Туркманистон: VPN ишлатганларнинг сим картаси ишдан чиқмоқда

Туркманистон 17 январдан бошлаб интернетдаги тўсиқларни айланиб ўтишга мўлжалланган VPN дастурларига қарши курашни фаоллаштирди. Facebook ва YouTube блокланган Ўзбекистонда ҳам бу дастурлардан фойдаланилади.

Туркманистонда мобил телефонига VPN дастурини ўрнатишга ҳаракат қилаётганларнинг сим карталари ишдан чиқиб қолаётгани айтилмоқда.

«Хроники Туркменистана» сайти Туркманистондаги мухбирларига таяниб ёзишича, фойдаланувчилар бу каби дастурларни кўчириб оладиган Google Play аппликация бозори ишдан чиқиб қолмоқда.

"Озодлик" радиосининг Туркман хизмати директори Фаррух Юсуфийнинг Би-би-сига айтишича. VPN дан фойдаланувчиларни Миллий хавфсизлик вазирлигига чақириб суҳбат қилишлари мумкин.

"VPN ишлатаётган ёки прокси серверлар орқали интернетга кирадиганларнинг нафақат сим карталари блокланяпти, балки уйдаги интернетдан ҳам узиб қўйилаётгани ҳақида маълумотлар келмоқда".

Суҳбатдошнинг айтишича, Туркманистонда интернет фойдаланувчилари VPN дастурларини ўрнатиш учун телефон усталарига мурожаат қилади.

Улаб бериш 10 доллар ва ойига хизмат кўрсатиш 10 долларгача бориши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

VPN лар билан Россия ҳукумати курашишга уринганди. Telegram канали бу юртда ноқонуний деб топилгач, Роскомнадзор ташкилоти унга айланиб кирмоқчи бўлганларнинг VPN дастурларини блоклашга киришиб кетди.

Бироқ ушбу уринишлар самара бермагани айтилади.

"Туркманистон Россияга ўхшамаган. Россияда куч органлари фуқароларни чақириб, нега VPN ишлатдинг, демайди. Аммо Туркманистонда босим ўтказиши мумкин", дейди Фаррух Юсуфий.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябр ойидан бошлаб Facebook ва YouTube сайтлари ишламаяпти.

Фойдаланувчилар унга прокси серверлар ёки VPN дастурлари орқали кирмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистонда айланиб ўтувчи воситаларга қарши ҳукумат томонидан очиқ кураш бошлангани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek