Ўзбек аёллари нега "дангасалар" рўйхатига тушди?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонлик курашчи Дилдор Шерматова. Аммо минтақада кўп аёллар спорт билан шуғулланишмайди.
Замонавий турмуш тарзида тобора одатга айланиб бораётган жисмоний сустликни бартараф этиш учун дунёда деярли чора кўрилмаяпти, деб огоҳлантирмоқда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти экспертлари.
ЖСТ томонидан эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, дунё аҳлининг тўртдан бир қисмидан зиёдроқ ёки 1.4 миллиард одам етарлича жисмоний меҳнат ёки машқлар билан шуғулланмайди.
Жисмоний меҳнат ёки фаолият билан етарлича шуғулланмаслик юрак хуружи, қандли диабет ва саратоннинг баъзи турлари каби хасталикларнинг юзага келиш хавфини янада ортишига сабаб бўлади.
Буюк Британия каби қатор бой давлатлар жисмонан «дангаса»лар рўйхатидан жой олган.
Кузатувлар давомида эркаклардан кўра аёллар орасида жисмоний сустлик даражаси юқорилиги аниқланган.
'Ўта хавотирли ҳолатʼ
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти тадқиқотчилари 168 мамлакатда ўтказилган, жами 1.9 миллион нафар одам иштирок этган 358 сўровномани синчиклаб ўрганиб чиқдилар. Мазкур тадқиқот натижаси The Lancet журналида чоп этилди.
Тадқиқот давомида аниқланишича, АҚШ ва Британия каби ривожланган давлатлар аҳолиси орасидаги жисмоний ҳаракатсизлик даражаси 2001 йилдаги 32 фоиздан 2016 йилга келиб, 37 фоизга етган. Бу вақт ичида қашшоқ давлатлардаги бу кўрсаткич барқарорлигича қолган: 16 фоиз.
Ҳафтасига 150 дақиқа ўртача ёки 75 дақиқадан кам фаол жисмоний ҳаракат билан шуғулланмаслик жисмоний сустлик сифатида тавсифланади.
Германия, Янги Зеландия ва АҚШ жисмоний сустлик энг тез суръатларда ўсиб бораётган давлатлар қаторидан жой олган.
Шарқий ва Жанубий-Осиёдан бошқа дунёнинг барча минтақаларида аёлларнинг эркаклардан кўра камҳаракат эканлиги кузатилган.
Аёллар ўртасидаги энг юқори жисмоний сустлик кўрсаткичи Жанубий ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Ғарбнинг бой мамлакатларида қайд этилган.
Тадқиқот муаллифларига кўра, аёллар ўртасида жисмоний ҳаракатсизлик даражасининг юқорилиги вақтининг катта қисмини бола тарбиясига сарфлаш ва хотин-қизларни уйда ўтиришга ундовчи маданий урф-одатлар каби омилларга боғлиқ бўлиши мумкин.
Экспертлар ривожланган мамлакатлардаги жисмоний сустликни тобора кам жисмоний ҳаракат талаб қиладиган ишлар кўпайиб бораётгани, транспортдан фойдаланиш имкониятлари кенгаяётгани билан изоҳлайди.
Қашшоқ мамлакатлар аҳолисининг эса тирикчилик қилиш учун ҳамон фаол жисмоний меҳнат билан шуғулланишига тўғри келади.
Мазкур тадқиқот раҳбари Регина Гутолд шундай дейди: "Жаҳон аҳамиятига молик бошқа соғлиққа хавф солувчи таҳдидлардан фарқли ўлароқ жисмоний сустлик даражаси бирор минтақада пасаймаётир ва дунё аҳлининг чорак қисми соғлом турмуш тарзи учун муҳим бўлган жисмоний машқлар билан етарлича шуғулланмаяпти."
«Жисмоний сустлик даражаси ошиб бораётган минтақалардаги соғлиқ билан боғлиқ ҳолат ўта хавотирлидир.»
19-64 ёшлилар учун жисмоний фаоллик бўйича тавсиялар:
•ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача ёки 75 дақиқа давомида фаол жисмоний машқлар билан шуғулланиш лозим;
•ҳафтасига икки ёки ундан кўпроқ кун давомида танадаги барча мушакларни ишга солувчи фаол жисмоний машқлар қилиш зарур;
•узоқ вақт давомида ўтириб ишлаш чоғида маълум вақт жисмоний машқларни амалга ошириб туриш керак.
Ўртача жисмоний машқларга нималар киради?
•тез ва катта қадам ташлаб юриш;
•сузиш;
•велосипедда кичик тепаликларга чиқиб тушиш;
•теннис ўйнаш;
•махсус машинада майсаларни ўриш;
•пиёда сайр қилиш;
•скейтбордда учиш;
•волейбол ёки баскетбол ўйнаш;
Қандай машқлар фаол жисмоний ҳаракат ҳисобланади?
•сакраш ёки югуриш;
•тез ва куч билан сузиш;
•велосипедни тез ҳайдаш ёки унда баланд тепаликларга чиқиб тушиш;
•футбол ўйнаш;
•регби ўйнаш;
•баландликка арқонда осилиб чиқиш;
•хоккей ўйнаш;
•гимнастика билан шуғулланиш;
•жанг санъати турлари билан шуғулланиш.
Қандай машқлар мускулларни мустаҳкамлайди?
•оғир тошлар кўтариш;
•қайишқоқ камарлар билан машқлар қилиш;
•ўтириб туриш каби бутун тана оғирлигини ҳаракатга келтирадиган машқлар билан шуғулланиш;
•ер чопиш ёки қазиш;
•ёга билан шуғулланиш.
Қуйидаги мамлакатлар аҳолисида энг юқори жисмоний ҳаракатсизлик даражаси қайд этилган:
•Қувайт - 67 %
•Америка Самоаси - 53 %
•Саудия Арабистони - 53 %
•Ироқ - 52 %
Уганда ва мозамбикликларнинг атиги 6% аҳолиси жисмонан нофаол ҳаёт кечириши аниқланган. Улар дунёнинг жисмонан энг фаол давлатлари рўйхатида пешқадамлик қилмоқда.
Экспертлар юқори даражадаги жисмоний камҳаракатлилик кузатилган мамлакатлар ҳукуматларини спортга янада эътибор бериш, пиёдалар ва велосипед учун йўлакларни кўпайтиришга чақирмоқда.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek