Ўзбекистон ва дунё, MMA: Ҳабиб Нурмагомедовга энди нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALEXANDER NIKOLAEV/TASS

Россиялик профессионал жангчи Ҳабиб Нурмагомедов АҚШнинг Невада штати Атлетика Комиссияси томонидан $500 минг жаримага тортилиб, тўққиз ойга дисквалификация қилинди.

Ўз навбатида, унинг рақиби Конор Макгрегор ҳам олти ойга профессионал спортдан четлатилиб, $50 минг жарима тўлайдиган бўлди.

Спортчилар 2018 йилнинг кузида бўлиб ўтган шов-шувли жанг якунида юзага келган муштлашув сабабли жазоланган.

Дисквалификация ҳисоби жанг ташкилланган сана - 2018 йилнинг 6 октябридан бошланади.

Қайд этилишича, агар Нурмагомедов зўравонлик қурбонлари ҳимоясига бўлиб ўтаётган кампанияда иштирок этса, дисквалификация муддати олти ойга қадар қисқартирилиши мумкин.

Муштлашувнинг бошқа иштирокчилари - жангчи Зубайр Тухугов ва Нурмагомедовнинг амакиваччаси Абубакр - $25 минг жарима ва бир йиллик дисквалификация билан жазоланган.

Ҳабиб Нурмагомедовнинг ўзи Комиссиянинг ушбу қарорини сиёсий важларга асосланган, деб ҳисоблайди.

Аслида нима юз берган эди?

Ўтган йилнинг октябр ойида доғистонлик Нурмагомедов ирландиялик Конор Макгрегор устидан ғалаба қозониб, аралаш жанг санъати бўйича UFC чемпиони титулини сақлаб қолди.

Ушбу жанг Нурмагомедовга ўзининг профессионал фаолиятидаги 27-ғалабани келтирди. Эслатиб ўтамиз, россиялик жангчи ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган.

Жанг якунланиши билан бино ичида оммавий муштлашув бошланиб кетди. Россиялик спортчи октагонни тарк этиб, Макгрегорнинг шеригига ташланди.

Бунинг ортидан иккала жангчининг жамоа аъзолари бир-бири билан муштлаша бошлади.

Бундай талатўп ортидан жанг ташкилотчилари, унинг ғалабасини тан олган бўлсаларда, Нурмагомедовга чемпионлик камарини топширишдан бош тортдилар.

Бундан ташқари россиялик спортчи олиши лозим бўлган гонорарнинг бир қисми ҳам вақтинчалик музлатиб қўйилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Невада штати Атлетика Комиссияси интизомий текширув бошлади.

Муштлашувдан сўнг

Муштлашувдан сўнг россиялик жангчининг отаси ва мураббийи Абдулманоп Нурмагомедов «спортчиларга хос бўлмаган хатти-ҳаракати» учун ўғлига нисбатан «қаттиққўл санкциялар» жорий қилишга сўз берди.

Тўс-тўполон билан якунланган жанг ортидан Ҳабиб Нурмагомедовнинг машҳурлиги кескин ортиб кетди. Унинг биргина Instagram саҳифасидаги обуначилар сони бир куннинг ўзида 3 миллиондан зиёдга кўпайди.

Нурмагомедовнинг бу муштлашув туфайли ҳали қийин муаммолар билан юзлашажагини кўплаб экспертлар ва спорт шарҳловчилари олдиндан қайд қилган эди.

Жангдан сўнг ташкилланган матбуот конференциясида Нурмагомедов муштлашув келтириб чиқаргани юзасидан оммадан кечирим сўради ва қуюшқондан чиқишига Макгрегорнинг ҳақоратлари сабаб бўлганини таъкидлади.

«Тушунмайман, нега одамлар мени тўсиқдан қандай сакраб ўтганимни гапиряптилар? Унинг диним, ватаним, отам ҳақида айтганларичи?» деган эди Нурмагомедов.

Айни вақтда Нурмагомедовнинг ахлоқини кўплаб инсонлар танқидга тутган. Масалан, UFC'нинг собиқ вақтинчалик чемпиони Колби Ковингтон Twitter саҳифасида россиялик жангчига нисбатан кескин сўзларни ишлатган ҳолда, бундай ахлоққа эга спортчи билан аралаш жанг санъати 20 йил ортда қолиб кетишини таъкидлаган.

USA Today нашри колумнисти Мартин Рожерс Ҳабибнинг ўзини тутишини "ахлоқсиз ва шафқатсиз," дея тасвирлаган.

Ирландиялик жангчи Конор Макгрегор Ҳабиб билан реваншни кутаётганини билдириб, юқоридагиларга нисбатан қисқа изоҳ билан чекланган.

Ўзбек отахони: Беномуслик, ўғрилик қилмайман, борига шукр, дейман

Уста Ғайбуллонинг ёши етмишларни қоралаб қолган. Аммо ҳануз устачилик қилади.

Шу ёшида ва дарбадарликда 12 жондан иборат оиласини ана шу ҳунари орқали боқади.

Отахон ҳали Покистонда дарбадар экан, пайвандчилик ҳунарини ўрганган.

Рикша ҳайдаб, кунига уч-тўрт танга пул топиб келадиган ўғли сал жонига оро кирмаса, бошқа суянадиган ҳеч кими йўқ.

"Зўрға умргўзаронлик қилишади..."

Отахон асли Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятидан.

Аммо тинимсиз урушлар, устма-уст қурғоқчиликлар сабаб, яна дарбадарликка юз тутган.

Бу гал уй-жойини сотиб, бутун оиласи билан Мозори Шарифга қочиб келган, бу ерда ижарага уй олган.

Ҳовлисини сотиб, олган пулига бу ерда кичкинагина устахона очган, битта шогирд тутган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистон, Афғонистон ва ўзбеклар: Бизга Худонинг раҳми келсин...

Ўзбекистон, Афғонистон ва ўзбеклар: Ўзбекча тўн, ўзбекча чопонни чет эл пальтосига алишмайман

Бунақаси кузатилмаган: Кобулда ўзбекча плакатлар пайдо бўлди

Ғайбулло ота устачилик қилиб, кунига 8-10 долларча пул топади, топган пулини асосан нонга харжлайди.

Ҳатто, шунда ҳам, арзонроқ тушсин, деб, ноннинг суви қочганларидан олади.

Отахон ҳар доим ҳам иши ўнгидан келмаслиги, насияга устачилик қилган ҳоллари кўп эканидан ҳам шикоят қилади.

Ойлик даромадидан 40 долларини уйнинг ижарасига беради.

Бармоқлари ярали, оёғи заҳм еган бўлса-да, докторга ҳам чиқмайди, шу ҳолича ишлайверади.

"Чунки бунга имконим йўқ, иложсизман, нима қилай", - дейди у киши.

Дарбадарлик ҳаёти ва қўллари калталиги боис, ҳатто, болаларининг таҳсили ҳам чала қолган.

Аммо, шунча қийинчиликларга қарамай, барибир, Мозори Шарифда қоламан, дейди Ғайбулло ота.

Отахоннинг сўзларидан англашилишича, тақдирга тан беришдан бошқа чоралари йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Сўнгги йилларда Афғонистон аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиққан.

Устига устак, кетма-кет кузатилаётган қурғоқчиликлар одамларни жуда қийин аҳволда қолдирган.

Ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазият ва ҳам табиий офатлар сабаб, минглаб одамлар дарбадарликка юз тутишган.

Уларнинг орасида қишнинг қирчиллама совуғида бутун оиласи билан қўлбола чодирларда яшаётганлари ҳам бор.

Ҳозирга қадар бутун Афғонистон бўйлаб сонлари юз мингларга нисбат берилувчи бу каби ички қочқинларнинг тақдири афғон ҳукумати қолиб, халқаро ҳамжамиятнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ҳар йили бу каби дарбадар инсонларга кўмак бериш учун катта миқдордаги молиявий кўмакка оид мурожаатлар янграйди.

Айниқса, қиш ойларида, агар, жадаллик билан ёрдам кўрсатилмаса, Афғонистонда инсоний инқироз юз бериши мумкинлигидан хавотирлар билдирилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Афғонистоннинг шимолий-шарқий минтақаларида азал-азалдан катта сондаги ўзбеклар ҳам истиқомат қилиб келишган.

Узоқ йиллик қуролли низолар сабаб, уларнинг аниқ сонларига оид маълумотлар имконли эмас.

Аммо турли манбаларда Афғонистондаги ўзбекларнинг сони бир неча миллионга нисбат бериб келинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek