Тожикистон: Ҳарбий сафарбарлик чақируви ортидан Тожик армияси танқидлар остида қолди

Tajik army recruits, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи akhbor.com
Image caption Тожикистонда чақирув ёшлари 18-27 этиб белгиланган.

Тожикистон армияси кузги ҳарбий сафарбарлик чақирувини рекорд муддат ичида якунлади. Айни вақтда эса чақирув давомида фуқаролар ҳарбий хизматга мажбуран жалб этилгани ҳолатлари кўплаб кузатилган. Ҳатто, 62 яшар бир эркакнинг ярим тунда сайр қилиб юрган чоғда ҳарбий хизматга мажбуран олиб кетилишига бир баҳя қолгани айтилади.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги воизи 30 ноябрга қадар давом этиши кўзланган чақирув кампанияси белгиланган муддатдан саккиз кун олдин тугаллангани ва жорий йилда ҳарбий хизматга кўнгилли талабгорлар сони рекорд даражани қайд этгани билан мақтанган.

Бироқ аксар тожикистонликлар имкон қадар ҳарбий хизматга бормасликка интилади. Мамлакат армиясидаги оғир шароит ва ноинсоний таҳқирлаш даражасининг юқорилиги юзасидан шикоятлар бисёр.

Ҳарбий чақирувга масъул тожик зобитлари бозор ва кўчаларда эркакларни куч ишлатиш йўли билан машиналарга босиб олиб кетиши одатий ҳолга айлангани айтилади.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги бундан аввалроқ кузги чақирув тўлиқ қонунга мувофиқ тарзда ўтишини таъкидлаган эди.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари чақирув давомида инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда поймол қилинганини иддао қилмоқдалар.

'Ёлғиз боқувчиʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tajikistan Presidency/Anadolu Agency/Getty Images
Image caption Тожик ҳарбийлари Афғонистон билан узун ва хавфли чегарани қўриқлайдилар.

Прагада жойлашган Akhbor хабар сайтига кўра, қишлоқ ўқитувчилари 2000 йиллардан буён ҳарбий хизматдан озод қилинганига қарамай, Рашт туманидаги рус тили ўқитувчиси тўғри дарс жараёнидан Душанбе яқинидаги ҳарбий бўлимга олиб кетилган.

Akhbor сайти билан суҳбатлашган ўқитувчининг рафиқаси, фарзанди, ота-онаси ва бобосидан иборат оиласи ёлғиз боқувчисидан айрилганини маълум қилган. Бундан ташқари у қишлоқ мактабидаги ягона рус тили ўқитувчиси ҳам бўлган.

Сафарбарлик чақируви вақтида содир бўлган ғалати ҳолатлар бу билан тугамайди. 62 яшар Бобомурод Ражабов пойтахт Душанбе яқинидаги она шаҳри Ваҳдатда зобитлар томонидан қандай тутилганини ҳикоя қилади. Жаноб Ражабовнинг сўзлашича, чақирувга масъул шахслар мажбурлаб, уни машинага тиқмоқчи бўлган.

Жаноб Ражабовга кўра, уларнинг отаси тенги эканини таъкидлашига қарамай, зобитлар сўкканча, уни дўппослашган ва «Нега ҳарбий хизматдан бўйин товлаяпсан?» дея сўроққа тутишган.

Жаноб Ражабов зобитлар қоронғида унинг ёшини англай олмаганини тахмин қилади. Дўппослаш вақтида бошидаги қалпоғи тушиб кетгандан сўнггина зобитлар адашиб, қари одамни тутиб олишганини тушунганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tajik defence ministry
Image caption Тожикистонда ҳарбий хизмат 2 йил.

Жабрдийда эртаси куни бўлган воқеа юзасидан тегишли органларга арз қилган, аммо унинг шикояти рад этилган.

«Улар агар қари одамга шундай муомала қилса, ёшларга нисбатан қандай муносабатда бўлишини тасаввур қилаверинг,» дейди жаноб Ражабов.

«Хизматга кўнгилли йўқми - электр ҳам йўқ»

Тожикистон шарқида жойлашган Лахш тумани ҳокимлиги ҳудуддаги қишлоқлар ҳарбий хизматга биргина кўнгилли топиб бера олмагани учун уларни электр таъминотидан уздириб қўйган.

"Электр 10 кунча берилмади. Ҳокимият вакиллари бирор йигитни ҳарбий хизматга жўнатмагунингларча электр ҳам йўқ, деб очиқчасига айтди," дея маълум қилган Кушагба қишлоғидан бир одам Озодлик Радиосининг Тожик Хизматига.

Туман аҳли бирор кўнгилли топа олмаганига қарамай, электр таъминоти ҳозирда қайта йўлга қўйилган. Ҳудуддаги қишлоқлар аҳли чақирув ёшидаги барча йигитлар ёки таътилда ёки Россияда меҳнат қилаётганини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ