Россияда 'ИШИДга 1 млн рубл берган' ўзбек аёл ушланди

Санкт-Петербург ИИБ экстремизмга қарши кураш маркази ходимлари ўзбекистонлик 39 ёшли аёлни ИШИДни (Россия ва қатор давлатларда фаолияти тақиқланган ташкилот-таҳр) молиялаштиришда айблаб, қўлга олди.

Гумондор 2016 йилнинг июнь ойидан 2017 йилнинг октябрига қадар 1 млн рубл чамаси пул маблағини ўз ҳисобидан Туркиядаги жангариларга жўнатиб турганлиги айтилмоқда.

Терговларда аниқланишича, бу аёл воситачи вазифасини ўтаган, яъни ИШИД тарафдорлари бўлган ҳомийлардан пул йиғиб, террорчиларга жўнатиш билан шуғулланган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги гумонланувчининг Ўзбекистон фуқароси эканлигини тасдиқлаган.

Би-Би-Си ўзбек хизмати воқеа юзасидан Санкт-Петербург шаҳри ИИБ билан боғланди.

Россия ИШИД таҳдидини бўрттирмоқдами?

"Айбланувчининг жинояти ўз тасдиғини топган, унга нисбатан РФ Жиноят Кодексининг 205-моддасига кўра жиноий иш қўзғатилган. Айни пайтда тергов давом этаяпти, бир қатор тадбирлар ўтказилаяпти, айбланувчининг жиноий шерикларини аниқлаш ишлари олиб борилаяпти", - дея маълумот берди ИИБ матбуот хизмати.

Шунингдек, ИИБ матбуот хизмати тергов сўнгига қадар айбланувчининг шахси очиқланмаслигини билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek