Туркман чегарасидаги туманни Толибон босиб олди

Image caption Хамобга ҳозир ҳукумат қўшимча куч ташлаган

Туркманистонга туташ Жоузжон вилоятининг Хамоб тумани ўтган тунда кечган босқин натижасида Толибон назоратига ўтган.

Жангларда камида 8 нафар афғон ҳукумати зобити ўлдирилгани айтилмоқда. Яна бир неча аскар Толибонга таслим бўлишган.

Жангарилар катта миқдорда қурол-аслаҳани қўлга киритишгани ҳақида ҳам айтишмоқда.

Бу жангда Толибон қандай талафот кўргани маълум эмас.

Расмийларга кўра, туманни қайтариб олиш учун у ерга қўшимча куч жўнатилган.

Афғонистон мулозимларига кўра, 400 нафарга яқин Толибон жангариси ҳужум қилган. Ҳозир ҳам улар билан жанглар давом этмоқда.

Хамоб тумани бир йил олдин ҳам Толибон қўлига ўтиб, кейин қайтариб олинган эди.

Нотинчлашган шимол

Шимолий Афғонистоннинг бошқа туманларида ҳам Толибон билан тўқнашувлар кечган.

Ўзбеклар зич яшовчи Сарипул вилоятининг марказий шаҳрига ҳам Толибон ҳужум қилган, аммо жангарилар ортга қайтарилган.

Амударё бўйидаги Қундуз вилоятида эса Толибон Афғонистон полиция кучлари базасини қўлга киритганини даъво қилаётир.

Қундузда 2 нафар афғон аскари ҳалок бўлган.

Жанубий Афғонистоннинг Майдон Вардак минтақасида эса Толибон Даймирдад тумани назоратини қўлга олишгани ҳақида билдирган.

Афғон расмийлари бу хабарни тўлиқ тасдиқлашгани йўқ ва ҳамон жангар кечаётганини айтишади.

Шимолда Толибон ва Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан ўтган жангарилар фаолият юритиши айтилади.

Ўзбек жангарилари кейинги йилларда Афғонистоннинг маркази ва шарқида ИШИД ҳудудлари ҳам барпо этишга уринишган.

Маҳаллий афғонларга кўра, Ўзбекистон ўзбекчасида гапирувчи жангарилар сўнгги йиллари шиа мусулмонларни ўғирлаб, ўлдирган ҳоллари бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek