгради.

- Мен шахсан айрим маҳалла раисларига ишонмайман. Чунки вақтида халқаро ташкилотлар камтаъминланган оилаларга моддий ёрдам юборишганда, қишлоғимиздаги маҳалла раисларидан биттаси эмас, бир нечтаси юборилган ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини муҳтожларга эмас, ӯзига тӯқ оилаларга тақсимлаб беришган, -дейди Ғафуров ноҳиясидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Марҳамат исмли боқувчисидан ажралган аёл.

«Нима, одамлар сезишмайдими? Маҳалла раислари ӯзларининг таниш-билишларига халқаро ёрдамни беришдан ташқари, ҳатто айрим нопок кимсалар билан тил бириктириб иш қилишган. Масалан, уч қоп ун олдим, дея ёздириб олиб, аслида икки қоп ун беришган. Бир қопи маҳалла раисига уйига ташлаб ӯтилган. Муҳтожлар учун мӯлжалланган моддий кӯмакни ӯзлаштириш аниқлангач, қишлоғимиз аҳолисига бошқа ёрдам бермай қӯйишди", дейди бу аёл.

«Ҳалол тақсимот»

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

- Икки йил олдин мен масжидимизга тушган маблағни қишлоқ жамоати раҳбарларига олиб бориб бердим. Рамазон ҳайити куни тушган бу пул кӯпчилик олдида саналган ва ҳужжатлаштирилган эди. Жамоатдагилар, бӯлди, кетаверинг, ӯзимиз тарқатамиз, дейишди. Аслида мен улар билан бирга тарқатишим, пул чинакам муҳтожлар қӯлига тегиш-тегмаслигини билишим зарур эдим. Индамай тургандим, ёшингиз улуғ, сизни овора қилмайлик, дейишгач, фикримдан қайтишга мажбур бӯлдим», - дейди Суғд вилоятидаги жоме масжидлардан бирининг ходими ӯз исмини ошкор этмасликни сӯраб.

Унинг афсусланиб айтишича, кейинроқ аслида ӯта муҳтож бӯлган йигирма нафардан ортиқ одамга маблағ берилмагани маълум бӯлган.

Айни бир пайтда Диний қӯмитадан билдиришларича, рӯза фитрини албатта маҳалладаги махсус комиссияларга топшириш мажбурий эмас. Одамлар фитр садақасини ӯзлари истаган одамга, оилага беришлари мумкин. Диний қӯмита ходими сӯзида давом этар экан, олдинги йиллар фитрни кимга беришни билмасдан қолган одамлар ҳам кӯп бӯлганлигини, маҳалла махсус комиссиялари уларга ёрдамга келишини таъкидлади.

Шу ӯринда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Рамазон пайтида мамлакат имомхатиблари билан бӯлган учрашувда фитр садақасини ӯзига тӯқ кишиларга, уламолар, дин ходимларига эмас, балки ҳар бир одам ӯзининг муҳтож қариндошларига, яқинларига, етимлар, ногиронлар, мусофирлар ва камтаъминланганларга беришини айтганини эслатиш жоиз.

Ободончилик ва масжидлар

Тожикистон Уламолар шӯроси Рамазонда бериладиган закот ва фитр миқдорини аниқлаб, эълон қилган. Моли шаръий нисобга етган кишилар шу нисобга кӯра 510 сомоний ( АҚШ долларига чаққанда 50 доллардан ортиқ) беришлари, фитр миқдори эса икки кило буғдой нархида - 5 сомоний (50 сентдан кӯпроқ) қилиб белгиланди.

Рамазон ойи арафасида Республика Диний қӯмитаси имомхатибларни мавиза қилаётганларида намозхонларни ватанпарварликка, миллий қадриятларни асрашга, ёшларни илм олишларига чорлаб, етимлар, боқувчисиз қолганларга моддий ёрдам кӯрсатишга даъват этишни вазифадор этганди.

Айни бир пайтда дин ходимларининг ӯзлари ҳам ободончилик ишларига ҳисса қӯшишга даъват этилганлар. Ана шу даъватга «лаббай» деб жавоб бераётганлар амали эса, тарғиб-ташвиқ қилинмоқда. Масалан, Хатлон вилоятидаги Ёвон ноҳияси диний бирлашмалари томонидан ӯқувчилар таълим-тарбияси йӯлидаги ғамхӯрлик қилингани тарғиб этилди. Мазкур ноҳия диний бирлашмалари, бошқача айтганда, асосан масжидлар томонидан таълим муассасалари учун деярли 73 минг сомонийлик ( 8минг АҚШ долларидан кӯпроқ) маблағда мактаб жиҳозлари сотиб олиб берилди.

Кӯнгил ишини ташкиллаштириб бӯладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ҳозирда Шимолий Тожикистондаги масжидлар ҳам мактаблар таъмири каби ободончилик ишларига маблағ ажратишмоқда. Жоме масжидларидан бирида мавиза қилар экан, имомхатиб Диний қӯмитадан келган хат мазмунини эълон қилди. Унга кӯра, жумладан, масжидга Рамазон ҳайитида тушадиган хайру эҳсон маблағидан 600 сомоний Қӯмитага юборилиши шарт экан.

Айни бир пайтда Тожикистон Республикаси Ислом маркази Уламолар шӯроси раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода мамлакат мусулмонларини Рамазон ойи кириб келиши билан табриклар экан, Рамазондаги энг хайрли, савоб амаллардан бири етимлар, боқувчисиз қолган оилалар, ногиронлар, камтаъминланган ва бошқа муҳтож инсонларга садақа бериш эканлигини таъкидлаганди.

- Ҳукуматдорларнинг соф ихтиёрий амал бӯлган фитр садақасини беришни ҳам бошқаришни қӯлга олиш ҳаракатига ҳайрон бӯлмасдан илож йӯқ. Маҳаллий ҳукуматларда ишлаётган масъуллар тузган рӯйхатга аслида муҳтож бӯлган, қийналиб яшаётган, дастурхонида кӯпинча нон-чойдан бошқа нарса бӯлмайдиган кишилар киритилмай қолади, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.

Унинг фикрича, фитр рӯзани тақсимлаш ҳам маҳаллий ҳукуматлар, маҳаллаларда юқоридан бериладиган кӯрсатмалар асосида тузиладиган махсус комиссиялар ихтиёрига ӯтса, садақанинг катта қисми чинакамига муҳтож инсонларга етиб бормайди.

Тожикистон Республика Ислом маркази эса, мамлакатдаги айрим ахборот воситаларини танқид остига олди. Бу ахборот воситаларининг фитр садақасини тарқатиш маҳаллаларда тузилаётган махсус комиссиялар ваколатига берилаётгани ҳукуматнинг одамларнинг шахсий ишига, жумладан, хайр-садақа беришларига аралашиш, дея талқин қилишлари тӯғри эмас, дея ёзилди Марказ сайтида.

«Тӯғри гапнинг тӯқмоғи бор, дейдилар. Мен ӯнлаб одамлар билан Рамазон фитри ва ҳайит куни намозхонлар томонидан бериладиган хайру эҳсон ҳақида гаплашдим. Тӯғри, улар орасида Рамазон ҳайити яқинлашган бӯлса-да, фитр садақасини кимга беришни ҳалигача билмай турган одамлар йӯқ эмас. Лекин ҳатто шу одамлар ҳам садақа тарқатишни ташкиллаштиришни қӯлламасдан, бу кӯнгил ишини ӯз ихтиёрларига қӯйиб беришларини айтишмоқда, дейди Аҳмад Бобожон.

- Қӯяверса, расмий маълумотларга қараганда, Тожикистон аҳолисининг камида ӯттиз фоизи камтаъминланган ҳисобланар экан, муҳтожларни топиш унча қийин эмас, дейди бу кузатувчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар