Ўзбеклар ва дунё: Давлат халқнинг додига етсин

На бошпанамиз бор, на кигиз, на кўрпа-тўшак...

Уч-тўрт бола совуқдан ўлди, яна тўрт-бештаси касалхонада...

Ёрдам бериш учун на пулимиз, сотиб, амаллайлик, десак, на бирор будимиз бор...

Омонуллоҳ ака Ҳирот шарқидаги қочқинлар жамлоғидан бошпана топган ўн минглаб қочқинлардан бири.

У киши асли Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятидан.

Аммо тинимсиз жанглар ва устма-уст қурғоқчиликлар сабаб, турар-жойини ташлаб, дарбадарликка юз тутишга мажбур бўлган.

Қарийб тўрт йилдирки, Омонуллоҳ ака оиласи билан бу ердаги қочқинлар жамлоғида ана шундай шароитда яшаб келади.

Ўтган ҳафта Ҳиротда кузатилган тинимсиз ёғингарчиликлар жамлоқдаги ўн минглаб қочқинларнинг ҳаётини янада қийинлаштирган.

Қўлбола чодирлардан сув ўтиб, одамлар маҳаллий масжидларга бориб, тунни ўтказишга мажбур бўлишган.

Ҳиротдаги мухбиримиз Ҳумоюн Хадиднинг хабар беришича, бу ерда на мактаб, на касалхона бор.

Одамлар ишлаб, уч-тўрт танга пул топай дейишса, на иш, ҳатто, мардикорчилик ҳам имконсиз, дейди мухбиримиз.

Маълум бўлишича, жамлоқдаги шунча одамнинг куни айрим халқаро ёрдам ташкилотлари, саҳоватпешалар ва давлатнинг онда-сондалик кўмакларига қараб қолган.

Ички қочқинлар...

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биргина Ҳирот вилоятининг ўзида ички қочқинларнинг сони ўтган икки-уч йилнинг ўзида қарийб 400 мингга етай, деб қолган. Ўнлаб янги қочқинлар жамлоқлари пайдо бўлган.

Суҳбатдошларимиз эса, биз билан суҳбатда, "Давлат додимизга қулоқ тутсин", дея нолишади.

Афғонистонлик масъулларга кўра, бунча сондаги одамга ёрдам беришнинг ўзи имконсиз.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, толибларнинг, айниқса, Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида анчайин фаоллашгани кузатилади.

Сўнгги йилларда бу минтақалар устма-уст қурғоқчилик ва сув тошқинларига ҳам саҳна бўлган.

Мавжуд вазият сабаб, бу минтақаларни ташлаб, дарбадарликка юз тутишга мажбур бўлаётган инсонларнинг сони кескин ортган.

Улардан аксарияти, йилларки, ҳаминқадар аҳволда, очиқ ҳавода, қўлбола чодирларда ва ёки қўни-қўшни, қариндош-уруғлариникида яшашдан ўзга чоралари йўқ бир аҳволда.

Қадим-қадимдан бу ерларда катта сондаги ўзбеклар ҳам яшаб келишади.

Видеолавҳамизни кўринг, маъқул, деб топсангиз улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг.

Сизнингча, нима қилмоқ керак?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Ўзбеклар ва дунё: Ўқиёлмадим, аммо кунига камида 100 доллар топаман

Убайдулло бор-йўғи 25 ёшда. Оилада саккиз фарзанднинг тўнғичи. Эсини танибдики, каллапазлик қилади. Аммо топиш-тутиши яхши.

Бир укасини ўзининг ёнига, емакхонага ишга олган. Яна бири рикша ҳайдайди.

Жаъми 10 жондан иборат оилаларининг тирикчилиги ана шу учовлоннинг топган даромади орқасидан ўтади.

Убайдуллонинг айтишича, оиласининг қўли калталиги сабаб, ўқий олмаган. Аммо бугунги ҳаёти, топиш-тутишидан шикоят қилмайди, мамнун.

Қаҳрамонимиз ҳозир ўттиз кишилик оилавий емакхонани юритади. Қўлида яна ўн киши ишлайди.

Уларнинг ойлик маошлари, емакхонанинг ижара ҳақи ва калла-пойчаси учун қассобга кетадиган пулдан ташқари кунига 70-75 доллар пул ёнига қолади.

Убайдуллога кўра, мижозлари кўп, емакхоналарига кунига юздан ортиқ киши келади.

Бошқа таомларга нисбатан арзон экани боис, улар пишираётган калла-пойчани анчайин ночор одамлар ҳам ўзларига эп билишади. Ҳеч бўлмаганда, шўрвасини олишади. Шу билан қорин тўйдиришади.

Шаҳарликлар...

Мозори Шарифдаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, сўнгги йилларда шаҳар аҳолиси нисбатан қашшоқлашган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашаркан, анчайин тинч ва обод, деган умидда Мозори Шарифга бош уриб келаётган одамларнинг сони ортган.

Четдан минглаб одамларнинг оқиб келиши шаҳар иқтисодий ҳаётини издан чиқариб, тижорат ва одамларнинг даромадларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаган.

Устига устак, Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бўлган Балх вилоятининг ўзида ҳам сўнгги пайтларда толиблар фаоллашган, унинг маркази Мозори Шариф қатор қонли ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.

Мухбиримизнинг айтишича, худди шу боис ҳам, ҳозир шаҳарда Убайдуллоларникига ўхшаш емакхоналарнинг сони кескин ортган.

Қаҳрамонимиз ҳам бу каби шароитда шу ишини давом этдириш, барча орзу-умидларини бир четга суриб қўйишдан бошқа чораси йўқлигини эътироф этмай қолмайди.

Унинг энг сўнггида уялибгина қўшимча қилишича, оиласи ўзини яқинда бир қизга унашиб қўйишган, ҳозир тўйи учун ҳам пул йиғмоқда.

Убайдулло билан Мозори Шарифдаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбон суҳбатлашган.

Кўринг, маъқул деб топсангиз улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Ўзбеклар ва дунё: Ишлай десак, иш қани? Муҳожир, мардикор ва дарбадар

Қаҳрамонимиз Муҳаммад Шариф мардикор, олти фарзанднинг отаси.

Ортда қолган оиласини боқиш учун бугун ҳар қандай қора юмушни ҳам қилишга рози.

"Аммо қани ўша иш, ҳатто мардикор учун иш йўқ", - дейди у Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

У асли Афғонистоннинг Марказий Осиёга яқин шимолий Сарипул вилоятидан.

Аммо иш ва тўрт танга пул илинжида мардикорчиликка юз тутган.

Сарипулни ташлаб, иш кўпдир, деган умидда олти юз чақирим узоқликдаги пойтахт Кобулга келган.

Қарийб уч йилдирки, мардикорчиликда банд, аммо кутган умидлари ўзини оқламаган.

"Баъзида эртадан кечгача харидор кутса-да, биров иш бор, деб келмайди".

Ортда қолган оиласи уёқда турсин, ўз қорнини тўйғазишга ҳам қийналади.

"Тасаввур қилинг, ойида бор-йўғи икки кун ишлабман", дейди ҳатто бу каби аҳволидан ўзи ҳам ҳайратларини яшира олмай.

Ўзбеклар, дунё ва тақдирлар: 10 минг одамга ёрдам берган ўзбек

Дунё, ўзбеклар ва тақдирлар: Худо меҳрибон, қорнимиз тўқ, устимиз бут

Ўзбекистон ва дунё: Ўзбеклар қаршисида танлов - "Нонми, жонми ва ё сиёсат"?

Сарипул

Фото муаллифлик ҳуқуқи STRDEL

Сарипул Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жадаллик билан издан чиқиб бўлган учта шимолий вилоятидан биттаси бўлади.

Бу вилоятда азал-азалдан асосан ўзбеклар иқтиқомат қилиб келишган.

Сарипул, бундан ташқари, Афғонистоннинг аҳолиси катта сонда бўлган шимолий вилоятларидан бири ҳам саналади.

Имконли бўлган очиқ манбаларда Сарипул аҳолисининг сони бугун ярим миллиондан ортиши айтилади.

Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақалари эса, бу мамлакатнинг, айниқса, сўнгги йилларда исёнчилар ҳужумидан энг кўп жабр чекаётган асосий ҳудудларидан бири бўлади.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, йил сайин ёмонлашиб бораётган хавфсизлик билан боғлиқ вазият маҳаллий одамларнинг тирикчиликларига ҳам салбий таъсир қилмай қолмаган.

Ишсизлар ва тўрт танга илинжида ички ва ташқи муҳожиратни афзал билаётган сарипулликлар сони ҳам кескин ортган.

Ишсизлик хавфсизлик ва коррупция қаторида ҳали-ҳануз Афғонистон қаршисида турган учта энг асосий ва долзарб муаммодан биттаси бўлади.

Кобулдан мухбиримиз Шафийбек Ўғлининг хабар беришича, бу муаммо йил сайин янада кучайиб бормоқда.

Ишсизлар сафи жадаллик билан кенгайиб, уларнинг қаторига бугун ўқимишли қатлам ҳам қўшилмоқда.

Унинг айтишича, айнан ишсизлик сабаб, муҳожиратга юз тутган афғонларнинг яна катта сонда ортга қайтиши ҳам сўнгги йилларда мазкур муаммони янада чуқурлаштираётган сабаблардан бирига айланган.

Аксарият ишсиз афғонлар учун муваққат меҳнат бозори вазифасин ўтаётган қўшн Эрон ва Покистон уларни мажбуран ортга қайтаришни бошлаган.

Расмийлар нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Ҳатто, Афғонистон Иш ва меҳнат вазирининг ўзи келтираётган расмий рақамлар ҳам буни тасдиқлайди.

Вазир Файзулла Закийнинг айтишича, мамлакатда ҳар йили бир миллионга яқин одам ишсизлар сафини тўлдиради.

Аммо, унинг эътироф этишича, бунча сондаги одамга иш топиб беришнинг ўзи имконсиз.

"Миллионлаб янги иш ўринларини яратиш учун миллиардлаб доллар пул керак", - дейди у.

Биргина расмий рақамларнинг ўзида бугун Афғонистондаги ишсизларнинг сони қарийб икки миллионга нисбат берилади.

Афғонистонлик масъулларга кўра, мамлакатдаги ишсизлик муаммосига барҳам бериш учун хусусий секторни кучайтириш керак.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият назарда тутилса, жорий пайтда бу имконсиз бир ишдан ўзга нарса эмас.

Афғонистонда меҳнатга қобилиятли одамларнинг сони расман 15 миллионга нисбат берилади.

Маълум бўлишича, улардан ярмига яқини ишсиз ва бу каби инсонларнинг аксарияти хотин-қизлар бўлишади.

Худди шу манзарада пойтахт Кобулдаги мардикор бозорларининг сони ҳам жадаллик билан ортиб бормоқда.

Бугун Кобулнинг деярли ҳар бир чорраҳасида бу каби бозорлар кўзга ташланади.

Уларни ҳар йили бутун Афғонистондан келаётган минглаб янги мардикорлар тўлдириб бормоқда, дейди мухбиримиз Шафийбек Ўғли.

Ҳарбий экспертлар эса, айнан қашшоқлик ва ишсизлик Афғонистонда исёнчилик муаммосини янада оловлантириб юбориши мумкинлигидан хавотирдалар.

Уларга кўра, бу икки муаммони жадаллик билан енгиллатиш, Афғонистон иқтисодини оёққа қўйишга жиддий эътибор қаратиш - афғон можаросига барҳам беришнинг энг муҳим ва самарали йўлларидан биттаси бўлади.

Видеолавҳамизни кўринг, маъқул, деб топсангиз улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг.

Шу ўринда бугун Ўзбекистонда иш топиш имкониятларини қандай, деб баҳолайсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek