Афғонистон, Ислом ва мусулмонлар: ИШИД бизни қириб ташламоқчи

Ҳужуморти саҳнаси Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Кобул ташқарисидаги дўнгтепалар билан тўла қабристон ҳавосини кўзёшлари ва аччиқ алам эгаллаган. «Нега бизни ташлаб кетдинг?» фарёд чекади муштипар она кўкрагига муштлаб. Мозор устида эса унинг яқинда оламдан ўтган суюкли жигарбанди сурати турибди.

Август ойида Кобулдаги ўқув марказида содир бўлган худкуш хуружи 50 га яқин талабани ҳаётдан олиб кетган. Уларнинг оиласи бугун қабристонга - хотира маросимига йиғилган.

Ҳалок бўлган талабаларнинг аксарияти эндигина ўсмирлик даврига қадам қўйган эди. Уларнинг бари Хазоралар жамоатидан бўлган.

Афғонистондаги шиа мазҳаби вакиллари тез-тез ИШИД жангарилари томонидан нишонга олинади. Гуруҳ уларни шаккоклар, деб ҳисоблайди.

Хотира маросими чоғида қабристонни ўраб олган қуролли аскарлар яна бир эҳтимолий хуружнинг олдини олиб қолиш учун сергакликни сусайтирмасликка ҳаракат қилади.

Худкуш нишонига айланган талабалар ичида 16 яшар Фотима ҳам бор эди. Унинг онаси Омина қизининг ўқиш пулини тўлаш мақсадида гилам тўқиш билан шуғулланганини сўзлаб беради. Фотима тугата олмаган сўнгги гилам оиланинг кичик уйи кираверишига осиб қўйилган. Ҳалок бўлган куни ҳам Фотима барвақт туриб, гилам устида ишлаган.

«У менинг тўнғичим эди. Жуда ажойиб, жасур қиз эди. Қизим бир кун шифокор бўлсин, деб дуо қилинг, сўрарди ҳар доим,» сўзлайди Омина Би-би-сига.

Отаси Насрулло қизининг жонсиз танасини қандай топиб олганини ҳамон алам ичра хотирлайди.

"Портлаш ҳақида хабар тарқагандан сўнг мени қизимни излаб, бир қанча касалхоналарни кезиб чиқдим. Охири бир одам менга 'Анави ерда олтита жасад ётибди, уларни ҳам бир қараб кўрингчи,ʼ деди. Мен жасадлар юзига ёпилган матони секин кўтардим ва… жигаргўшамни кўрдим."

Фотиманинг оиласи икки йил муқаддам иш излаб, Кобулга кўчиб келган, Улар, асосан, шиалар яшайдиган маҳаллага ўрнашган. Кобул ғарбидаги Дашти Барчи номли бу маҳалла сўнгги йилларда ИШИДнинг асосий нишонига айланган.

Хавотирлар: Афғонистон шимолида ИШИД хавфи?...

Афғонистон: 'Битта ҳам ИШИД жангарисини қолдирмаймиз'

Энди Марказий Осиё ва Россия учун 'таҳдид' бироз аридими?

Ўзбекистон, Тошкент: Каримов, Тоҳир Йўлдош, Мирзиёев - энди ўзаро ишонч қайта тикландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Насрулло, ҳозирда, оиласи билан она қишлоғига қайтиб кетишни истайди. Бироқ Омина бунга рози эмас.

"Хавфсизликка бирор кафолат йўқлиги туфайли бошқа фарзандларимнинг ўқишни давом эттиришини истамайман. Бу ердаги аҳвол жуда ёмон, аммо Кобулдан кетсам, Фотимамни ҳам ташлаб кетган бўламан."

Портлашдан вайронага айланган ўқув маркази доскасига темир парчаси санчилиб қолган. Доскада ҳали ҳам ёзувларни кўриш мумкин.

Мазкур қонли хуруж жорий йилда ИШИД ўз бўйнига олган ўнлаб ҳужумларнинг биридир.

ИШИД жангарилари Афғонистонда пайдо бўлганига оид илк хабарлар 2015 йилда чиққан. Толибон билан бир неча тўқнашиб, заифлашиб қолганига қарамай, ИШИД мамлакат шарқида ўрнашиб олган.

АҚШ томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида бир қанча ИШИД етакчилари ўлдирилган. Бироқ ИШИД ўтган икки йил давомида пойтахт Кобулда ҳар қандай жангари гуруҳдан ҳам кўпроқ хуружларни ташкиллаган.

Ҳазоралар Афғонистон аҳолисининг 9-15 фоизини ташкил қилиши айтилади, аммо бу борадаги турли манбалар томонидан иддао қилинган рақамлар бир-бирига зид.

Мазкур жамоат ўзининг келиб чиқиши ва шиа мазҳабида эканлиги туфайли узоқ йиллардан буён қатағонга учраб келади. 1990 йиллар ўртасида ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон ҳам ҳазораларга зуғум ўтказиб келган.

Аммо ҳазора жамоати етакчилари Толибон ҳеч қачон ИШИДдек уларни худкушлар билан нишонга олмаганини айтади.

ИШИД фаоллиги ошиб бориши ортидан кўплаб хазоралар мамлакатни тарк этишга қарор қилмоқда.

Муҳаммад Содиқ - Дашти Барчи маҳалласида иккинчи қўл моллари билан савдо қиладиган дўкон эгаси. У Афғонистонни ташлаб, Эрон, Туркия ва Европадан бошпана олиш учун кетаётган жамоат вакилларидан қолган хўжалик молларини қайта сотиш мақсадида ўтган йили бу дўконни очгани ҳақида сўзлайди.

"Хавфсизлик йўқлиги ва ишсизлик туфайли одамлар мамлакатдан қочиб кетмоқда. ИШИД бўлиб ўтган барча ҳужумлар ортида турибди. Улар бизнинг жамоатни қириб ташлашни мақсад қилган," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Хазоралар қанчалик жон сақлаш талвасасига тушиб қолгани нишони сифатида у оналар томонидан ўз фарзандлари учун тикилган нафис қавима кўрпаларни кўрсатади. Одамлар йўл харажатларини қоплаш мақсадида уйидаги бор-будини Муҳаммадга сотиб кетади.

Муҳаммад ошхона анжомлари тўпламига ишора қилиб, буларнинг янги турмуш қурган жуфтликка тўй ҳадяси бўлганини айтади.

Ҳазораларнинг аксарияти ҳукуматни хавфсизликни таъминлаш йўлида етарлича чора кўрмасликда айблайди. Бироқ мамлакат Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Нажиб Дониш Би-би-сига ҳукуматнинг мунтазам тарзда хуружлар олдини олиб келишини маълум қилади.

"Биз яқинда Кобул ғарбида режалаштирилган тўртта ҳужумни тўхтатиб қолдик. Бу бизнинг хавфсизлик кучларимиз қанчалик самарали ҳаракат қилишидан далолатдир."

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Дашти Барчи маҳалласидаги масжид ташқарисида қуролланган кўнгиллилар соқчилик қилмоқда. Уларнинг қўлидаги қуролларнинг баъзи қисми ҳукумат томонидан берилган. Кўнгилли соқчиларнинг кўпчилиги оломон кўп бўлган вақтларда бирор кўнгилсизлик юз беришидан қўрқиб яшашини айтади.

Ҳужумга учраган ўқув маркази, хатар даражаси ҳануз юқорилигича қолаётганига қарамай, янги бинода қайтадан иш бошлаган. Юз берган даҳшатли хуруж ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлсада, талабалар ИШИД раъйига бўйсунмаслигини таъкидлайди.

"Ҳужумдан сўнг мен жуда қўрқиб қолган эдим. У кунни эсдан чиқариш жуда мушкул, лекин мен ўқишимни давом эттирмасам, ҳаётда ҳеч нимага эриша олмайман. Оилам ўқишни давом эттириш борасидаги қароримга унча рўйхушлик билдирмаган, аммо мен марказга келишдан тўхтамайман," сўзлайди 19 яшар Лайло Расули қатъий оҳангда.

Яна бир талаба Гису Гити шундай қўшимча қилади: «Биз асло таслим бўлмаймиз… Яхши таълим-тарбия олиш йўли билан террорчиларни яксон қиламиз.»

Ўқув марказидаги портлашдан бир неча ҳафта ўтиб, яқин орада жойлашган спорт клубига ҳам икки худкуш ҳужум қилган. Оқибатда, камида, 20 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган. Ўшандан бери Дашти Барчида бошқа портлаш кузатилмаган, аммо маҳалла аҳли ҳамон қўрқув ичра кун кечирмоқда.

11 ноябрь куни ИШИД Кобулдаги президент саройи олдида намойишга чиққан шиаларни нишонга тутиб, олти нафар одамнинг умрига зомин бўлган.

Фаолиятини қайтадан бошлаган ўқув маркази деразалари қум солинган қоплар билан тўлдирилган. Қуролли соқчилар эса талабаларнинг уйга эсон-омон қайтишини таъминлашга интилади.

Шу тариқа шиалар эҳтимолий зўравонлик нишонилигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek