Ўзбекистон ва дунё: Хитойликлар iPhone сотиб олишни камайтирди

Хитойнинг муз қасри эриса, дунёни сув босиши мумкин. Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хитойнинг муз қасри эриса, дунёни сув босиши мумкин.

Хитой иқтисодиёти ўсишдан тўхтаб қолди ва бутун дунё хавотир ичра воқеалар ривожини кузатмоқда. Агар Чин қулагудек бўлса, бир ярим миллиард инсон жаҳон иқтисодиёти юритувчисидан унинг гарданига осилган оғир юкка айланади.

Гап ҳозирча Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан синиши ёки инқирозга юз тутиши ҳақида кетмаяпти. У доимгидек иқтисодиёти энг тез суръатларда ривожланаётган давлатлар қаторида турибди, лекин ўсиш йилдан йилга пасайиб бормоқда: 2018 йилда Хитойдаги иқтисодий ўсиш 2017 йилдагидан 0,2 фоизга пасайиб, 6,6 фоизни ташкил қилган. Жорий йилда иқтисодий ўсишнинг янада секинлашиши тахмин қилинмоқда - 6,2 фоизга қадар.

Бундай ҳолатнинг асосий ташқи сабаби - АҚШ билан кечаётган савдо уруши. Бу сабаб ҳали у қадар катта зиён келтирмаётган бўлса ҳам, иқтисодиётнинг ичида жуда чуқур ва жиддий касаллик етилиб келмоқда.

Хитойнинг иқтисодиёти ҳажми $13,5 триллионга тенг, яъни дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда. Хитой иқтисодий жиҳатдан ҳар нарсада йирик: у дунёдаги йирик экспортёр, йирик хомашё импортёри, йирик автомобиль бозори ва бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин.

Хитойда ҳам бой, ҳам ривожланаётган, ҳам қашшоқ давлатларга хос хусусиятларни учратиш мумкин. Би-би-си Рус Хизмати Хитой иқтисодиёти чўкишининг уч асосий аломати, уларнинг оқибати ва улардан зарар кўриши мумкин бўлган эҳтимолий қурбонларни таҳлил қилишга уриниб кўрди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳавонинг ифлосланиши Хитойда саноатлашувни секинлаштирган

1. Истеъмол даражасининг секинлашиши. Иқтисодиётнинг орқага кетиши туфайли хитойликлар Ғарбда ишлаб чиқарилган қўл телефонлари, автомобиллар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни камроқ сотиб ола бошлади. Бундан Apple, BMW ва Tiffanny каби компаниялар жиддий зарар кўрмоқда. Хитой Ғарб компаниялари учун ҳаётий муҳим бозор - хитойликлар шахсий истеъмол йўлида йилига $5 триллиондан кўпроқ маблағ сарфлайди.

2. Ишлаб чиқариш ва қурилиш суръатининг тўхташи. Бу икки соҳадаги ўсиш суръатининг пастга қулаши оқибатида Хитой янада кам нефть ва пўлатга эҳтиёж сезмоқда. Натижада Россия ёки Австралия каби Хитойга йирик миқдорда хомашё экспорт қилувчи давлатлар тушкунликка тушиб бормоқда.

3. Хорижга сармоя чиқаришдаги эҳтиёткорлик. Хитойликлар ўнлаб давлатларга миллиардлаб доллар инвестиция киритиб, у ерларда йўллар ва электростанциялар қурмоқда, денгиз портлари ва конларни сотиб олмоқда. Бироқ иқтисодиётда кўрина бошлаган муаммолар ортидан улар хорижий давлатларга пул тикишга эҳтиёткорлик билан қарай бошлади. Бундан ташқари Хитой ҳукумати бир неча йил олдин янги Ипак Йўли иқтисодий лойиҳасини эълон қилган эди. Мабодо хитойликлар хорижга инвестиция чиқаришни камайтирса, бундан биринчи бўлиб Украина, Россия ва Қозоғистон каби транзит давлатлар, шунингдек, Осиё ва Африкадаги - Покистондан тортиб Бангладеш, Малайзия ва Эфиопияга қадар - қатор мамлакатлар зарар кўриши мумкин.

Хитойда пайдо бўлган иқтисодий муаммолар барча ривожланаётган, ҳатто, бой давлатларда ҳам акс-садо беради.

«Хитой иқтисодиётининг ўсишдан тўхташи кутилгандан ҳам салбийроқ оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса бу, халқаро савдонинг секинлашуви, молия ва хомашё бозорларидаги нархларнинг кескин тушиб кетишида кўринади,» огоҳлантиради Халқаро Валюта Фондининг бош иқтисодчиси Гита Гопинат.

Ўрнини ҳеч ким боса олмас хитойликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи VCG/Getty Images
Image caption Хитойликлар йилига $5 триллион пул сарфлайди

Иқтисодчилар анчадан бери хитойликларнинг истеъмол учун янада кам маблағ сарфлаётганини муҳокама қилиб келади. Шу ойнинг бошида Apple раҳбари Тим Кук компания ҳиссадорларига мурожаат қила туриб, Хитойда талабнинг тушиб кетгани туфайли компаниянинг ишлари ортга кета бошлаганини очиқ тан олган эди.

Хитойликлар нафақат Apple маҳсулотларидан воз кечмаётир. Ҳисоб-китобларга қараганда, дунёдаги йирик автомобиль бозорида кечаётган савдо ҳам 1990 йиллардан бери илк бор сезиларли қисқарган.

Тарихан хитойликлар ўта мослашувчан халқ. Улар қисқа муддат ичида ақл бовар қилмас даражада бойиб кетди ва энди даромадлар камая бошлаган бир вақтда улар вазиятга анъанавий тарзда жавоб қайтармоқда: қимматбаҳо импорт товарлардан юз ўгириб, камроқ харж қилишга ўтмоқдалар.

Шунингдек, АҚШ билан давом этаётган савдо уруши оқибатида импорт товарларнинг нархи ошиб кетиб, юаннинг қадри тушиб бормоқда.

Айни дамда Хитой ҳукумати жисмоний шахслар томонидан мамлакатга қимматбаҳо буюмлар олиб кирилишини ҳам чеклаб қўйган.

Бундай ҳолат, биринчи навбатда, ғарблик ишлаб чиқарувчиларга оғир зарба бўлди. Хитойликлар бутун дунёда ишлаб чиқариладиган «люкс» синфига мансуб барча товарларнинг учдан бир қисмини сотиб олади ва бунга ҳар йили $120 миллиард сарфлайди.

Бундан ташқари хитойликлар - жаҳон туризми ўсишининг асосий манбайи ҳам.

Ҳеч ким хитойлик истеъмолчилар ўрнини боса олмайди, изоҳлайди Chatham House халқаро муносабатлар институти раҳбари Жим О'Нил.

Фото муаллифлик ҳуқуқи VCG/Getty Images
Image caption Хитойликлар ўзлари учун камроқ пул сарфлашга ўтган

Жаноб О'Нилнинг тушунтиришича, дунё иқтисодиётининг 2008 йилда рўй берган халқаро молиявий инқироз оқибатларидан сўнг тикланиб олишида айнан хитойлик ўрта синфга мансуб истеъмолчилар асосий роль ўйнаган. Ўша йиллари бойиб бораётган хитойликлар жаҳондаги товарларга бўлган талабни $3 триллионга оширган. 2017 йилга келиб, бу рақам деярли $5 триллионга етган.

«Яқин ўн йил ичида истеъмолчилик қуввати бўйича Хитойнинг ўрнини эгаллай оладиган бирор давлат чиқмаса керак,» башорат қилади Жим О'Нил.

Ҳиндистон, Индонезия ва Нигерияда ана шундай имконият бор, аммо улар ҳозирги ривожланиш суръатида давом этса, Хитойнинг ўрнини яна 20 йилдан кейингина эгаллай олиши мумкин.

Айни вақтда эса Хитойнинг истеъмол қуввати бемалол бундан ҳам ўсиши мумкин - шахсий истеъмол ҳажми мамлакат иқтисодиётининг 40 фоизидан ошмайди. Ривожланган давлатларда эса бу кўрсаткич 70 фоизгача етади.

Қуришди, қуришди, ваниҳоят, битказишди

Хитойликлар фақат тайёр товар сотиб олмайди. Мамлакатнинг асосий импортини хомашё ташкил қилади: нефть, мис, темир рудаси. Мамлакатда ишлаб чиқариш ва қурилиш ўсишининг секинлашуви ортидан жаҳон бозорида хомашёга бўлган талаб тушиб кетган, бунинг ортидан нархлар ҳам пастга қулаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи VCG/Getty Images
Image caption Хитой 25 000 километрдан кўпроқ юқори тезликдаги темир йўлларига эга

Ўтган йили Хитой 2010 йилдан бери биринчи марта темир рудаси импортини қисқартирди. Бу пўлат қуйиш ҳажмининг ҳам камайишини англатади. Бундай ҳолатнинг асосий сабаби қурилиш компаниялари томонидан пўлатга бўлган талабнинг тушиб кетганидир. Турар-жой ва темирйўллар қуриш суръати секинлашиб бормоқда - бунинг ортидан молия секторида ҳам инқироз бошланишини кутиш мумкин. Сабаби кредитларнинг асосий талабгори шу вақтга қадар қурилиш соҳаси бўлиб келган.

Ҳукумат билан кўринмас ришталар орқали чамбарчас боғланиб кетган қурилиш компаниялари, асосан, имтиёзли қарзлар ҳисобига ривожланиб келган. Коммунистик Партия, ҳозирда, қурилиш соҳасини қандай қилиб қарзлардан халос қилиш йўлида бош қотирмоқда.

Масалан, давлатга қарашли биргина темирйўл компаниясининг қарзи $740 миллиардга етган ва ушбу қарзлар туғадиган фоиз компаниянинг даромадидан кўпроқ. Бу компания фоизларни тўлаш орқали юзага келаётган камомадни янги қарзлар билан ёпишга мажбур эканини англатади. Оқибатда иқтисодий ўсиш ҳам пасайиб бораверади.

$1 триллионли "Ипак камар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи VCG/Getty Images

Хитой ҳукумати кенг кўламли «Бир камар ва бир йўл» ташаббусини илгари сурганига ҳеч қанча бўлмади. Бу ташаббусдан асосий мақсад - мамлакатни юзлаб давлатлар билан савдо мақсадида боғлаш.

Ташаббус доирасида хорижий давлатларга киритилиши кўзланган инвестицияларнинг умумий миқдори ҳали очиқланмаган. Бироқ, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Хитой биринчи беш йил давомида бу мақсадда $1 триллиондан ортиқ маблағ сарфлашни кўзламоқда.

Бу нафақат иқтисодий, балки геосиёсий лойиҳа ҳамдир. Лойиҳа доирасида Хитой давлат компаниялари ўнлаб давлатларда қарзга темирйўллар, денгиз портлари, кўприклар, электростанциялар ва телекоммуникация тармоқларини барпо этади. Оқибатда бу давлатларда Хитойнинг таъсир доираси кескин ортади.

Ҳозирда Хитойнинг ташқи инвестицияларга ажратаётган ҳар ўн доллари мазкур лойиҳага йўналтирилмоқда.

Украина, Россия ва Қозоғистон - ушбу иқтисодий «камар»нинг асосий ўтиш нуқталарида жойлашган. Агар бу «камар» узилгудек бўлса, улар иқтисодий жиҳатдан жиддий талафот кўриши турган гап.

Коммунистик капитализм

Хитойдаги иқтисодий муаммоларни АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган савдо уруши янада кучайтирмоқда. Агар икки томон жорий йилнинг март ойига қадар бирор муросага кела олмаса, президент Трамп Хитой товарларига нисбатан янги тақиқлов тарифларини киритиш билан таҳдид қилган. Бироқ экспертлар ихтилофнинг аста-секин босилишидан умид қилмоқда, чунки бундай урушдан нафақат Хитой, балки АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳам жиддий зарар топади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Си Хитойни дунёда лидер сифатида кўради

Албатта, расмий Пекин иқтисодиётни қайта оёққа турғазиш йўлида қўл қовуштириб ўтирмаётир. Ўтган йилдан буён ҳукумат иқтисодиётни молиявий таъсирлар ва солиқ имтиёзлари билан дастаклаб келмоқда, аммо ҳозирча бундай уринишлар бирор сезиларли самара бермаг

Коммунистик Партияси эса ташвишланишга ҳожат йўқлиги, ҳаммаси режа бўйича кетаётганини таъкидлайди. Ҳукуматга кўра, Хитойдаги иқтисодий ўсиш йирик кўламдаги капиталларни сарфлаш, давлат томонидан тақдим қилинган катта имтиёзлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига юзага келган. Энди эса ривожланишнинг навбатдаги босқичи бошланмоқда ва бу ўтиш даврида турғунликни кузатиш табиий ҳол.

Лекин ғарблик экспертлар коммунистик Хитойнинг бундай ўтиш даврига тайёр эканидан шубҳа қилмоқда. Улар бунинг асосий сабаби сифатида бир партияли давлат тузилишини кўрсатади. Си Цзинпиннинг ўз ҳокимиятини кучайтириб, Хитойни бир умр бошқариш ҳуқуқини қўлга киритгани эса таҳлилчилар гумонини янада оширади.

Коммунист раҳбариятнинг режали иқтисодиёт тизимида истеъмолчилар синфини яратишдан кўра гигант инфратузилма лойиҳаларига маблағ сарфлаш осонроқдир, дейди Халқаро Валюта Фондининг собиқ бош иқтисодчиси Кеннет Рогофф.

«Хитойдаги ўсишнинг қанчалик даражада секинлашиши мумкинлиги ҳали номаълум. Бироқ, сиёсий партия бошқарувига асосланган марказлашган тизим ва эркин бозор иқтисодиёти модели ўртасида ҳеч қачон муроса бўлмаслиги ҳисобга олинса, узоқ муддатли истиқболда ўсиш даражаси анчайин тушиб кетиши мумкин,» - фикрлайди у.

Бизнес ва иқтисодий масалаларни ёритишда етакчи нашр бўлган Financial Times газетасига кўра, дунё иқтисодиётининг келажаги Хитойнинг иродасига боғлиқ.

«Савдо уруши - бу фақатгина ҳаммасини бошлаб берадиган туртки. Бу уруш Хитой иқтисодиётида яширин ётган касалликни очиб берди. Мазкур иллатдан қутилишнинг ягона йўли - тезкор ва дадил ислоҳотлар. Хитойнинг иқтисодий тарихида ҳал қилувчи янги давр кириб келди. Ўтган асрлар даврида бир давлатнинг ривожланиши ёки чўкиши дунё учун бу қадар аҳамиятли бўлмаган эди,» - ёзади газета.ан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek