Ўзбеклар, дунё ва тақдирлар: 10 минг одамга ёрдам берган ўзбек

Қаҳрамонимиз 40 ёшда. Оддий ишчи ва уста. Аммо ўтган икки йилнинг ўзида минглаб одамнинг оғирини енгил қилган, масжидлар қурган, қудуқлар қаздирган, мадрасаю касалхоналарга ёрдам қилган.

Ҳожи Абдураҳмон Башар Дўст Фарёбдаги бармоқ билан санарли кўнгилли хайрия ташкилотларидан бирининг асосчиси бўлади.

Марказий Осиёга бевосита чегарадош Фарёб Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиқиб бўлган иккита шимолий вилоятидан биттаси саналади.

Фарёб азал-азалдан мамлакатнинг ўзбеклар зич яшовчи вилоятларидан бири бўлиб келган.

Вилоятдаги давомий қуролли низолар сабаб, минглаб инсонлар ўз турар-жойлари, бор будларини ташлаб чиқишган, Фарёб маркази Майманадан бошпана топишган.

Ўзбекистонга бевосита чегарадош нисбатан тинч Балх каби вилоятларга ҳам йўл солишган.

Мухбиримиз Шафийбек Ўғлига кўра, бу каби зўравонликлардан Фарёбнинг 70-80 фоиз аҳолиси у ёки бу шаклда зиён кўрган, жабр чеккан.

Қаҳрамонимиз ҳожи Абдураҳмон Башар Дўстнинг айтишича, ҳали оддий ишчи экан, бўш вақтларида шаҳар касалхонасидаги беморларнинг аҳволларидан хабар олиб турган.

Хайрия ишлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Устачиликни йиғиштириб, хайрия ишлари билан шуғулланишига бувисининг қўлида қолиб, айни шу касалхонада давосиз хасталикдан вафот этган 10 ёшли болакайнинг ўлими сабаб бўлган.

Саккиз жондан иборат оиласининг ягона боқувчиси бўлган Ҳожи Абдураҳмон Башар Дўст ўз номида хайрия ташкилоти очишга қарор қилган.

Унинг бу ташаббусига майманалик ўндан ортиқ зиёли ва фаоллар ҳам бош қўшишган, бунинг ортидан, ҳаммалари бир бўлиб, хайрия ишларини бошлаб юборишган.

Дўконма-дўкон юриб, пул бўладими, кийим-кечак, пойафзал ёки озиқ-овқат - дўкондорлардан хайрия йиғишга тушиб кетишган.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, ўтган бир ярим йил ичида ўн мингдан ортиқ одамга ёрдам беришган.

Касалхона, шифохона, мадрасалар ҳам уларнинг эътибори ва кўмагидан бир четда қолмаган.

Йиққан пулларидан аҳолига бир нечта масжид ҳам қуриб беришган, сувга эҳтиёжманд одамлар учун қудуқлар ҳам қаздиришган.

Ҳожи Абдураҳмон Башар Дўстнинг сўзларидан маълум бўлишича, ёрдам пули илинжида бир неча бор Саудия Арабистони ва Эронда ҳам бўлган.

Бу давлатлардаги ўзига тўқ афғонларни ҳам ўзларининг хайрия ишларига жалб қилишга ҳаракат қилган.

Сарфланган ҳар бир тийин учун саховатпешаларга бирма-бир ҳисоб беришни ҳам йўлга қўйишган.

Эътибор ва эътироф

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Мухбиримизнинг айтишича, бу кўнгилли хайрия ташкилотининг қилаётган ишлари афғон масъулларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Масъуллар ҳам уларни имкон қадар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга киришишган.

Ўндан ортиқ кишининг бу қадар кўламдаги хайрия ишлари аллақачон давлат расмийларидан тортиб, жамоатчилик ташкилотлари ва сиёсий ҳаракатларнинг эътирофларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Бугунга келиб, ҳожи Абдураҳмон Башар Дўстнинг хайрия ташкилоти улардан олган мақтов ёрлиқларининг сони камида 20 га етган.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, умрининг сўнггига қадар шу иш билан шуғулланишга қарор қилган ва ўзининг бу аҳди, ниятида қатъий қолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek