Тожикистон: Саиднодир дунёдаги энг катта доирани ясаганини айтмоқда, Гиннес рекорд китоби орзусида...

Доира Фото муаллифлик ҳуқуқи Asia Plus

Тожикистонлик ёш уста энди бу доираси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирмоқчи.

У ясаган доиранинг диаметри икки мертча келади ва 34 кг тош босади.

Доира ўзбек, тожик, уйғур ва бошқа Шарқ халқларининг чолғу асбоби саналади.

Аммо шу пайтгача бу давлатларнинг бирортасидан Саиднодир Ҳайдаров ясагани қадар катта доиралари борлигига оид хабар олинмаган.

Тожикистонлик 30 ёшли устанинг айтишича, доираси 30 кун, деганда тайёр бўлган.

Ҳатто, бунинг ортидан, ўз рекордини ўзи бузиб, диаметри 20 сантиметрга узунроқ бўлган янгисини ҳам ясашга улгурган.

Бу ҳақда Тожикистоннинг етакчи "Азия-Плюс" интернет нашри хабар берган.

Нашр ўз мақоласига гигант доиранинг сурати ва уста билан видеосуҳбатни ҳам илова қилган.

Устанинг ана шу суҳбатида айтишича, доиранинг гардишини ёнғоқ ва ўрик ёғочидан ишлаган.

Устига молнинг терисини тортган.

Илмоқ ва қисқичларини пўлат ҳамда мисдан қилган.

Саиднодирнинг айтишича, Тожикистонда ҳам рекорд ҳажмдаги чолғу асбобларини ясашга қодир эканликларини кўрсатиш ва исботлаш учун бу ишга қўл урган.

Ўзбекистон: Ўзбек палови Гиннес рекордлар китобига кирди

Тошкентдаги мега палов Жанубий Корея қолиб, Германияда ҳам акс-садо берди

Энг катта сомса Гиннес рекордлар китобига кириб бўлди

Гиннес рекордлари

Устага кўра, энди Гиннес рекордлар қўмитасига ариза билан чиқмоқчи.

Қўмитадан ўз доирасини дунёдаги энг каттаси, дея расман қайд этишларини сўрамоқчи.

Саиднодир Ҳайдаров Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрилик уста бўлади.

Тожикистон бунгача дунёдаги энг баланд ва энг катта байроғи билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

2011 йилда пойтахт Душанбеда ўрнатилган байроқ устунининг баландлиги 165 метрга етади.

Байроқнинг катталиги бўйига 60 метр ва энига 30 метрни ташкил этади.

Тожикистон, бундан ташқари, дунёдаги энг катта чойхона соҳиби ҳам бўлади.

Марказий Осиёдаги энг йирик Миллий кутубхона ҳам Тожикистонда очилган.

Яқинда биринчи агрегати ишга тушган Роғун ГЭСи битса, дунёдаги энг баланд тўғон ҳам Тожикистонда бўлади.

Бошқа томондан, жаҳондаги энг кичик доирани ясаган уста ҳам Марказий Осиё вакили саналади.

Бошқа рекордчилар

Аммо қолган Марказий Осиё давлатлари учун ҳам Гиннес рекордини ўрнатиш янги марра эмас.

Дейлик, Ўзбекистон яқинда дунёдаги энг оғир паловни пишириб, бу ишни уддалаган.

Ўзбекистон ошпазлари бунгача мамлакат ташқарисида дунёдаги энг улкан норин ва лағмон тайёрлаб ҳам, Гиннес рекордлар китобига киришга муваффақ бўлишган.

Кейин яна ўзбекистонлик спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина бу ишни қойиллатган.

Оксана "Етти Олимпиада Ўйинларидаги иштироки учун Гиннес рекордлари китобига танланган".

Қирғизистон ва Қозоғистон эса, яқинда энг катта бешбармоқ тайёрлаш бўйича бир-бирларининг рекордларини янгилашган.

Қозоғистон яна "Хон чодири", қатор спортчиларининг эришган оламшумул ютуқлари, қазиси, мусиқачилари, раққослари ва дунёдаги энг кичик доирани ясаган устасининг ортидан ҳам Гиннеснинг рекордлар китобига киришга муваффақ бўлган.

Қирғизистоннинг номи бу китобда яна дунёдаги энг катта қалпоғи билан ҳам қайд этилган.

Туркманистоннинг ҳисобидаги Гиннес рекордлари эса, Қозоғистонникидан қолишмайди.

Бир пойтахт Ашхобод дунёдаги энг оқ мармарга беланган шаҳар сифатида бу китобга кирган.

Бошқа гал президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг оти ўз ҳунарини намойиш этган.

10 метрлик масофани орқа оёқларида 4.19 сонияда босиб ўтиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

Аммо, шунда ҳам, бу ҳали ҳаммаси эмас.

Туркманистон ўрнатган Гиннес рекордлари сони ҳозир ўнга етай, деб қолган.

Маҳаллий кузатувчилар эса, бу каби рекордлари манзарасида рекордчи минтақа давлатларининг деярли барчасида ишсизлик чуқур илдиз отгани, озиқ-овқат нархларининг қимматлиги, аҳолининг олаётган маоши оз экани боис, ҳаёт кечиришнинг тобора қийинлашиб бораётгани ҳақида ҳам кўп гапиришади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek