Ўзбекистон, Афғонистон ва ўзбеклар: Бизга Худонинг раҳми келсин...

Бу каби дарбадар ва ёрдамга муҳтож ўзбекларнинг сони минглаб. "Бундан кўра, бизни ўлдириб қўя қолсин", - дейди бу қочқинлардан бири. "Қандай давлат, қандай вазифа, қандай иш бу?..", - дейди бошқаси.

Улар Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб вилоятилик. Андхўй туманидан.

Туман яқинда толиблар билан қақшатқич жангларга саҳна бўлган ва ҳануз беқарорлигича қолмоқда.

Жанглар сабаб, ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган минглаб одамлар эса, ортга қайтишга имконсиз.

Улар Андхўй маркази ва ён-атрофдаги туманлардан бошпана топишган.

Қишнинг совуқ кунларида қўлбола чодирларда яшашга мажбур, озиқ-овқат, кўрпа-тўшакка муҳтож.

Сатҳдан олинган тасвирларда уларнинг ораларида аёллар ва болаларнинг ҳам озмунча эмаслиги кўрилади.

Афғон масъулларига кўра, жанглар натижасида шу пайтгача ҳар икки томондан ўнлаб кишилар ҳалок бўлишган. Кўпроқ толиблар ўлдирилган.

Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати уларнинг бу каби иддаоларини рад этиб чиққан.

Жабрдийда аҳолининг даъво қилишича, бу жангларда оддий инсонлар ҳам қурбон бўлишган.

"Уларни жасадларини олиш ва кўмишга ҳануз имконсиз қолишмоқда".

Уларнинг иддао қилишларича, "сўнгги жангларда бомба келиб тушмаган бирор бир ҳовли қолмаган".

Аммо афғонистонлик расмийлар бу хусусда жим.

Қочқинлар, бундан ташқари, ҳам толиблар ва ҳам давлатнинг бомбалашлари остида болалар дохил кўплаб яраланганлар борлиги, шифохоналар улар билан тўлиб-тошиб кетганлигини айтишади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати тумандаги вазият сабаб, уларнинг бу иддаоларини ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлашга имконли бўлганича йўқ.

Тожикистон: Душанбе "бу разил ҳужумни қоралайди"

"Россия Мирзиёевни Афғонистон билан қўрқитмоқчи"

'Толибон Тожикистон билан чегарага аксарияти Марказий осиёлик 7 минг жангарисини ташлади'

Сўнгги вазият

Минтақадаги мухбиримизнинг айтишича, толиблар куни-кеча музокараларга рози эканликларини билдиришган.

Ўртага маҳаллий қавм оқсоқолларини солишган.

Аммо эгаллаб олган мавқеъларидан ортга қайтмасликларини баён қилишган.

Минтақадаги мухбиримиз Шафий Бек ўғлининг айтишича, ҳукумат томони улар билан музокараларга розилик билдирмаган. Ўз ишончсизлигини изҳор этган.

Мухбиримизга кўра, толибларни эгаллаб олган мавқеъларидан сиқиб чиқариш учун бугун, шанба куни янги ҳарбий амалиётлар бошланган.

Аллақачон қатор қишлоқлар жангарилардан тозаланган.

Толибон бундан икки ҳафтача бурун Андхўйга ҳар томондан ҳужум қилишни бошлаган.

Бир неча куннинг ўзида қатор қишлоқларни босиб олиш, туман марказига тўрт чақиримгача яқинлашишга муваффақ бўлганди.

Лекин афтодаҳол аҳволдаги бу қочқинларга ҳозир аста-секинлик билан турли кўринишдаги кўмаклар етиб кела бошлаган.

Бу масалада давлат масъулларидан кўра кўпроқ маҳаллий тужжорлар кўпроқ ташаббус кўрсатишмоқда, дейди мухбиримиз.

Андхўй бунгача Афғонистоннинг энг тинч шимолий туманларидан бири саналиб келинган.

Мамлакатнинг нисбатан бой, геостратегик ва геосиёсий жиҳатдан муҳим саноқли туманларидан бўлади.

Туркманистонга бевосита чегарадошлиги ҳам бор.

Андхўйда Афғонистоннинг энг муҳим қуруқлик портларидан бири - Ақина ҳам жойлашган.

Афғонистонни минтақа давлатлари билан боғловчи саноқли муҳим темир йўллардан бири ҳам Андхўйга келиб туташган.

Андхўйда азал-азалдан асосан ўзбеклар ва туркманлар истиқомат қилиб келишган.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, толибларнинг, айниқса, Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида анчайин фаоллашгани кузатилади.

Видеолавҳамизни кўринг, улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.