Тожикистон: Хорижлик сайёҳларга ҳужум қилганлар устидан суд бошланди

суд Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

Тожикистон Олий Суди хорижий сайёҳлар гуруҳига ҳужум қилган кишилар устидан маҳкама бошлаган. Мазкур ҳужум натижасида олти нафар сайёҳдан тўрт нафари ҳалок бўлган ва икки нафари оғир яраланган эди.

Тожикистон Адлия вазирлигига қарашли тергов изоляторларидан бирида ёпиқ тарзда ўтаётган маҳкамага фақат ҳимоячилар қўйилган. Судланувчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари маҳкамага киритилмаган.

Судга ҳаммаси бўлиб ўн беш киши тортилган. Улардан икки нафари - Кароматулло Ғаниев ва Беҳрўз Сафоев жиноий гуруҳда иштирок этишда айбланмоқда. 12 киши, жумладан, бир аёл жиноятга тайёргарлик борасида хабар бермасликда айбланмоқда.

Сайёҳларга қилинган ҳужумга раҳбарлик қилган, дея кўрилаётган Ҳусейн Абдусамадовга Тожикистон Жиноий кодексининг 9 та моддасига кўра айблар қўйилган. Жумладан, у шафқатсизларча қотиллик содир этиш, террорчилик, экстремизм, жиноий гуруҳ тузиш, фуқароларни чет элдаги жанговар ҳаракатларга жалб этишда айбланмоқда.

Шафқатсизлик

Хорижий сайёҳларга ҳужум жорий йилнинг 29 июл куни содир этилган. Хатлон вилоятининг Данғара туманидаги Себистон қишлоғи ҳудудидан ўтган йўлда бораётган олти кишилик велосипедчилар гуруҳи устига тўсатдан автомобил ҳайдалиб, улар босиб ўтилган.

Лекин ҳужумчилар бу билан қаноатланиб қолмай, яраланган сайёҳларга болта ва пичоқ билан ҳужум қилишган. Натижада Америка Қўшма штатларидан бўлган сайёҳлар - эр-хотин, ва Нидерландия ҳамда Швейцариядан саёҳат учун келган икки нафар турист ҳалок бўлган. Икки нафар сайёҳ оғир жароҳатланган. Фақат гуруҳдан орқароқда қолган еттинчи сайёҳга зарар етмаган.

Худди ўша куни ҳужумчилар изига тушган тожикистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларнинг тўрт нафари - ака-ука Жафариддин ва Аслиддин Юсуповлар, Зафаржон Сафаров ва Асомуддин Мажидовларни ўлдиришган.

Фақат бир ҳужумчи - Ҳусейн Абдусамадов тирик қолган.

Кўп ўтмай, Тожикистон расмийлари бу ҳужумни террорчилик амали, деб элон қилишган. Жиноятчиларни топиш ва уларга нисбатан чора кўриш учун махсус амалиёт бошланган. Чет эллик сайёҳлар ўлимига сабаб бўлган ҳужум шахсан Тожикистон Президентининг эътиборига олинган.

Ҳужум содир этилган куниёқ, ИШИД бу амал ўз иши эканлигини билдирган. Ижтимоий тармоқларда Данғарадаги ҳужумчиларнинг ҳужумдан олдин ИШИД байроғи остида тушган суратлари ва ИШИДга қасамёд қилишгани ҳақидаги маълумот тарқалган.

Тергов давомида тирик қолган ҳужумчи Хусейн Абдусамадовнинг 2004-йилда Тожикистон Ислом уйғониш фирқасига аъзо бўлиб киргани аниқланган. Шунингдек, Абдусамадовнинг 2016-2017-йилларда ИШИД гуруҳлари қаторида Сурия ва Ироқда жанг қилгани маълум бўлган. Бу ҳақда Тожикистон Олий Суди ҳам расмий маълумот тарқатган.

Ҳужум Тожикистонда ман қилинган фирқа ишими?

Тожикистон расмийлари Данғарадаги ҳужум Ислом уйғониш фирқаси томонидан уюштирилган деган иддао билан чиққан. Тожикистон Ҳуқуқ-тартибот мулозимларига кўра Ислом уйғониш партияси ўз хатти-ҳаракатини ниқоблаш учун ҳужумчиларнинг ИШИД байроғи остида суратга тушишларини ташкил этган.

Хорижликларга ҳужумдан сўнг орадан бир ойдан сал кўпроқ вақт ўтгач, Тожикистон телевидениесида берилган махсус кўрсатувда ҳужумчилар раҳбари сифатида кўрилаётган Ҳусейн Абдусамадов ўзининг Ислом уйғониш фирқасига мансублиги ҳақида тафсилотлари билан гапирар экан, айнан шу фирқа топшириғини бажарганини айтган. У сайёҳларга ҳужум топшириғини Ислом уйғониш фирқасининг фаол аъзоси Қори Носир сифатида танилган Носирхўжа Убайдов томонидан берилганини айтган.

У Қори Носир билан танишлиги ҳақида гапирар экан, 2003-2007-йиллар давомида Душанбе шаҳрида ундан диний сабоқ олганлигини айтган.

Расмийларга кўра ҳозирда Фархор туманидан бўлган 45 ёшли Носирхўжа Убайдовга нисбатан қидирув эълон қилинган. Тожикистон расмийлари томонидан хорижлик сайёҳларга ҳужумнинг асосий ташкилотчиси сифатида кўрилаётган Носирхўжа Убайдов Интерпол томонидан қидирилмоқда

Судга тортилган Кароматулло Ғаниев ва Беҳрўз Сафоевларнинг ҳам Ислом уйғониш фирқаси аъзоси эканликлари айтилмоқда. Шунингек, хорижий сайёҳларга ҳужум қилган ва махсус амалиёт пайтида йўқ қилинган тўрт ҳужумчининг ҳам мазкур фирқа аъзоси эканлиги иддао қилинмоқда.

Суд бошланар экан, айбланаётганларнинг кўпчилиги қилган ишларидан пушаймонликларини изҳор этишган. Ҳусейн Абдусамадов пушаймонлик билдирмаган. У велосипедларда бораётган сайёҳлар АҚШ ва Европа мамлакатлари фуқаролари бўлганлари учун бу мамлакатларнинг Сурия ва Ироқдаги урушдаги иштироклари учун улардан ўч олинганини айтган.

У дастлабки кўрсатмани қори Носирдан олганини, лекин ўзига асли доғистонлик, МДҲ давлатларида террорчилик амалларини бажариш бўйича вакил йул-йўриқ кўрсатиб турганлигини айтган.

Тожикистонда Наҳзат - Исломий уйғониш фирқаси террорчи партия сифатида эълон қилинган ва унинг фаолияти ман этилган. Тожикистон Бош прокуратурасига кўра сайёҳларга ҳужум қилганлар собиқ Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг ИШИД ниқоби остида хорижда туриб тузган режасига кўра амал қилишган.

Айни бир пайтда Ислом уйғониш фирқаси раҳбари Муҳиддин Кабирий хориж матбуоти билан суҳбатда Тожикистон расмийларининг террорчилик ҳужумини мухолифлари бўйнига илиш учун ҳаракатини ҳақиқий жиноятчилардан чалғитиш, деган.

Аслида ҳужумдан мақсад нима бўлган?

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра хорижлик сайёҳларга ҳужум ҳар тарафлама ўйланган ҳолда режалаштирилган. Жумладан, жорий йил мамлакат Президенти томонидан Тожикистонда «Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили» деб эълон қилинар экан, бу ҳужум хорижлик сайёҳларни қўрқитиш ва уларнинг Тожикистонга саёҳат қилмасликлари учун амалга оширилган бўлиши мумкин. Таҳлилчиларга кўра, ҳужум айнан Тожикистон Президенти туғилган Данғара тумани ҳудудида амалга оширилгани ҳам бежиз эмас.

Лекин Тожикистон расмийларига кўра даҳшатли қотилликка қўл урган ҳужумчилар ўз мақсадларига ета олмаганлар. Тожикистонга келаётган сайёҳлар сони камаймаган.

Сайёҳлик ширкатлари раҳбарларининг фикрича ҳам, гарчи ҳужум шафқатсизларча амалга оширилган бўлса-да, бу Тожикистонга келаётган сайёҳлар йўлини тўса олмаган.

- Бизнинг Зарафшон водиймизнинг мафтункор табиатини кўрган сайёҳлар ўз юртларига бориб, Ҳафткўл, Искандаркўл, Кўли калон каби кўллар, такрорланмас манзаралар, дарёлар, ям-яшил арчазорлар ҳақида ҳикоя қилиб беришади ва бу сайёҳларнинг юртларидан янги-янги туристлар келишмоқда, - деди Панжакентдаги сайёҳлик ташкилотларидин бирининг раҳбари Зафар Норов.

Зафар Норовнинг айтишича, уларнинг кўпчилиги тоғларга пиёда ё велосипедларда, мотосиклларда йўлга чиқишади. «Масалан, Ҳафткўл йўлида елкасида юкқопчиқ, ёлғиз ўзи бораётган сайёҳларни, ҳатто турист аёлларни ҳам кўришингиз мумкин. Агар, осойишталик бўлмаса, ким юрак ютади?», дейди Зафар Норов.

- Мен Нидерландиядан келдим. Террорчилик ҳужумини эшитдим. Лекин барибир йўлга чиқавердим. Чунки бундай ҳужумлар Европадаги мамлакатларда ҳам бўлган. Тожикистондаги осойишталикни кўргач, бу ерга келишга тараддудланган, лекин бироз ўйланиб қолган дўстларимга интернет орқали хабар бердим. Айтгандай, улар ҳам велосипедда саёҳат қилишмоқчи. Ҳозир Тожикистон томон йўлга чиқишган - деди Кэвин Венникс.

Лекин айрим кузатувчиларга кўра, хорижлик сайёҳларга ҳужум ва улардан тўрт нафарининг ўлдирилиши ҳақида эшитган баъзи чет элликлар иккиланиб қолишган ва Тожикистон сафарини ортга суришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek